Ўзбекистон | 15:20 / 22.04.2020
126147
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яна бир бемор коронавирусдан вафот этди. Жами ўлимлар сони 7тага етди

Наманганда яна бир бемор коронавирусдан вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманган вилоятида коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги оқибатида вафот этгани тўғрисида хабар берди.

«Шу йилнинг 14 апрель куни Наманган шаҳрида яшовчи Г. оғир аҳволда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Зудлик билан амалга оширилган лаборатор таҳлил натижасида унда коронавирус инфекцияси борлиги тасдиқланган. 54 ёшли ушбу бемор (аёл) олдин ҳам гипертония ва қандли диабет ташхиси билан сурункали касалланиб келган. Ушбу касалликлари ҳисобига у 17 апрель куни вилоят юқумли касалликлари шифохонасининг реанимация бўлимига олинган.

Беморнинг шу кунгача кунлик аҳволи мамлакатимиздаги мазкур соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассис шифокорлари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам консилиумлар ўтказиб келинган.

Бироқ мутахассисларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Эндиликда Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 7 нафарга етди, ўлимларнинг 3таси Наманган вилоятида қайд этилган. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги шифохоналарда 3 нафар, Фарғонада бир нафар бемор коронавирусдан зарарланиш оқибатида вафот этган.

Мавзуга оид