Ўзбекистон | 11:26 / 01.05.2020
144339
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов тошқин бўлган жойга етиб борган. Сирдарёдаги ҳодиса бўйича янги маълумот берилди

Сардоба сув омбори атрофидаги маҳаллалардан 11,5 минг киши эвакуация қилинди. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган.

ФВВ хабарига кўра, бунда сув асосан экин майдонларига зарар етказгани маълум бўлди. Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига (ФВДТ) кирувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда Сардоба тумани «Қўрғонтепа» МФЙ сув омборининг атрофидаги қатор аҳоли яшаш пунктлари Мирзаобод туманига эвакуация қилинди. «Қўрғонтепа», «Дўстлик», «Юртдош» МФЙдан жами 11598 нафар аҳоли шулар жумласидан. 

Бундан ташқари, сув босиш хавфи бўлган «Қуйтош» МФЙ, «Ота юрт» МФЙ ва «Бирлик» МФЙдан аҳолини эвакуация қилиш режалаштирилмоқда. 

Айни вақтда Оқолтин тумани «Абдуалим» МФЙ аҳолисини Сардобага эвакуация қилиш ишлари бошланган.

Воқеа жойига бош вазир Абдулла Арипов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари етиб бориб, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бормоқда.

Мазкур тадбирларга Сирдарё вилояти ФВБдан 430 шахсий таркиб ва 5 автотехника, Жиззах вилояти ФВБдан 120 шахсий таркиб, 6та автотехника, МВБРҚМдан 60 шахсий таркиб, 6та автотехника, Миллий Гвардиядан 276 шахсий таркиб, 43 автотехника ҳамда ҳудудий ФВДТ хизматлари жалб этилди.

Жабрланган ва ҳалок бўлганлар бўйича маълумот келиб тушмаган.

Мавзуга оид