Оқсаётган ижтимоий ҳимоя тизими: хато қаерда?
Пандемия натижасидаги карантин ва иқтисодий инқироз, Сардоба фожиаси, Бухородаги табиий офат... Бу воқеалар занжири Ўзбекистон олдида анчадан бери кўндаланг турган масала – ижтимоий ҳимоя тизимини самарали ташкил этиш муҳимлигини яна бир карра кўрсатиб берди.
Ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган камбағал оилалар, ёлғиз оналар, кўп болалари оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимояга даъвогар қатлам ҳисобланади.
Kun.uz мухбири Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини фавқулодда ва умумий ҳолатда қандай ташкил этиш кераклиги, бу борада қандай хатоларга йўл қўйилаётгани хусусида экспертлар фикри билан қизиқди.
«Ижтимоий ҳимоя хайрияга эмас, инсон ҳуқуқларига асосланиши керак»
Дилмурод Юсупов, Буюк Британиянинг Сассекс университети қошидаги Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти:
– Ўзбекистонда карантин режими жорий қилинишидан аввал ҳам ижтимоий ҳимоя тизими талабга жавоб бермасди. Ногиронлик нафақаси, болаликдан ногиронлик нафақаси 400 минг сўм атрофида. Бу эса яшаш харажатларини қопламайди. Республикада истеъмол саватчаси, яшаш минимуми тушунчалари ҳали тўлиқ шаклланмагани туфайли ижтимоий нафақалар яшаш харажатларига мос келмайди.
Ногиронлик нафақасини олувчилар мустақил яшай олмайди, берилаётган пул дори-дармоннинг ўзига зўрға етиши мумкин. Шунинг учун улар оила аъзоларининг ёрдамига таянади. Аммо карантин даврида кўпчилик ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбур бўлди, бу уларнинг оилалари даромадига икки ҳисса таъсир қилмай қолмайди.
Ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги бўйнида. Ногиронлик нафақасини тайинловчи тиббий меҳнат экспертиза комиссиялари ҳам уларнинг қошида. Аммо карантин даврида ногиронлиги бўлган инсонлар ТМЭКдан қай тартибда қайта ўтиши мумкинлиги, ногиронлик муддатини узайтириш шартлари айтилмади. Реабилитация воситалари (аравача, эшитиш мосламалари кабилар) қандай етказилиши ҳақида маълумот берилмади.
Пандемия даврида ногиронлиги бўлган, рўйхатдан ўтган шахсларга доимий оладиган нафақасидан ташқари шу миқдорда қўшимча бир марталик тўловни қўшиб беришни таклиф қилгандим. Бошқа давлатларда ижтимоий нафақалар карантин даврида ошириб берилди. Лекин бундай ёрдам Ўзбекистонда жорий қилинмади.
Ижтимоий таъминотга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатишда кўнгилли гуруҳлар – нодавлат-нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмаларининг иштироки бўлиши керак. Улар эгилувчан бўлиб, фаолиятини вазиятга давлатдан кўра тезроқ мослаштира олади.
Ёрдамни ташкил қилишда ногиронлар бирлашмалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши керак эди. Мисол учун, кўз ожизлар жамияти кўзи ожизларга ёрдам қай шаклда берилиши кераклигини давлат идорасидан кўра яхшироқ билади.
Аммо Ўзбекистон бошқача йўлдан борди. Кўнгилли гуруҳлар ёрдам кўрсатишида нохуш ҳолатлар бўлаётгани айтилиб, уларнинг фаолияти тақиқланди. Ягона мувофиқлаштирувчи марказ тузилди. Шу орқали ёрдам бериши ташкил этилди. Ишонч телефонига туша олсангиз, ёрдам келади. Бироқ, билишим бўйича, ногиронлиги бўлган одамларнинг аксарияти бу рақам билан боғлана олишмаган. Қўнғироқлар жуда кўп бўлгани учун тезда ёрдам бера олишмади.
