Ўзбекистон | 12:31 / 19.03.2020
107153
2 дақиқада ўқилади

Пойтахтдаги “16” ва “1-горбольница” шифохоналари ёпилгани ростми?

РШТЁИМ шифокорлардан бири ўзида коронавирус аломатлари борлигидан шубҳа қилгани боис у ишлаётган бўлим маълум муддат ёпилди. 1-клиник шифохона эса Туркияга борганини яширган беморда вирус тасдиқлангани учун карантинга олинди.

Фото: policliniki.uz

Ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) ва Тошкент шаҳар «Ибн Сино» номли 1-сон клиник шифохонаси карантин туфайли ёпилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Фурқат Санаевдан изоҳ сўради.

«Бу маълумотларда фақат қисман асос бор. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг бир бўлимидаги шифокор ўзида коронавирус инфекциясига шубҳа қилганлиги боис ўша бўлим маълум муддат эҳтиёт чораси сифатида карантинга олинди. Аммо ихтисослашган таҳлиллар натижаси шифокорда ушбу инфекция йўқлигини кўрсатгандан кейин марказ бўлимидаги ушбу тартиб бекор қилинди. Айни пайтда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази одатдагидек узлуксиз фаолият кўрсатмоқда.

1-сон шаҳар клиник шифохонасига келсак, коронавирусга гумон қилиниб, кейинчалик Республика Вирусология илмий текшириш институти клиникасида ушбу ташхис тасдиқланган фуқаро маълум вақт шу шифохонада бўлган.

Аммо бир нарсани таъкидлашни истардимки, бу айни ўша пайтда коронавирус тарқатди, деган якуний хулоса эмас. Фақат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларига мувофиқ равишда ва қатъий эҳтиёт чораси сифатида бу шифохона маълум муддат карантинга олинди. Яқин кунларда даволаш ишлари яна ўз изига туширилади. 

Имкониятдан фойдаланиб, яна бир бор эслатиб ўтамиз, вазирлигимиз бу борада барча расмий маълумотларни очиқ, ошкора соатма-соат оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бормоқда. Шу боис, аҳолидан миш-мишларга ишонмасликларини сўраб қоламиз», дейди вазирлик расмийси.

Мавзуга оид