MH17 иши. Россия федерал хавфсизлик хизмати генерали асосий гумондор бўлмоқда
Бундан салкам 6 йил аввал Украина шарқидаги Донецк вилояти осмонида Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH17 рейси билан учаётган Boeing-777 самолёти ҳалокатга учраганди. Ўшанда бу ҳудудда Украина армияси ва ўзларини ДНР (Донецк халқ республикаси) деб атаган айирмачилар ўртасида қақшатқич жанглар давом этаётган эди.
Ҳалокат оқибатида самолёт бортида бўлган 298 нафар одамнинг ҳаммаси ҳалок бўлганди. Ҳалокатни ўрганиш учун бир неча давлат вакилларидан иборат халқаро суриштирув гуруҳи тузилади. 2019 йил гуруҳ ўз суриштирувларини тугатиб, ишни кўриб чиқиш учун халқаро судга тақдим этади. 2020 йил март ойида суд жараёнлари бошланди.
Яқинда ушбу ҳалокатга алоқадор яна бир тафсилот ошкор қилинди. Унга кўра, Россия федерал хавфсизлик хизмати генералларидан бири Boeing MH17 ҳалокатига алоқадор бўлган. BBC рус хизмати бу айбловга тегишли тафсилотларни эълон қилди.
Асосий гумондор – генерал-полковник
BBC ўз манбаларига таяниб хабар беришича, «Владимир Иванович» тахаллуси билан аталган шахс аслида Россия федерал хавфсизлик хизмати генерали Андрей Бурлак бўлиб, у 2014 йилда Украина шарқида уриб туширилган Малайзияга тегишли Boeing MH17 самолёти ҳалокатида асосий ишни бажарган.
Буюк Британия нашри ушбу хулосани авиаҳалокат бўйича суриштирув ишларини олиб борган халқаро суриштирув гуруҳи материаллари, BBC телерадиокомпаниясининг шахсий текширувлари, шунингдек, Bellingcat тергов гуруҳи ва The Insider нашри хулосаларига таяниб чиқарган.
Андрей Иванович Бурлак – Россия ФХХ чегара хизмати бошлиғи Владимир Кулишовнинг ўринбосари вазифасини бажарувчи ҳисобланади. У бу лавозимда 2014 йил июль ойида, яъни Boeing MH17 ҳалокатга учраган пайтда ҳам ишлаган. Қизиғи, 2014 йилга қадар Андрей Бурлак генерал-лейтенант бўлган, Boeing MH17 уриб туширилгач эса генерал-полковник унвонини олган.
Донецк халқ республикаси раҳбарлари 2014-2015 йилларда Бурлак билан мунтазам алоқада бўлган
Маълум бўлишича, ўша пайтда «Владимир Иванович» номли шахс билан Донецк халқ республикаси (ДХР)нинг биринчи раҳбари Александр Бородай, ўша пайтдаги Мудофаа вазири Игорь Стрелков (Гиркин) ва айирмачилар сафидаги яна кўплаб юқори лавозимли ҳарбийлар телефон орқали алоқа қилиб турган. BBC суриштирувларида маълум қилинишича, телефон суҳбатларида генерал «Владимир Иванович» Украина шарқидаги айирмачилар олиб борган барча операцияларнинг раҳбари деб аталади.
Таъкидланишича, у «Москвадан келган катта қўмондон» бўлган ва Украина шарқидаги айирмачиларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириб, Донбассга оғир қуролларни етказиб беришни ташкиллаштирган. Бу шахс Boeing MH17 ҳалокати билан боғлиқ бўлган энг юқори даражадаги Россия расмийси деб тахмин қилинмоқда.
2014-2015 йилларда Андрей Бурлак Ростовга тез-тез бориб турган
BBC томонидан нашр этилган суриштирув муаллифларининг тасдиқлашича, 2014 йил генерал Андрей Бурлак Ростов-Дон шаҳрига камида уч марта борган ва бу ердан ДХР ва ЛХР айирмачилари сафида жанг қилишни хоҳлаган россиялик кўнгиллиларнинг Украина шарқига ўтишини ташкиллаштирган.
Суриштирувда ёзилишича, унинг Москвадан Ростов-Дон шаҳрига қилган сафарлари ҳақидаги маълумотлар «Қидирув-Магистрал» тизимидан ўчирилган, аммо BBC манбалари фойдалана олган архивда сақланиб қолган.
Бурлакнинг Ростов-Дон шаҳрига қилган сафарларидан бири 2014 йил апрель ойида айирмачилар қўмондони Игорь Стрелков бошчилигидаги отряд Украина ва Россия чегараларини кесиб ўтиб, Славянск шаҳрини босиб олганидан бир неча кун ўтиб амалга оширилган. Бурлакнинг Россия жанубий-ғарбига яна бир сафари эса айнан Boeing MH17 ҳалокати содир бўлган кунларда амалга оширилган. Суриштирув муаллифлари буни асло тасодиф деб ҳисобламайди. Уларнинг фикрича, Славянск шаҳрини эгаллашда, шунингдек, Boeing MH17 уриб туширилиши бўйича операцияларга ҳам айнан Андрей Бурлак бошчилик қилган.
Экспертиза «куратор»нинг шахсини тасдиқлай олмади
Андрей Бурлак ва «Владимир Иванович» бир одамлигини исботлаш учун овозларни экспертиза қилиш мутахассисларига мурожаат қилинди. Улар мутахассисларга Донбассда бўлиб ўтган музокаралар аудиоёзувларини ва генералнинг ОАВга берган икки интервьюси дискларини топширишади.