Одамларнинг муаммосидан келиб чиқиб, унга уникал ёрдам ишлаб чиқиш учун вақт, куч кетади. Ёрдамлариннг барчасини битта марказ орқали мувофиқлаштирмасдан, кўнгилли гуруҳлар билан ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўйиш керак эди.
Бу ҳолатлар ҳукуматга ижтимоий ҳимоя тизимини янгидан қуриш учун туртки бўлиши керак. Мувофиқлаштирувчи марказ фаолиятидан ҳам билиндики, эҳтиёжмандларнинг ягона аниқ рўйхати ишлаб чиқилмаган. Маълумотлар базаси ягона бўлиши ва у янгиланиб туриши керак. Маҳаллаларнинг қўлда юритадиган рўйхатлари талабга жавоб бермайди. Ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг барчаси ҳам бу рўйхатларга киритилмаган.
Таклифлар:
– Ижтимоий ҳимоя масаласига жавобгар ягона орган йўқ. Бу функция ҳар хил идоралар орасида тақсимланиб кетган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ногиронлиги бўлган инсонларга, «Мурувват» ва «Саховат» уйларига қарайди. Халқ таълими вазирлиги махсус мактаб интернатлари, меҳрибонлик уйларига жавобгар. Меҳнат вазирлиги ногиронлиги бўлганларни меҳнатга йўналтириш билан шуғулланади. Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ногиронлик нафақалари билан ишлайди.
Ижтимоий ҳимоя бўйича ягона масъул орган ташкил қилиниши ва тизим билан боғлиқ барча ваколатлар унга берилиши керак. Мазкур органда ижтимоий иш бўлими ташкил этилиши, ижтимоий ходимлар тайёрлаш масаласи ҳам кўрилиши даркор.
– Тиббий меҳнат экспертизаси комиссиялари фаолияти тўлиқ ислоҳ қилиниши керак.
– Ижтимоий нафақалар яшаш харажатларига мослаштирилиши, бунинг учун истеъмол саватчаси, яшаш минимуми қонуний тасдиқланиши керак. Нафақа миқдори яшашнинг базавий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилиши лозим.
– Ногиронликнинг тиббий моделидан ижтимоий моделга ўтиш лозим, яъни ижтимоий ҳимоя хайрияга эмас, инсон ҳуқуқларига асосланиши керак.
– Давлат «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция»ни ратификация қилиши керак.
Маълумот учун, БМТ 2006 йилда қабул қилган «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенцияни МДҲ давлатлари орасида фақатгина Ўзбекистон ва Тожикистон ратификация қилмаган.
«Қонунни ўқиб, ўзимни эртакка тушиб қолгандай ҳис қилдим». Ўзбекистонда инклюзив шароитлар етарлими?
«Хайрия тадбирларини ягона акцияга бирлаштириш шаффофлик талабларига жавоб бермайди»
Азиза Умарова, давлат бошқарувини модернизациялаш бўйича мутахассис, SmartGov.consulting ижрочи директори:
– Пандемия натижасидаги карантинда ҳам, Сардоба фожиасида ҳам Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя жараёни бир хил сценарий асосида кечди – давлат мустақил хайрия ташкилотларининг фаолиятини чеклаб қўйди, одамларга воқеа жойида бўлиб, ёрдам кўрсатишга рухсат бермади. Бунинг ўрнига хайрия ҳаракатларининг барчаси бир том остида жамланди. Бундай тизим шаффофлик талабларига жавоб бермайди. Маблағлар қаерга ва нима мақсадда сарфланаётгани ҳақида ҳеч ким батафсил била олмайди.
Бундай тизимнинг шаффоф ишламаслигини кўрсатувчи биринчи сигналлар аллақачон берилмоқда. Пандемия даврида аҳолини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган жамғарма маблағлари Оққўрғон туман ҳоким ўринбосари томонидан талон-торож қилингани ҳақидаги хабар ҳам буни тасдиқлайди.
