Ўзбекистон | 10:21 / 24.04.2020
87409
6 дақиқада ўқилади

Прописка бўйича фармон. Асосий янгиликлар

Ўзбекистонда прописка тизими тубдан ислоҳ қилинади. Хусусан, 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда фуқародан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш талаб этилмайди, пойтахтда рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 15 кунга узайтирилади. Рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтилади. Шунингдек, ягона «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими йўлга қўйилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида ҳукумат 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилишни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқиши лозимлигини таъкидлаганди.

«Асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжуд. Бунинг ечими – ички миграцияни эркинлаштиришдир. Шу боис парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим», деганди президент.

3 март куни президентнинг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармони эълон қилинди. Унда 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартиб жорий этилиши маълум бўлганди.

Апрель ойи бошида прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳалар юзасидан муҳокамалар «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан эълон қилинди.

22 апрель куни Ўзбекистон президентининг «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Қуйида президент фармонида кўзда тутилган асосий ўзгаришлар келтирилади:

  • «доимий прописка қилиш» ва «турган жойи бўйича ҳисобга олиш» тушунчалари «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» ҳамда «вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаларига ўзгартирилмоқда;
  • Тошкентдан уй сотиб олиш учун прописка талаб қилинмайди - пропискасиз ҳам иккиламчи бозордан уй сотиб олишга рухсат берилади; 
  • пропискасиз фуқаролар мулк олганда тўлайдиган давлат божлари ставкаси бекор қилинади - шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳридан уй сотиб олинганда олганда ундириладиган оширилган қийматдаги давлат божи мулкнинг 5 фоизига тенг эди; 
  • Прописка ҳуқуқига эга ташкилот ва идораларнинг тавсияси билан пропискага эга бўлган ходимлар ўша идора ва ташкилотдаги лавозимидан кетган тақдирда ҳам «прописка»си бекор бўлмайди - иш жойидан доимий рўйхатга олинганлар ишдан кетгандан кейин ҳам пропискасини йўқотмайди;
  • Эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланади - прописка олиш учун эр (хотин) никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшашига доир талаб бекор бўлади (қонун лойиҳаси киритилмоқда); 
  • Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатда турган фуқаролар маълум муддат бошқа ҳудудда яшаб, Тошкент шаҳри ва вилоятга қайтиб келганда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади (қонун лойиҳаси киритилмоқда);
  • Тошкентда жойлашган давлат ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинадиган бўлади;
  • оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади (қонун лойиҳаси киритилмоқда);
  • биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларни нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилади;
  • 1 сентябрдан бошлаб Тошкентда доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилади;
  • паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига прописка учун штамп босиш амалиётидан воз кечилади ва бу рақамлаштирилади;
  • 2020 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб эса, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда ҳам «Ягона дарча» тамойили асосида ДХА бўлимлари томонидан пропискага қўйиш тизими жорий этилади; 
  • Рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бир кун ичида амалга оширилади.
  • доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилинади;
  • Янги туғилган чақалоқлар ФҲДЁ органининг ўзида туғилиш ҳақидаги гувоҳнома бериш жараёнида отаси ёки онасининг яшаш манзили бўйича доимий прописка эга бўлади;
  • солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси тақдим этилганда вақтинча рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди;
  • Уй-жой сотиб олмаган фуқаролар нотариал идораларга мурожаат қилганда улардан прописка талаб қилинмайди;
  • рўйхатга олиш тартибини бузганлик Ўзбекистон фуқароларини тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлиб ҳисобланмайди.

Фармондаги вазифалар ижроси борасидаги қонун лойиҳаси яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади. 

Фармонга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасига бир ҳафта муддатда «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида»ги Низомни тасдиқлаш вазифаси юклатилган. 

Мазкур низом тасдиқлангандан сўнг Президент Фармонида белгиланган янги тартиботлар расмийлаштирилиши бошланади.

Мавзуга оид