Ўзбекистон | 21:46 / 23.03.2020
139293
3 дақиқада ўқилади

Тошкент карантинга ёпилмоқда. Батафсил маълумот берилди

24 март кунидан бошлаб, Тошкент шаҳрига ҳар қандай транспорт воситасида кириш ва чиқиш тўхтатилади.

Бу ҳақда Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинди, деб маълум қилди ИИВ матбуот хизмати бошлиғи Ш.Ғиёсов.

Унга кўра:

  • Тошкент шаҳрига юк ташиш мақсадида кириш ва чиқишга чеклов бўлмайди; 
  • Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган фуқаролар ҳамда чет эл фуқаролари ўзларининг шахсий транспорт воситаларида Тошкент шаҳрига киришлари мумкин. Бироқ Тошкент шаҳридан чиқиш учун чеклов ўрнатилади;
  • пиёдалар учун Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга тўсиқ қўйилмайди.

«Мазкур чеклов чоралари юзасидан махсус комиссия томонидан мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларга ишчи ва ходимларини масофадан ишлаш тизимига ўтказиши, меҳнат таътилини бериши ёки ходимнинг иш вақтини қисқартирилган шароитга (масалан, кунига 4 соатлик иш режими) ўтказиши ёхуд иш ҳақи сақланмаган ҳолда ўз ҳисобидан таътил бериши тавсия этилган», – дейилади ИИВ хабарида.

Айни пайтда, «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Ҳукумат қарори ҳам эълон қилинди.

Унга асосан, бошқа ҳудудлардан Тошкент шаҳрига кириш (автобус, микроавтобус, енгил автотранспорт, авиақатновлар ва темир йўл орқали) 24 мартдан бошлаб тўхтатилади. Қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

  • Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахслар;
  • Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Тошкент шаҳрида меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ходимлари (нодавлат ташкилотларда – иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида);
  • юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга рухсат берилади.

Тошкент шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги шаҳарда фаолият юритаётган (мулкчилик шаклидан қатъий назар) корхона ва ташкилотларга мурожаат билан чиқди.

Тошкент вилоятида истиқомат қилиб, Тошкент шаҳрида меҳнат қилаётган фуқароларнинг корхона ва ташкилотларига келиши ва кетиши бўйича барча ишлар 24 мартдан бошлаб «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан шартнома асосида амалга оширилади.

  • «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан тақдим этилаётган автобусларнинг ҳар бири махсус таниқлилик белгиси (эмблема), йўловчининг тана ҳароратини ўлчаш учун тепловизор билан жиҳозланади.
  • Шунингдек, ҳар бир автобус ҳар куни дезинфекция қилиниши тўлиқ таъминланади.
  • Ҳар бир йўловчининг тана ҳарорати автобусга киришдан камида 5 метр масофада ўлчанади ва ҳарорати юқори бўлган йўловчи автобусга чиқарилмайди.

Барча масалалар бўйича «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга 712441863 ва 712335147 телефон рақамлари орқали мурожаат этиш мумкин.

Мавзуга оид