Ўзбекистон | 14:20 / 16.04.2020
17954
2 дақиқада ўқилади

Инҳа университети: талабалар «ақлли ниқоб»ни ихтиро қилди

Бу ниқоб сезиш функцияси орқали автоматик тарзда инсон ҳароратини ўлчаши, йўталиш ва нафас қисилиши каби барча маълумотларни махсус илова орқали смартфонга юбориши айтилади

Фото: inha.uz

Инҳа университетининг Компьютер ва дастурий инжиниринг факультети 4-босқич талабалари Достон Мардиев ва Азиза Абдураҳмонова Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашга ўз ҳиссаларини қўшишга қарор қилдилар ва «ақлли ниқоб»ни яратдилар, деб хабар бермоқда университет.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларининг фикрига кўра, бундай ниқобни қайта ва қайта ишлатса бўлади. У инсоннинг тана ҳарорати, йўталиш, акс уриш ва нафас олишда бўлаётган қийинчиликни уч хил сенсор орқали аниқлаб бера олиши айтилган.

Ниқоб мобил илова орқали телефон билан бирлаштирилган бўлиб унинг ёрдамида ниқобга ўрнатилган сенсорлар автоматик равишда қайд этилган кўрсаткичларни смартфонга юборади. Илова ушбу маълумотни коронавирус аломатлари билан таққослайди. Агар тасодиф бўлса, дастур аниқлик киритади.

«Коронавируснинг ўзига хос белгилари мавжуд бўлиб, у бошқа ўткир юқумли касалликлардан ажралиб туради: юқори иситма, қуруқ йўтал, нафас қисилиши каби. Сенсорлар туфайли ниқоб бу маълумотларни осонгина аниқлай олади. Масалан, агар одамда ҳарорат 38,5 даража бўлса, у тез-тез йўталса ва узоқ вақт нафас ололмаса, дастур ниқоб эгаси коронавирусдан шубҳаланаётганлиги ҳақида сигнал беради. Келажакда биз бу ниқобни тиббий муассасалар билан келишилган ҳолда текширишни режалаштирмоқдамиз.Тегишли аломатлари бўлган одамларга тез ёрдам бериш осон бўлади», - деган ғоя муаллифларидан бири Азиза Абдураҳмонова.

Лойиҳанинг яна бир муаллифи Достон Мардиевнинг таъкидлашича, айни пайтда лойиҳа якунланиб, синовдан ўтказилмоқда. 

Мавзуга оид