Иқтисодиёт | 12:19 / 15.04.2020
21972
8 дақиқада ўқилади

Марказий банк асосий ставка пасайтирилганига изоҳ берди

Марказий банк асосий ставканинг 16 фоиздан 15 фоизга пасайтирилиши юзасидан изоҳ берди. Унга кўра, асосий омиллар ташқи ва ички талабнинг қисқариши шароитида иқтисодий фаолликнинг секинлашуви ҳамда инфляция прогнозларининг пасайиши билан боғлиқлиги келтириб ўтилган.

Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг 14 апрелдаги қарори билан асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида белгиланди. Марказий банкнинг қайд этишича, ушбу қарор ташқи ва ички талабнинг қисқариши шароитида иқтисодий фаолликнинг секинлашувини ҳисобга олиб инфляция прогнозларини пасайиш томонга қайта кўриб чиқилганлиги билан изоҳланади.

2020 йилнинг иккинчи чорагида ва йил сўнгига қадар инфляция даражасига талаб омиллари томонидан босим мў’тадиллашиши ва камайишини инобатга олиб, инфляциянинг янгиланган прогноз кўрсаткичларига кўра, 2020 йил якуни бўйича инфляция даражаси дастлабки прогноздан (12—13,5 фоиз) 1 фоиз бандга пасайиб 11—12,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Бошқарувнинг 5 мартдаги йиғилишида тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш ва коронавирус пандемиясининг инфляцияга таклиф омиллари орқали таъсири билан боғлиқ наониқликларнинг сақланиб қолиши шароитида асосий ставка ўзгаришсиз қолдирилган эди.

Тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш муддатларининг ўзгартирилиши ҳамда жорий иқтисодий шароитлар коронавирус пандемиясининг инфляция даражасига таъсири кўпроқ талаб омиллари томонидан бўлаётганлигин ва келгусида ушбу омилларнинг пасаювчи характерга эга бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Иқтисодий фаоллик ва макроиқтисодий прогнозлар
2020 йилнинг март ойидан бошлаб жаҳонда ва асосий савдо-ҳамкор давлатларда коронавирус пандемиясига қарши курашиш борасида олиб борилаётган чораларнинг кучайтирилиши, нефть нархининг пасайиши, талаб ҳажмининг қисқариши натижасида иқтисодий ўсиш ва фаоллик кўрсаткичларининг пасайиш прогнозлари кучайиб бормоқда.

Иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва аҳоли даромадларининг қисқариши, ўз навбатида, ички талабнинг сезиларли даражада пасайишига олиб келади.

Коронавирус пандемиясининг давомийлиги ва глобал иқтисодиётга таъсири бўйича ноаниқликларнинг юқорилиги шароитида Ўзбекистон ЯИМ реал ўсишининг 2020 йил бўйича базавий прогнозларини қайта кўриб чиқиш қўшимча таҳлилларни тақозо этмоқда. Бу борадаги Марказий банк хулосалари таҳлилий ҳисоб-китоблар якунланганидан сўнг эълон қилинади.

Иқтисодий фаолликнинг пасайиши, биринчи навбатда, банк тизими орқали амалга оширилаётган транзакциялар сонида ўз аксини топмоқда. Хусусан, 2020 йил март ойида банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакциялар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 фоизга қисқарди.

2020 йил апрель ойининг дастлабки 10 кунлигида тўлов терминаллари орқали амалга оширилган тўлов транзакциялари ҳажми ҳам март ойининг мос даврига нисбатан 25,9 фоизга камайди.

Шунингдек, Ўзбекистон товар хом ашё биржасида амалга оширилган битимлар сонида ҳам сезиларли даражада пасайиш кузатилди. Хусусан, апрель ойининг дастлабки икки ҳафтасида амалга оширилган харидлар суммаси март ойининг мос даврига нисбатан 28 фоизга камайган.

Иқтисодиётни кредитлаш фаоллигида ҳам маълум бир пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. 2020 йил январь—апрель ойларида тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ажратилган кредитлар қолдиғи ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоиз бандга секинлашиб, 7 фоизни ташкил этди.

Банклар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг 16,4 триллион сўмлик кредитлари бўйича тўлов муддатлари узайтириб берилди. Бу, ўз навбатида, банкларга пул оқимларининг кириб келиши томонидан уларнинг кредитлаш имкониятининг маълум бир даражада қисқаришига олиб келади.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар
Инфляция даражаси дастлабки прогноз кўрсаткичларидан тезроқ суръатларда пасаяётгани кузатилиб, 2020 йилнинг март ойида йиллик инфляция 13,6 фоизни ташкил этди.

2020 йил биринчи чорагида истеъмол нархлари ошиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 фоиз бандга секинлашиб, 2,8 фоизга тенг бўлди ва дастлабки прогнозларга нисбатан 0,5 фоиз бандга пастни ташкил этди.

Бу, асосан, мазкур даврда айрим тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз сақланиб қолинганлиги ҳамда январь—февраль ойларида алмашув курсининг деярли барқарор бўлганлиги ҳисобига базавий инфляция даражасининг секинлашиши билан изоҳланади.

