Ўзбекистон | 18:11 / 15.03.2020
49552
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда барча диний маросимларни вақтинча чеклаш тавсия этилди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси мамлакатдаги диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат билан чиққан.

Ўзбекистон бош вазир Абдулла Арипов барча диний ташкилотларга диний йиғинларни вақтинча ўтказмаслик бўйича илтимос билан мурожаат этилганини маълум қилди.

«Яна битта масала бор, илтимос қилмоқчимиз, тавсия қилмоқчимиз. Диний идоралар томонидан ҳам турли диний маросимларни чеклаш масаласи кўриб чиқилишини илтимос қилмоқчимиз. 

Фақат мусулмонлар идорасидан эмас, ёки фақат христианлар идорасидан эмас, барча диний конфессиялардан илтимос қилмоқчимиз.

Европадаги барча мамлакатларда, Осиёнинг кўплаб мамлакатларида диний маросимларни чеклаш бўйича қарорлар қабул қилиняпти.

Биз бундай қарор қабул қилмаймиз. Шундай тавсиямиз билан мурожаат қилиб чиқдик, кўриб чиқилади деган ниятдамиз.

Чунки бу уларнинг ҳам зиммасига тушган синов», деган бош вазир.

Kun.uz манбаси хабар беришича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан яқин вақтлар ичида бу масала бўйича қарор қабул қилиниб, жамоатчиликка эълон қилинади.

Мавзуга оид