Ўзбекистон | 16:30 / 12.04.2020
46604
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус оқибатида ҳаво тозаланиши: бундан қандай хулоса чиқариш керак?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 4,2 миллион нафар инсон ҳаво ифлосланиши таъсиридаги турли касалликлардан вафот этади. Шундан 1 миллиондан ортиғи биргина Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Фото: Zhang Peng

Бир қатор олимлар сўнгги вақтларда дунёнинг аксар давлатларида амал қилаётган карантин режими – саноат корхоналари фаолиятининг тўхтатилиши, транспорт ҳаракатининг чекланиши экология манфаати учун хизмат қилиш мумкин, деган қарашни илгари суришмоқда. 

CNBC телеканали коронавирус пандемиясининг экологияга таъсири хусусида иқлимшунос мутахассисларнинг мулоҳазаларини тақдим этди.

«Инсон атроф-муҳитга бепарволарча муносабатини ўзгартиришга мажбур бўлади»

Стенфорд университети ассистент-профессори Маршалл Бурк, пандемия инсониятнинг табиатга бўлган муносабатини ўзгартириш учун сабоқ беради, деб ҳисоблайди.

– Касаллик, ўлимлар иқтисодий беқарорликни келтириб чиқаряпти, соғлиқни сақлаш соҳасига жиддий таъсир қиляпти. Aммо биз бу жараённи бошқара олмаймиз. Пандемия оқибатида иқтисодий, ижтимоий ва тиббий соҳадаги харажатлар борган сари катталашиб бораверади. Биз ҳозирги вазият бизга қандай сабоқлар беришини ўйлашимиз керак.

Маршалл Бурк, Стенфорд университети ассистент-профессори
Фото: stanford.edu

Карантин даврида инсон фаолиятининг аксарият кўринишларида масофавий ишлаш тизими жорий қилинди. Ва бу яхши. Транспортдан заҳарли газларнинг ишлаб чиқариш қисқарди. Тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, технологиялардан фойдаланиб ишни масофавий режимда ташкил этиш фақатгина фойдага хизмат қилади.

Завод ва фабрикалар фаолиятини, транспорт ҳаракатини қатъий назоратга олиш пандемия билан курашда ўзининг ижобий самарасини беряпти. Атмосфера ҳавосини яхшилаш каби долзарб масалада ҳам шу каби кескин чораларни кўриш орқали натижага эришиш мумкин.

Ўз соғлигининг қадрини тушуна бошлаган инсон атроф-муҳитга бўлган бепарволарча муносабатини ўзгартиришга, зарарли одатларни қисқартиришга мажбур бўлади.

«Эҳтиёжларни қисқартириб ҳам яшашда давом этиш мумкин»

Кетрин Ҳейҳоу, Техас техника университети иқлимшунос профессори:

– Иқлимни яхшилаш муаммоси йиллар, ўн йиллардан бери бизни ўйлантиради. Пандемия эса бу муаммони саноқли кунлар ичида ҳал қилиши мумкин. У кўплаб эҳтиёжларни қисқартириш орқали ҳам яшашда давом этиш мумкинлигини исботлади.

Аммо пандемия тўхтагандан сўнг саноатдаги ишлаб чиқариш илгаригидан ҳам юқорироқ даражага чиқиши мукин. Чунки карантин даврида пайдо бўлган иқтисодий бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат бошланади. Умид қилишимиз мумкин бўлган ягона нарса – инсонларнинг онгли равишда ўз турмуш тарзини ўзгартиришидир.

Карантинда табиат дам олмоқда

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартига кўра, атмосферада учровчи, инсон саломатлиги учун зарарли бўлган P.M 2,5 моддасининг ҳаводаги нисбати бир метр куб ҳавода 10 микрограммдан ортмаслиги керак.