Март ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари 15,5 фоиз даражада ўзгаришсиз сақланиб қолди. Иқтисодиётда келгусида инфляция даражасининг пасайиши ва карантин билан боғлиқ чекловларнинг юмшатилиши, ўз навбатида, инфляцион кутилмаларнинг пасайишига хизмат қилади.

Инфляция прогнози
Иқтисодиётдаги жорий ва кутилаётган шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляциянинг янгиланган прогноз кўрсаткичларига асосан 2020 йил охирига инфляция 11—12,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда ва бу қуйидагилар билан изоҳланади.

Биринчи навбатда, ташқи ва ички иқтисодий фаолликнинг пасайиши аҳолининг даромадларига ўз таъсирини кўрсатиб, истеъмол саватидаги аксарият бирламчи зарурий маҳсулотлар гуруҳига кирмайдиган товар ва хизматларга бўлган талабнинг сезиларли қисқаришига олиб келади.

Иккинчидан, бир қатор асосий истеъмол товарлар ва уларнинг хом ашёлари импортига 2020 йил 31 декабрига қадар божхона божи ва акциз солиғининг нол ставкалари белгиланди, бу карантин даврида талаб юқори бўлган товарлар нархларининг ўсишини олдини олади.

Учинчидан, жаҳон бозорларида энергия ресурслари нархларининг пасайиши ҳисобига нархларнинг эркинлаштирилиши ислоҳоти доирасида 2020 йилда кўзланган энергия ресурслари нархлари оширилишининг навбатдаги босқичи кечиктирилиши ёки ички нархларни оширмаган ҳолда эркинлаштирилиши натижасида ушбу омиллар 2020 йилда инфляция учун оширувчи хусусият касб этмайди.

Тўртинчидан, карантин шароитида маълум бир озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур истеъмол товарлари нархларида кузатилаётган ўсиш динамикаси вақтинчалик бўлиб, келгуси ойлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари янги ҳосилининг чиқиши ҳамда ҳукуматнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошираётган чора-тадбирлари натижасида бозорларнинг ушбу товарлар билан тўйиниши улар нархларларининг барқарорлашишига хизмат қилади.

Шунингдек, инфляцияни пасайтирувчи мазкур омиллар, ўз навбатида, миллий валюта девальвациясининг ички нархларга салбий таъсирини юмшатиш имконини беради.

Ўз ўрнида, Марказий банкнинг ички валюта бозорига интервенсиялари олтин-валюта захиралари нейтраллиги тамойили асосида алмашув курсининг фундаментал трендига таъсир кўрсатмаган ҳолда амалга оширилади.

Пул-кредит шароитлари
2020 йил март—апрель ойларида банк тизимида ликвидлик даражаси Марказий банк томонидан ўтказилган пул-кредит операциялари таъсирида шаклланиб, банк тизими барқарорлигини таъминлаш учун етарли даражада бўлди.

Пул-кредит операцияларидан тижорат банкларига ҳам ликвидлик тақдим этиш ҳам ортиқча ликвидликни жалб қилиш мақсадида фойдаланилиши банк тизимида ликвидликнинг бир маромда қайта тақсимланишига ва пул бозоридаги фоиз ставкаларининг Марказий банк фоиз коридори доирасида шаклланишига хизмат қилди.

2020 йилнинг март ойида пул бозоридаги ўртача тортилган фоиз ставка 16,0 фоизни ва апрель ойининг ўтган даврида 16,6 фоизни ташкил этди.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари қолдиғи 10,2 фоизга (714 миллиард сўмга) ошган бўлса, хорижий валютадаги муддатли депозитлари қолдиғи 1,2 фоизга (67 миллиард сўмга) камайди.

Ўз навбатида, инфляция даражасининг пасайиши шароитида асосий ставканинг туширилиши иқтисодиётда реал фоиз ставкалар ижобийлигини ва миллий валютадаги депозитларнинг жозибадорлигини сақлаб қолишга хизмат қилади.

Ноаниқлик ва хатарлар
Коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга таъсир кўлами ва давомийлиги бўйича ноаниқлар сақланиб қолмоқда.

Ташқи иқтисодий шароитларининг ёмонлашиши шароитида Ўзбекистонга кириб келадиган трансчегаравий пул ўтказмалари миқдори йил якунлари бўйича ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада қисқариши кутилмоқда.

Бунда, Марказий банк ташқи ва ички шароитлар таъсирида инфляциянинг омиллари ва хатарлари хусусиятини чуқур ўрганишда давом этади ҳамда инфляция прогноз динамикасининг шаклланишидан келиб чиқиб асосий ставка даражаси бўйича тегишли қарорларни қабул қилиб боради.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича оралиқ мажлиси 2020 йилнинг 11 июнь кунига режалаштирилган. Йиғилиш якунлари бўйича пресс-релиз эълон қилинади.

Мавзуга оид