Ўзбекистон | 08:20 / 17.03.2020
46012
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус таъсири: Водийнинг уч вилояти бозорларидаги нархлар қандай?

 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус аниқлангани ортидан бирламчи истеъмол товарларига бўлган талаб ошди. 16 март куни бозорлардаги нарх-наво билан қизиқиб, Наманган, Фарғона ва Андижоннинг гавжум бозорларида бўлдик.

Водий аҳолиси 15 март куни тушдан сўнг ва 16 март куни эрталаб биринчи навбатда ун, картошка ва ўсимлик ёғини кўп миқдорда сотиб олиши кузатилган. Оқибатда, айнан мана шу маҳсулотларнинг харид нархлари бироз кўтарилган.

Наманган, Сардоба бозори

 

Наманган шаҳридаги Сардоба бозори Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, Ўзбекистонда коронавирус аниқлангач, бозорда асосан ўсимлик ёғига талаб ортган – 5 литрли ёғ 4-5 минг сўмга қимматлаган, бир харидорга 10 литрдан кўп ёғ сотилиши чекланган. Ун дўконлари олдида кичик навбатлар юзага келган, аммо нон нархи ошмаган. Картошка асосан 4 минг сўмдан сотиляпти. #vahimasizkarantin

Posted by Kun.uz on Monday, March 16, 2020

Сардоба бозори – Наманган шаҳридаги энг гавжум бозорлардан бири. 15 март куннинг иккинчи ярми бозорда асосан картошка, ўсимлик ёғи, пиёз учун навбатлар пайдо бўлган ва нархлар кўтарилган.

Улгуржи ўсимлик ёғи сотиладиган жойда бироз навбат бор экан.

Шу кунгача 3 минг сўмдан сотилган картошка ўша куни 6-7 минг сўмга чиққан.

Душанба куни бозордаги ҳолат:

Картошка (маҳаллий) – 3000-3500 сўм

Картошка (импорт) – 4000-4500 сўм

Ўсимлик ёғи (4 килоли идишда) – 39 минг

Пиёз – 2000-2500 сўм

Сабзи – 1500-2000 сўм.

Бозор ичида ун сотилмас экан. Бозор атрофидаги ун расталаридаги нархлар билан қизиқдик. Дўконлар атрофида харидорлар кўп. Савдогарлар олий нав унни қопда сотишмаётганини, фақат килограммини 5 минг сўмдан сотаётганликларини айтишди.

Биз борган пайт биринчи навли Қозоғистон ва маҳаллий биринчи навли унлар қолмаган экан. Савдогар йигит «бошқа турдаги ун йўқ»лигини айтди.

Нон расталаридаги нархларда эса ўзгариш йўқ.

Шаҳар ичидаги дорихоналарда тиббий ниқоблар сотувда қолмаган. Антисептик воситалар ҳам топилмади.

Марғилон бозори

 

Марғилон деҳқон бозори Якшанба кунги коронавирус хабаридан кейин, уннинг арзон навлари тезда сотилиб кетган, картошка нисбатан арзон – 3 килоси 10 минг сўмдан сотилмоқда. #vahimasizkarantin

Posted by Kun.uz on Monday, March 16, 2020

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида бўлдик. Марказий деҳқон бозорида 16 март тушдан кейин одам сийраклашиб қолибди. «Кеча ва бугун эрталабда харидорлар роса кўп бўлди», дейишди бозордаги сотувчилар.

Нарх-наво ўтган куни кўтарилиб, сўнг бироз яна тушган. Короновирус хавфидан олдин картошка 3 минг сўм бўлган бўлса, айни пайтда 4 минг сўмдан сотилмоқда.

Деҳқон бозори ичидаги ярмаркада 3300 сўмдан картошка сотилаётганига гувоҳ бўлдик.

Ўсимлик ёғининг 4 кило идишга қадоқланганининг нархи 39 минг сўмдан 41 минг сўмга кўтарилган.