The Insider журналистлари, Бурлакнинг таққослаш учун зарур бўлган овози ёзувини «Звезда» телеканалида кўрсатилган лавҳалардан биридан топганларини маълум қилишган. Журналистларда қидирув тизими орқали топилган Андрей Бурлакнинг бошқа бир дастурда иштирок этганида туширилган скриншот бор эди. Улар ўша скриншотдан фойдаланиб Бурлакнинг овози ёзилган лавҳани ўхшаш тасвирларни қидириш функцияси орқали топишади.
The Insider нашри экспертларига кўра, «Владимир Иванович» ва Андрей Бурлак бир одам: иккала шахснинг овозлари 94 фоиз мос келган. Шу билан бирга, BBC рус хизмати томонидан бу ишга жалб қилинган мутахассис аниқ бир хулосага келмаган. Овозларни ўрганувчи мутахассиснинг сўзларига кўра, Андрей Бурлак ва «Владимир Иванович»нинг овозида нафақат ўхшашликлар, балки оз бўлса ҳам фарқ бор.
The Insider «куратор»нинг шахсини тасдиқловчи бошқа маълумотларга ишора қилади: бу Бурлакнинг ДХР раҳбарлари билан Viber мессенжери орқали амалга оширган ёзишмалари ва бу шахсларнинг мос келишини тасдиқловчи «ДХРдан олинган ҳужжатлар».
Янги маълумотлар авиаҳалокат сабабларини суриштиришга таъсир қилиши мумкин
Boeing MH17 ҳалокати бўйича суд жараёни жорий йил 9 мартда бошланди. Ушбу ишни кўриб чиқиш учун бир неча судя тайинланди. Суд иши жараёнида прокуратура ушбу иш бўйича янги айбланувчиларни эълон қилиши ҳам мумкин. Прокуратура самолёт Украина шарқидан учирилган Россиянинг «Бук» ракетаси билан уриб туширилган деб ҳисобламоқда.
Юқорида таъкидланганидек, прокуратура Россиянинг ушбу авиаҳалокатга алоқадорлиги тўғрисида далиллар келтирган. Энди «Владимир Иванович» ким бўлганини аниқлаш суд иши суриштирувларида муҳим қадам бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, халқаро суриштирувчилар гуруҳи 2019 йил июнь ойида Boeing MH17 уриб туширилишида россияликлар Игорь Гиркин (Стрелков), Олег Пулатов, Сергей Дубинский ва украиналик Леонид Харченкога нисбатан айблов эълон қилган эди.
Россия бу ҳалокатда иштироки борлигини тан олмайди
Украина нашрларининг хабар беришича, самолёт халқаро йўлак бўйлаб 10 минг метр баландликда учаётганда у билан алоқа узилган. Самолёт қулаб тушганидан сўнг маълум бўлдики, у шунчаки ҳалокатга учрамаган, ракета ёрдамида уриб туширилган.
Ўша пайтда Украина шарқида Россия ёрдамида қуроллангани айтиладиган айирмачи тўдалар билан Украина армияси ўртасида қақшатқич жанглар кетаётган эди. Ҳалокат содир бўлганидан сўнг Россия, шунингдек унинг қўллови билан айирмачилик ҳаракатлари содир этаётган ДХР раҳбарияти самолёт уриб туширилишида Украина томонини айблаб чиқди. Украина эса Россияни айблади. Шундан сўнг, Австралия, Бельгия, Малайзия, Нидерландия ва Украина вакилларидан иборат суриштирув гуруҳи тузилди. Ушбу гуруҳ хулосаси 2019 йилда якунланди ва иш халқаро судга тақдим этилди.
Хулосада самолётни Россия ёрдамида Украина шарқидаги айирмачилар уриб туширгани маълум қилинган. Аммо Россия бу авиаҳалокатда иштироки борлигини рад этиб келади. Энди ҳаммаси судда аниқ бўлади.
Boeing MH17 ҳалокатига халқаро ҳамжамиятнинг муносабати
Ушбу ҳалокат содир этилганига яқинда 6 йил тўлади. Шу йиллар орасида кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар Россия томонидан ушбу авиаҳалокат бўйича айбдорларни аниқлаш ва уларни халқаро судга топширишни сўраб келади. Жумладан Европа Иттифоқи, НАТО, АҚШ, шунингдек ушбу ҳалокат бўйича суриштирув олиб бораётган халқаро гуруҳлар бу ишда Россиянинг иштироки борлигини таъкидлаб, Россиядан бу ишда иштирок этганларни халқаро судга топшириш, Малайзия ҳукуматига ҳамда самолёт бортида бўлган йўловчиларнинг яқинларига товон пули тўлашини сўраб келишмоқда.
Агар суд ишида ҳалокатда айбдор деб топилгандан кейин ҳам Россия ўз айбини тан олмаса, жабрланганларга мамлакатнинг Европадаги активларини мусодара қилиш орқали товон пули ундириб берилиши мумкин.
Мавзуга оид
08:36
АҚШ Ҳелсинки комиссияси Россияда номақбул деб тан олинди
00:31
Apple ўзининг онлайн дўконидан мустақил ОАВ иловаларини ўчириб ташлаётганига изоҳ берди
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
21:53 / 25.12.2024