Хитой Афғонистонда: «катта ўйин»нинг янги иштирокчиси
«Катта ўйин» ёки «катта қимор» атамаси ўн тўққизинчи асрда Европанинг икки етакчи империяси – Россия ва Англия ўртасидаги душманликни ифодалаш учун қўлланган. Афғонистон 1970-йиллардан 1980-йиллар охирига қадар бўлган даврда яна бир «катта ўйин» – совет иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги кураш майдонига айланди. Бу ўйинда Покистон ва Эрон ҳам «катта оға»лари томонидан берилган кичик ролларни ижро этишди. Қизил армиянинг Афғонистонни ишғол этиши «катта ўйин»нинг иккинчи босқичининг муқаддимаси бўлганди.
«Anadolu agency» нашрида Хитой Жанубий Осиёда олиб бораётган геополитик сиёсат тўғрисида мақола эълон қилинди.
Хитой бош ролга даъвогарлик қилмоқда
Ҳозирда АҚШ Афғонистондан чиқиб кетишга тайёргарлик кўрар экан, катта ўйиннинг аввалги босқичларида иштирок этмаган янги кучлар ушбу мамлакатда ҳал қилувчи рол ўйнашга енг шимаришмоқда. «Янги»лар сафининг бошида эса Афғонистонни «Бир авлод, бир йўл» деб номланган глобал «жумбоқ»ни якунига етказишнинг муҳим воситаси сифатида кўраётган Хитой турибди.
Ҳиндистон, Россия ва АҚШ сингари ўйиннинг бошқа иштирокчилари ўзининг мавжудлигини тўс-тўполон билан намоён этаётган бир пайтда Хитой Афғонистонда, кобулликлар тили билан айтганда, «хира чироқ» сингари ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда АҚШ ва НАТО иттифоқчиларининг Афғонистондан чиқиб кетиши Хитойнинг бош рол ижрочиси сифатида саҳнага чиқишига йўл очиб беради.
Қўшнилар билан можарога бой ўтмиш
Афғонистон Хитой учун бир неча жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Таъкидлаш жоизки, Хитой дунёда Россия Федерациясидан кейинги энг кўп қўшнига эга бўлган иккинчи мамлакатдир. У қуруқликда 14та, денгизда эса 5та давлат билан чегарадош. Хитой ҳозирча бу мамлакатлардан фақат иккитаси – Покистон ва Афғонистон билангина ҳеч қандай ҳудудий-чегаравий можаро ёки ҳарбий ихтилофларга киришмаган.
Хитой ўзининг қуруқликда энг катта чегарага эга қўшниси Мўғулистон билан «ички Мўғулистон» тақдири масаласида ҳануз келиша олмайди. Мўғулистон томони Хитой Ички Мўғулистон мухтор ҳудудини босиб олган деб ҳисоблайди.
Хитойнинг қуруқликдаги энг узун иккинчи чегараси эса Россия билан. Айтиш жоизки, 60-йиллардаги бир қатор ҳарбий можаролардан то ҳозирги кунга қадар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда баъзан енгил, баъзан эса оғир шаклда танглик рўй бериб турган. Россия Хитой ҳудудининг катта қисмини ишғол этар экан, Россиянинг шарқий минтақаларида 3,5 миллион хитойлик ишчи мавжудлиги кескинликларнинг янги омили бўлмоқда.
Хитойнинг қуруқликдаги энг узун учинчи чегараси эса Ҳиндистон билан. Аммо бу ердаги ҳолат Хитой-Россия чегарасидаги вазиятнинг тамоман акси. Яъни Хитой Ҳиндистоннинг Ладакҳ вилояти ҳудудининг катта қисмини эгаллаб олган. Турли партияларга мансуб ҳиндлар ХХ асрнинг 60-йилларидаги мағлубият учун Хитойдан қасос олишни орзу қилишади.
Хитой, бундан ташқари, Вьетнам ва Мьянманинг ҳам бир қисмини ишғол остида тутиб турибди. Хитойнинг Япония, Филиппин, Вьетнам, Жанубий Корея билан Жанубий Хитой денгизи ва Корея кўрфазидаги ороллар масаласидаги келишмовчиликлари ҳам ўзининг тарихий илдизи эга. Сўнгги йилларда Хитойнинг ўз кучини намойиш қилиши айни пайтга қадар самара бермади ва Пекиннинг Спратли ороллари ва Малакка бўғозини назорат қилиш орзуси амалга ошмай қолди.
Дўст давлатлар блоки нега тузилди?