Бу кўрсаткич Хитойнинг кўплаб шаҳарларида бир метр куб ҳаво учун 100 микрограммни ташкил этади. Шунинг ўзи ҳам хитойликларнинг ҳаёти қандай хавф остида эканлигини кўрсатади», дейди Маршалл Бурк.

Италиянинг Милан шаҳрида ҳам P.M 2,5 моддасининг бир метр куб ҳаводаги миқдори 100 микрограммдан кўпроқни ташкил этади. Афсуски, бундай тенденцияни дунёнинг деярли барча йирик шаҳарларида кузатиш мумкин. Италияда ҳаво ифлосланишидан бир йилда 60 минг киши вафот этади. АҚШда эса бу кўрсаткич 200 мингта ўлимга тенг.

Коронавирус эпидемияси негизида Хитойда фабрика ва заводлар фаолияти тўхтади. Транспорт ҳаракати чекланди. Ва бу атмосферадаги зарарли моддаларнинг 20 фоизга камайишига олиб келди. Ҳаво сифатининг яхшиланиши таъсирида эса 5000 нафар хитойликнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ваҳоланки, бевосита коронавирус оқибатида эса Хитойда 3300 нафар инсон вафот этди.

Бундай ўзгариш Хитой билан бир қаторда Италияда, АҚШнинг Сиэтл, Лос-Анжелес ва Нью-Йорк шаҳарларида ҳам кузатилди. Биргина Нью-Йоркнинг ўзида карбон газлари 50 фоизга камайгани аниқланган.

Хитой, Италия, АҚШда атмосфера ҳавоси карантин даврида тозаланди

Одамлар қатновининг чеклангани Венеция табиатига ҳам ижобий таъсир қилди. Шаҳар сув ҳавзаларида сувнинг сифати сезиларли даражада яхшиланган. Туризмни ривожлантириш фонида ифлосланган сув тозаланиб, балиқлар ва оққушлар ҳам бу ерларга қайтгани айтилмоқда.

Фото: CNN
Фото: CNN
Венеция ҳавзаларида сувнинг сифати сезиларли яхшилангани айтилмоқда

Албатта, атмосфера ифлосланишининг камайиши пандемия ҳисобига бўлишини ҳеч ким кутмаган ҳам эди.

«Коронавирус сабабли иқлим яхшиланганидан қувониш у қадар тўғри эмас»

Гернот Вайнер, Нью-Йорк университети ассошайт-профессори:

– Пандемия иқлимни яхшилаб беришига умид боғлаш унчалик тўғри эмас. Чунки пандемия иқтисодиётга мислсиз зарар етказяпти. Миллионлаб одамлар уйда, минглаб одамларнинг саломатлиги хавф остида. Атмосфера ҳавосини яхшилашга иқтисодий талафотлар ва инсон капиталини хавф остига қўймасдан эришиш керак. Биз яшил технологияларни яратиш қанчалик муҳимлиги ҳақида ўйлаганимиз маъқулроқ.

«Инсоният ўз саломатлиги ҳақида кўпроқ қайғура бошлайди»

Мей Боу, «350.org» халқаро экоташкилоти ижрочи директори:

– Жуда кўп жойларда, хусусан, Хитойда ҳам қуёш панеллари кўмирга қараганда анча арзон ва оммабоп энергия воситаси ҳисобланади. Биз оммавий равишда қуёш панелларидан фойдаланишни йўлга қўйиш ҳақида жиддий ўйлашимиз керак.

Пандемиядан сўнг ўз саломатлиги ҳақида бошқача қайғура бошлайдиган инсоният яшил технологияларни қўллашга, уларни нарх жиҳатидан ҳам қулайлаштиришга ҳаракат қила бошлайди.

Газ, бензин, кўмир саноатидан воз кеча олмаймиз. Aкс ҳолда молиявий танглик юзага келади. Aммо иқлимга энг катта зарарни етказувчилар ҳам шулар эканини унутмаслик керак. Шу боис биз муқобил ечим ҳақида ўйлашимиз зарур.

Мавзуга оид