Ун нархлари ҳам ўзгарган: биринчи нав Қозоғистон унининг бир қопи 180 минг сўмдан 210 минг сўмга юқорилаган.

Картошка – 4000 сўм

Картошка (бозор маъмурияти томонидан ташкил қилинган ярмаркада) – 3300 сўм

Ўсимлик ёғи (4 килоли идишда) – 41 минг сўм

Пиёз – 2000-2500 сўм

Сабзи – 2000 минг сўм.

Ун дўконидаги савдогарларнинг айтишича, 15 март куни кўплаб харидорлар 5-10 қопдан ун сотиб олишган.

«Кеча, дўконимизда бир қоп ҳам ун қолмади. Ҳозир ҳам маҳаллий Фарғона, Қўқон унлари йўқ, Қозоғистон унини сотяпмиз», дейди дўкончи йигитлар.

Қозоғистон буғдой унининг олий нави – 5000 сўм, биринчи нави эса 4500 сўм.

Бозор атрофидаги дорихонага кириб, ниқоб сўрадик. «Ниқобга талаб катталиги сабаб, ҳаммаси сотилиб кетди. Ўзимизнинг марли-докалардан тикилганини минг сўмдан сотдик. Ҳозир сотувда ниқоб йўқ.

Антисептик воситалар ва хлорни ҳам аҳоли ғамлаб оляпти», дейди дорихона сотувчиси.

Андижон Янги бозорида

 
Андижон шаҳридаги Янги бозор

Андижон шаҳридаги Янги бозор Андижон шаҳрида асосан картошкага талаб ошгани кузатилган. Шундан бўлса керак, мазкур сабзавотнинг нархи короновирус хавфи эълон қилингандан сўнг бир ошиб, сўнг пасайган. Ўтган кунларда 3 минг сотилаётган картошка бугун 5500-6000 сўмга чиқиб олибди. Бозор маъмурияти томонидан ташкил қилинган юк машинасида сотилаётган картошканинг нархи 4500 сўм. Маҳаллий арзон нархдаги буғдой унлари сотувда қолмабди. Уннинг нархи, навига қараб бир килограмми 3600 - 5000 сўмдан сотилмоқда. Ўсимлик ёғининг 4 килограммлик идишдагиси 40 минг сўм. #vahimasizkarantin

Posted by Kun.uz on Monday, March 16, 2020

Андижон шаҳрида асосан картошкага талаб ошгани кузатилган. Шундан бўлса керак, мазкур сабзавотнинг нархи короновирус хавфи эълон қилингандан сўнг бир ошиб, сўнг пасайган.

Ўтган кунларда 3 минг сотилаётган картошка 5500-6000 сўмга чиқиб олибди. Бозор маъмурияти томонидан ташкил қилинган юк машинасида сотилаётган картошканинг нархи 4500 сўм.

Ўсимлик ёғининг 4 килограммлик идишдагиси 40 минг сўмдан сотилмоқда.

Картошка – 5500-6000 сўм

Картошка (бозор маъмурияти томонидан ташкил қилинган ярмаркада) – 4500 сўм

Ўсимлик ёғи (4 килоли идишда) – 40 минг сўм

Пиёз – 2000-2500 сўм

Сабзи – 1500-2000 сўм.

Деҳқон бозори ёнидаги кўчага жойлашган ун расталарига ўтдик. Маҳаллий арзон нархдаги буғдой унлари сотувда қолмабди. Уннинг нархи, навига қараб бир килограмми 3600-5000 сўмдан сотиляпти.

Андижон дорихоналаридан ҳам ниқоб топишнинг иложи бўлмади. Антисептик моддаларнинг айрим арзон турлари қолган холос. Ниқоб 15 март куни 1,5 минг сўмдан сотилган экан.

Элмурод Эрматов, Сарварбек Назаров.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзуга оид