Бундай ҳолат бошқа ҳудудларда ҳам кузатилаётган бўлиши мумкин, қанча маблағлар ўғирланаётганини билмаймиз ҳатто. Бундай салбий ҳолат вақт ўтиши билан Сардобага ёрдам кўрсатиш жараёнида ҳам кузатилиши мумкинлигини ҳеч ким истисно этмайди.
Кўнгиллиларнинг хайрия, ёрдам ҳаракатларини бир жойда жамлашнинг ўрнига давлат бюджети ҳисобидан кўмак тизими молиялаштирилиши керак. Давлат кучи етмаган ўринлардагина фуқаролик жамиятидан ёрдам олиши, жамоат ташкилотлари, кўнгиллиларни жалб қилиши, уларга манзилли ёрдам кўрсатишлари учун имкон бериши лозим. Ҳар ҳолда, кўнгиллилар ҳеч қачон ёрдам учун юборилган нарсаларни ёмғир остига ташлаб қўйишмаган бўларди, халқнинг пулини чўнтакка уриб қолиш ҳақида ўйлашмайди.
Таклифлар:
– Ижтимоий ҳимоя бўйича ягона масъул орган ташкил этилиши керак. У ижтимоий таъминот олиши керак бўлган фуқароларнинг ягона аниқ реестрига эга бўлиши даркор. Кўп болали оилалардан тортиб, ёлғиз кексалар, ногиронларгача – барча маълумотлар ягона реестрига киритиб борилиши керак.
Ижтимоий таъминот тизимининг самарасиз ишлаш сабабларидан бири – ёрдам кимга кўпроқ кераклиги ҳақида маҳалла ҳам, биронта давлат органи ҳам тўлиқ маълумотга эга эмас. Ҳар бир давлат органи ўзининг алоҳида рўйхатини мустақил юритади, ягона тўлиқ тизим мавжуд эмас. Бундай органнинг йўқлиги, ижтимоий таъминот олувчиларнинг ягона реестри мавжуд эмаслиги 1197 ишонч қўнғироғининг яхши ишламаслигига ҳам сабаб бўлди – ҳақиқатан ёрдам муҳтож одамлар ҳар доим ҳам керакли ёрдамни ола билмади.
– Масъул орган мамлакатда эҳтиёжмандларга ижтимоий хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходимлар тизимини яратиши керак. Бу фақатгина пул ёрдами шаклида эмас, инқирозли вазиятдаги оилаларга патронаж хизмати, ёлғиз кексаларни парваришлаш, етимларнинг жамиятга интеграциялашувига ёрдамлашиш, меҳнат муҳожирларининг оилалари билан ишлаш кабилар шаклида бўлиши мумкин.
Шунингдек, эҳтиёжмандларни тўлиқ қамраб олиш мақсадида мазкур орган хайрия жамғармалари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши керак. Фуқаролик жамияти институтлари эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш учун ҳокимиятлардан ижтимоий буюртма қабул қилган ҳолда, давлат молиялаштиришига эга бўлиши мумкин.
Янги ислоҳот ўтказа олмасак, ҳеч бўлмаганда, 2016 йилгача мавжуд бўлган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги фаолиятини қайта тиклаш керак. 2016 йил март ойида вазирликнинг ижтимоий ҳимоя вазифаси олиб ташланган, фақатгина меҳнат масалалари қолдирилганди, аммо бу функция бошқа масъул органга ҳам берилмади. Модомики, халқаро тажриба асосида, 21-аср талабларига мос келадиган тизимни ишлаб чиқа олмасак, эски совет тизимини қайтарайлик.
