Ўзбекистон | 18:26 / 17.06.2020
31381
2 дақиқада ўқилади

Тўйхоналар фаолияти нима учун қайта тикланмаётганига изоҳ берилди

Овқатланиш объектларида оралиқ масофани сақлаган ҳолда стол-стулларни жойлаштириш ва овқатланиш вақтини чеклаш мумкин. Тўйхоналарда эса одамлар 2-3 соат вақт мобайнида ўрин алмаштирмасдан бир ерда туриб қолади ва мулоқот қилади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари Ботир Қурбонов АОКАда ўтказилган брифингда нима учун тўйхоналар фаолияти қайта тикланмаганига изоҳ берди.

«Тўйхоналар фаолиятига рухсат берилмаган бўлса-да, ҳовлиларда тўй ўтказишга ҳам рухсат берилди. Тўйхоналарга рухсат берилмаганининг сабаблари бор.

Тўйхона ва ошхоналарда вазият бир-биридан фарқ қилади. Овқатланиш объектларида оралиқ масофани сақлаган ҳолда стол-стулларни жойлаштириш ва овқатланиш вақтини чеклаш мумкин. Тўйхоналарда эса одамлар 2-3 соат вақт мобайнида ўрин алмаштирмасдан бир ерда туриб қолади ва мулоқот қилади», деди агентлик вакили.

У овқатланиш жойларида узоғи билан 40 дақиқа ичида овқатланиб бўлиш ва ҳудудни тарк этиш мумкинлиги, шундан сўнг санитария ҳолатини янгилаш имкони борлигини, тўйхоналарда эса 40-45 дақиқадан сўнг одамларни чиқариб юбориб, хоналарни шамоллатиб бўлмаслигини қайд этиб ўтди.

Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарига мижозларни қатъий текширувдан ўтказган ҳолда ичкарига киришга рухсат бериш тартибига амал қилиш, карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтилди.

Мавзуга оид