Ўзбекистон | 15:26 / 26.03.2020
42115
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 63853 киши карантинда сақланмоқда – ИИВ

27 февралдан 26 мартга қадар Ўзбекистонга хориждан келган 850 798 нафар фуқаро чегара хизмати ва тиббиёт ходимлари билан биргаликда кўрикдан ўтказилди, деб маълум қилди Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати.

Фото: KUN.UZ

Тиббий кўрик давомида эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан келган 85 784 нафар шахс аниқланиб, яшаш манзили бўйича 14 кунлик тиббий кузатувга юборилган.

Бугунги кунда карантинга олинганларнинг 21 931 нафари ССВнинг хулосаси асосида тиббий кузатувдан чиқарилган, 63 853 нафари айни пайтда карантинда қолмоқда.

Тиббий кузатувдаги шахслардан 13 753 нафари шифохонада, 50 100 нафари уй шароитида сақланмоқда.

Уй шароитида карантин ўтаётган фуқаролар белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, карантин тартибини бузиб ташқарига чиқишларининг олдини олиш мақсадида ҳар бир уйга бир нафардан, жами 9564 нафар профилактика инспектори бириктирилган.

Махсус ажратилган даволаш муассасаларида «умумий карантин»да сақланаётган, тиббий кузатувдаги шахсларнинг белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, карантин тартибларини бузиб ташқарига чиқишларининг олдини олиш мақсадида, ушбу масканлар Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳамда Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари томонидан қўриқловга олинган.

Ҳозиргача 18та авиа ва 14та темир йўл рейслари орқали хорижий мамлакатларда бўлган 7194 нафар ўзбекистонлик мамлакатга олиб келиниб, тўлиқ карантинга олинган.

Улар 36та тиббиёт муассасасига жойлаштирилган. 

Коронавирус инфекцияси асосан Тошкент шаҳри ҳудудида аниқланганини инобатга олиб, инфекция республиканинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида бошқа ҳудудлардан Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириб келиши тўхтатилди.

Бунинг учун республика бошқа ҳудудларида 2018 йил май ойида фаолияти тўхтатилган 17та ЙПХ масканининг ҳамда 8та блок ва тўсиқ постларнинг фаолияти вақтинча тикланди.

Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 6та ЙПХ маскани, 14та блок ва тўсиқ постларда ҳамда Тошкент вилоятининг шаҳар билан чегара ҳудуларидаги 10та блок ва тўсиқ постларда ходимларнинг хизмат фаолияти кучайтирилган.

Шунингдек, Тошкент вилояти ҳудудидан автотранспорт воситаларининг Тошкент шаҳрига кириб келиши мумкин бўлган 61та айланма йўллар аниқланиб, ушбу йўллар ёпилиш чоралари кўрилди.

Республика бўйича жами 46та ЙПХ маскани, 41та блок ва тўсиқ постларда хизмат олиб бораётган ходимларнинг фаолияти кучайтирилди. Уларга ички ишлар органлари, Мудофаа вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ходимлари хизматга жалб этилмоқда.

Барча постларга Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг ходимлари жалб этилиб, транспорт воситаларини дезинфекция қилиш ишлари йўлга қўйилган ҳамда Тошкент шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилган.

Мавзуга оид