«Ижтимоий таъминот тарқатилаётган озиқ-овқатлар кўринишида эмас, айнан нақд пул ёрдами шаклида бўлиши керак»
Дилсора Комил, жамиятшунос, Британия Колумбияси университети PhD номзоди (Канада):
– Давлат қонунларида карантин даврида халққа ёрдам бериш банди киритилмаган бўлса, давлатнинг одамларга ёрдам бериши шарт эмас экан, деган тушунчанинг ўз хато саналади. Чунки саломатлик билан боғлиқ ҳолат туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган шахсларга давлат томонидан ногиронлик нафақалари ва маълум бир ёшга етган аҳолига қариялик пенсиялари жорий қилиниши ҳаммага маълум. Бу эса шундай тоифадаги шахсларнинг меҳнатга лаёқатсизлик ҳолати давлат томонидан кўриб чиқилгани ва давлат таъминоти зарур, деб топилганининг белгисидир.
Шунингдек, ҳомиладорлик ва туғиш таътилларини ҳам, ёш бола парвариши билан бандлик ҳолатлари ва шу сабабли ишлай олмаслик каби чекланган имкониятларни давлат тан олади ва бу тоифадагиларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун етарли сабаб деб билади.
Карантиндаги инсонларни ногирон ёки пенсия ёшидаги, меҳнат қилиш имконияти чекланган инсонлар билан бир қаторга қўйиш имконсиз эмас, чунки уларнинг меҳнат фаолиятларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган ички сиёсий ҳолат давлат томонидан мажбуран ўрнатилган.
Ушбу ўлчовлар борлигини ҳисобга олган ҳолда, аҳолининг ишга яроқли қисмига, ҳудди ишга яроқсиз қатламлари каби тўланадиган миқдорда ижтимоий нафақалар билан қўллаб-қувватлашни жорий этилиши мантиқан тўғри бўларди.
Меҳнат қонунчилигига мурожаат этилганда ҳам, мажбурий равишда ишдан бўшатилган ишчиларга белгиланган муддатда, меҳнат қонунларига асосан ойлик киримларининг маълум бир қисмини, маълум бир муддатда талаб қилишга ҳақли бўладилар.
Аммо, Ўзбекистонда меҳнат қонунчилигига асосланиб ижтимоий ёрдам жорий этиш жуда қийин. Чунки аҳолининг катта қисми давлат қонунларидан имтиёз оладиган расмий секторда меҳнат қилмайди.
Давлат қонунларида карантин вақтида аҳолини ижтимоий таъминоти қонунда кўзда тутилмаган дейдиган шахслар, давлатлар фавқулодда ҳолатларда мавжуд қонунлардан ҳамда кўп ўрганилган сиёсий ва иқтисодий мантиқдан келиб чиқиб қарорлар қабул қилиши лозимлигини тушунишлари жуда муҳим. Демак, сиёсий ва ҳуқуқий мантиқ карантин туфайли ишсиз қолган ҳар бир фуқаро давлат қарамоғида бўлишга ҳақли эканини кўрсатади.
Таклифлар:
– Ижтимоий таъминот тарқатилаётган озиқ-овқатлар кўринишида эмас, айнан нақд пул ёрдами шаклида бўлиши ва озиқ-овқат таъминоти қўшимча ёрдам сифатида тарқатилиши мумкин.
– Аҳолига берилаётган ёрдам масаласида ўрнатилган тартиблар талабга жавоб бермайди. Бугун Ўзбекистон ўз фуқароларининг кундалик эҳтиёжларини қоплаш учун иқтисодий таъминот масаласини қонун доирасида қайта кўриб чиқиши керак.
– Таъминот шакли ва усули қатъий соддалаштирилиши лозим. Ўзбекистоннинг барча турдаги бойликлари ва бошқа мақсадларга мўлжалланган маблағлари бугун халқ эҳтиёжи учун сарфланиши зарур.
Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.
Мавзуга оид
11:35 / 13.12.2024
Ўзбекистонда ижтимоий карта жорий этилади
20:07 / 03.12.2024
“Қарор қабул қилишда ногиронлиги бор шахслар ҳам иштирок этиши шарт” – Ўзбекистонда ногиронлик муаммолари ҳақида
16:14 / 27.11.2024
Маҳалланинг фаол кексаларига ҳар ой 577 минг сўмдан тўланади
18:59 / 26.11.2024