«600дан ортиқ нопрофиль активларимиз бор эди» — «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари
«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Улуғбек Ашуров Kun.uz мухбирига берган интервьюсида компания асосий фаолиятига тааллуқли бўлмаган активларини нима учун пандемия даврида, яъни бутун дунёда коронакризис оқибатида нархлар кескин қулаётган пайтда сотаётганига изоҳ берди.
– «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибидаги нопрофиль корхоналарнинг жами сони нечта? Бир ой олдин сотувга чиқарилгани эълон қилинган 41та активдан нечтаси, қанчага сотилди?
– Аввалида бизда 600тадан ортиқ нопрофил объектлар мавжуд бўлган. Шуларнинг 100тадан ортиғини маҳаллий ҳокимиятлар балансига бериб юборганмиз. Қолган қисмини баҳолаб, E-ijro аукционга қўйганмиз.
Соҳага оид бўлмаган объектларнинг 70 фоизи сотилди. Қолган қисмини сотиш бўйича ишлар амалга ошириляпти.
Нопрофил объектларни сотувга қўйишдан ташқари, соҳага хизмат кўрсатувчи ташкилотлар орасида рақобат бўлиши учун сервис корхоналарининг 77тасини тизимдан чиқариб, агентликка бердик.
Бундан асосий мақсад – бизга хизмат кўрсатадиган корхоналар орасида рақобатни ҳосил қилиш, натижада хизмат кўрсатиш нархини тушириш ҳамда сифатни ошириш саналади.
– Нопрофиль активларни сотиш жамиятнинг ўзи томонидан билдирилган ташаббусми? Эртанги кунги иқтисодий вазиятни тахмин қилиб бўлмаётган ҳозиргидек шароитда аҳоли ва тадбиркорлар йирик харажат қилиш ва янги бизнес бошлашга шошилишмайди. Бу эса активлар нархи арзонлашига сабаб бўлиши мумкин. Инқироз вақтига келиб шундай қарорга келингани тўғрими? Бу активлар нега аввалроқ, масалан ўтган йили сотувга чиқарилмаганди?
– 2018 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 645-қарори қабул қилинган. Бу иш анча олдин бошланган эди. Нопрофил объект нима? Бу кўпинча иссиқхоналар, молхоналар, боғлар, макарон цехлари сингари «Ўзбекнефтгаз»нинг асосий фаолиятига умуман тааллуқли бўлмаган бизнеслар эди. Уларни хусусий тадбиркорларга бериш 2017 йилда бошланган, босқичма-босқич давом этяпти. Бу иш пандемия даврида бошланди, дейиш нотўғри. Чунки бу иш 2017-2018 йилда бошланган.
Бу – нефт-газ соҳасини молиявий соғломлаштириш учун қўлланилаётган чораларнинг бир йўналиши.
«Ўзбекнефтгаз»ни халқаро компанияга айлантириш мақсади қўйилган, халқаро рейтингдан жой олишга ҳаракат қилинмоқда, аудиторлик компаниясини жалб қилган ҳолда аудит тадбири ўтказилмоқда. Халқаро консултантларни жалб қилган ҳолда ҳар бир бизнес жараёнининг халқаро талабларга мослиги қайта ўрганиб чиқилмоқда. Бу яна бир йўналиш.
«Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистоннинг энг йирик ташкилотларидан бири. Бюджетнинг катта улушини шакллантиради. Бизнинг асосий акционеримиз – давлат. Асосий мақсадимиз – давлат ва Ўзбекистон аҳолисига фойда олиб келиш.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:19 / 19.12.2024
Шавкат Мирзиёев газ қазиб олишни ошириш юзасидан йиғилиш ўтказди
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024