Жаҳон | 22:01 / 27.05.2020
77291
6 дақиқада ўқилади

«Президент жавобгар сифатида жалб этилсин» – Собиқ губернатор Путинни судга берди

Шу йилнинг 29 январь куни истеъфога чиқарилган Чувашистон губернатори Михаил Игнатьев Россия Олий судига мамлакат президенти Владимир Путин устидан арз қилди. У ўзининг истеъфоси ноҳақлик бўлганини иддао қилмоқда.

Фото: TASS

Игнатьев Путин раҳбарлиги вақтида уни судга берган, умуман, Путиннинг қарорига бу қадар кескин муносабат билдирган илк раҳбар бўлди. ВВС президентни судга бериш мумкинми ёки йўқлиги борасида суриштирув ўтказди.

Игнатьевнинг истеъфоси «ишончни оқламагани» билан изоҳланганди. У истеъфосидан олдин бир ҳафтада иккита можаро марказига тушиб қолганди.

У аввалига Россиянинг бошқа ҳудудларидан келиб «вазиятни билиб-билмай ёзаверадиган» журналист ва блогерларнинг «танобини тортиб қўйиш кераклиги»ни айтиб, кўпчиликнинг танқидларига сабаб бўлганди.

Кейинчалик у ФВВ офицерига ўт ўчириш машинаси калитини бераётиб уни сакрашга мажбур қилгач, ўз манзилига «илиқ сўзлар»ни қабул қилиб олади.

Губернатор бу ҳолатда ўзини оқлашга уриниб, ўша ўт ўчирувчи билан яхши муносабатда эканини, бу шунчаки ҳазил бўлганини айтди. Игнатьевнинг сўзларига кўра, 2010 йил ўт ўчирувчилар билан бирга ўрмон ёнғинларини бартараф этишда қатнашган ҳамда улар билан бирга тушонка ва бўтқа еган. Аммо бу «таъсирли ҳикоялар» фойда бермай Игнатьевга танқидлар ёғилиши давом этди.

Ҳатто федерал телеканалларда ҳам танқид қилингач, Игнатьев «манзилнинг охирига келгани» аниқ бўлди. Чунки Россияда тун-у кун ҳукумат пропагандаси билан банд бўладиган телеканалларда танқид қилинадиганлар одатда «сувдан қуруқ чиқолмайди». Шундай бўлди ҳам. Аввалига «Единая Россия»да партбилетидан маҳрум қилинган Игнатьев эртасига истеъфога чиқарилди. Путин унинг ўрмон ёнғинларини ўчиришда қатнашганига ҳам, ўт ўчирувчилар билан бирга бўтқа еганига ҳам қараб ўтирмади.

Игнатьев 20 май куни Олий судга ваколатлари муддатидан аввал бекор қилинганидан норози бўлиб арз қилгани маълум бўлди. Унинг арзномасидаги қўшимча кафолатлар ҳуқуқи борасидаги қисми қайтириб берилган ва истеъфонинг ўзи бўйича берилган ариза олиб қолинган. Ишни кўриб чиқиш 30 июнга белгиланди.

Даъво аризасининг бир нусхаси Путинга юборилган. «Ишга маъмурий жавобгар сифатида Россия Федерацияси президенти жалб этилсин. Маъмурий жавобгарга даъво аризасининг нусхаси юборилсин», дейилган суд ҳужжатида.

Бу ишлар бошланиб кетган бир вақтда «Коммерсантъ» ўз манбаларига таяниб Игнатьев икки томонлама пневмония ташхиси билан касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берди. Шунингдек, «Коммерсантъ» Игнатьевнинг саломатлиги ҳақида ёзар экан, унинг ишини 2003-2007 йилларда Чувашистон Олий суди раиси бўлиб ишлаган судья Вячеслав Кириллов қабул қилиб олганини маълум қилган. Хўш, собиқ губернатор Путин билан судлаша оладими? Бу унга нега керак?

Александр Кинев, сиёсатчи:

«Президент билан судлашиб бўладими? Бўлганда қандоқ. Президентни судга бериш янгилик эмас. Ҳатто муваффақиятли ҳолатлар ҳам бўлган. 1990 йилларда Липецк вилоятида Купцов деган губернатор бўларди. У ишдан олинганидан норози бўлиб Ельцинни судга берганди. Икки йил давом этган ишда суд Ельцин чиндан губернаторни ноқонуний тарзда ишдан бўшатган деб топган. Аммо у вақтда вилоятда сайловлар ўтиб кетиб янги губернатор сайланганди.

Суд бир томондан даъвони қаноатлантирган, аммо губернаторлик ваколати ўтиб кетгани учун лавозимга тикланиш даъвоси рад этилган. Шундай бўлса-да, унга губернаторлик муддатининг ишлолмаган қисми учун маоши тўлаб берилган. Игнатьевнинг бу иши рамзий маъно англатади. Буни унинг ўзи ҳам тушуниб турибди. У қайсидир маънода ўзи узоқ вақт бўлган тизимдан норозилигини билдирди».

Алексей Макарин, сиёсатчи:

«Бунақаси биринчи марта бўляпти. Купцов вақтида вазият бошқача эди, қонунлар ҳам бошқа эди. У вақтда президентни судга бергандан кейин ҳам бемалол ишлайвериш мумкин эди. Ҳозир эса бу амалда имконсиз. Ҳозир президентда «ишончни оқламаганлик учун» ҳеч қандай сабабсиз ишдан бўшатиш ҳуқуқи бор. Бу меҳнат қонунчилигининг назоратига ҳам халақит қилади.

Президент шунчаки ишонмайди, нега ишонмаслиги эса ўзининг иши. Губернаторлар ишончни йўқотмаслик учун ҳаракат қилишади. Агар уларга ишонмай қўйишганини билишса, тинчгина истеъфо беришади. Шу тариқа сиёсий элитада қолиш мумкин деб ўйлашади.

Игнатьев эса конфликтга борди. Уни партиядан ҳайдаш орқали кетиши кераклигига ишора қилишди, лекин у тушунмади. Балки сайловларда ғолиб бўлгани энг муҳими деб ўйлагандир. Игнатьевнинг даъвосидан иш чиқмаслиги аниқ. Истеъфо қарорида унинг ишончни йўқотганлиги айтилган ва президент нега ишонч йўқотилганини изоҳлашга мажбур эмас. Игнатьев нега мухолифатчи каби кўринишни хоҳлаб қолгани тушунарсиз. Дарвоқе, кун у учун ёмон якунланди ва касалхонага тушиб қолди».

Евгений Минченко, сиёсатчи:

«Бу ишда қандайдир синоат кўрмаяпман. Ҳукуматда Путинга қарши мухолифат шаклланяпти, қабилидаги гаплар асоссиз. Бу шунчаки мамлакатда ғалати ишлари билан танилган одамнинг навбатдаги ғалати қарори. У шунчаки инсон сифатида хафа бўлган ва шундай қилган. Игнатьевнинг бу иши Чувашистондаги сайлов натижаларига таъсир қилишга уриниш экани бўлмаган гап, чунки у жуда паст рейтинг билан кетди».

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу борада совуққина қилиб гапирди: «Чувашистон собиқ раҳбарининг даъвоси ҳозир Кремль учун кун тартибидаги энг муҳим савол эмас». Песков Путиннинг суддаги вакили ким бўлиши мумкинлиги ҳақида саволга ҳам «ҳозирча айтолмайман» деб жавоб берган.

Мавзуга оид