Эндиликда Хитой ўзининг бошқа қўшнилари билан кескинлик юзага келишининг олдини олиш учун дўст давлатлар (Покистон, Афғонистон ва Тожикистон) блокини тузиш орқали Ғарбий Осиёдаги чегараларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. 2015 йилда Хитой Тожикистонда, Афғонистон чегараси ва Вахон ўтиш пункти яқинида ҳарбий база қуришга муваффақ бўлди. Айни пайтда Чин Покистонда ўзини Марказий Осиё платосининг марказидан Гвадар орқали Ҳинд океанига боғлайдиган энг йирик кўп функцияли портларидан бирини қуриш билан машғул. Аммо Хитойнинг Афғонистондаги фаол иштирокисиз ушбу портга олиб борадиган халқаро автомобиль йўли барқарорлигини таъминлаш осон эмас
Хитой «катта ўйин»га қандай қўшилди?
Хитой Афғонистонда фаол ҳаракат қилиш дастурини 1933-1973 йиллардаги афғон ҳукмдори бўлган Муҳаммад Зоҳир Шоҳ даврида бошлаганди. 1960-йилларда Хитой пушту ва дарий тилларини ўрганиш учун минглаб хитойлик ёшларни Афғонистонга жўнатди. Таъкидлаш жоизки, 1960-йиллар охиригача ушбу давлат Афғонистонда самарали тарзда тижорий-ҳарбий таъсир кўрсатадиган иқтисодий имкониятга эга эмасди. Хитой «катта ўйин»га мана шу йиллардан сўнг Покистон воситачилиги орқали кирди. 2000 йилда Хитойнинг Исломободдаги элчиси «Толибон» раҳбари Мулла Умар билан учрашди ва икки ўртада йирик савдо-ҳарбий келишувига эришилди. Ўшандан бери Хитойнинг Афғонистондаги сармоялари ҳажми тобора ошиб бормоқда.
Хитойнинг асосий мақсади нима?
Афғонистондаги Хитой инвестицияларининг энг ёрқин мисолларидан бири – бу Хитойнинг учта ҳукумат ширкати томонидан Афғонистон мис конларига 3 миллиард долларлик сармоя киритилганидир. Шунингдек, Хитой Афғонистоннинг темир рудаси ресурсларидан фойдаланишга ҳозирлик кўрмоқда. Аммо Хитойнинг асосий мақсади – Афғонистоннинг сарум литюм, неодимий, лантан, вольфрам ва уран каби тоғ-кон манбаларидаги афсонавий бойлигини ўзлаштиришдир. Агар ушбу улкан табиий бойликлар қазиб олинса ва улардан тўғри фойдаланилса, Афғонистон яна тараққий этиши мумкин.
Хитой ўзининг барча тухумларини битта саватга солмаяпти
Хитой ҳарбий соҳада толиблар билан ҳамкорликка эга. Шу боис «Толибон» ўз назорати остидаги турли минтақаларда Хитой инвестициялари ва техник ходимларини ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнамоқда. Ушбу ҳимоя эвазига эса Хитой «Толибон»ни қурол-аслаҳа билан таъминламоқда. Қизиғи шундаки, Хитой қуролларни толибларга Покистон орқали эмас, Эрон орқали етказиб беряпти. Покистонни ушбу «катта ўйин»дан узоқроқда тутишдан Пекиннинг кутган мақсади ҳар йил Америкадан 2-3 миллиард доллар атрофида ёрдам олувчи Исломободнинг Вашингтон билан муносабатларидаги кескинликнинг олдини олишдир.
Хитойнинг Афғонистонда Эрон билан ҳамкорлик қилишининг асосий сабаби эса АҚШ ва Россияни «катта ўйин»дан чиқариб юборишдир. Афтидан, Пекин ҳам, Теҳрон ҳам Москва ҳақида ижобий фикрда эмас. Эрон раҳбари Оятуллоҳ Али Хоминаий гарчи Россия билан қайсидир маънода ижобий муносабатга киришаётган бўлсада, Эрон ҳукумати ва жамоатчилиги Россияни ўз душмани деб билади.
Айни пайтда Эроннинг «Толибон»га ёрдам беришда Хитой билан ҳамкорлик қилиши эса унинг АҚШга қарши стратегиясининг бир қисмидир. Эрон «Толибон»нинг Вашингтон билан муроса қилишидан қўрқмоқда. Хитой эса ҳар доимгидек ўзининг барча тухумларини битта саватга солмаяпти. Пекиннинг «Толибон» билан ҳамкорлик қилиши, уни маблағ ва қурол-аслаҳа билан таъминлаши Чиннинг расмий Афғонистон ҳукуматига ҳам «елка тутиш»ига тўсқинлик қилмаяпти.
Айни пайтда Хитой армияси икки мамлакат чегарасидаги ҳудудда афғон тоғли жангчилар бўлинмасини етиштирмоқда. Пекиннинг таъкидлашича, ушбу гуруҳни ўқитиш сабаби Хитой Қизил армиясига уйғур айирмачиларининг Шинжон-Уйғур мухтор вилоятига киришига йўл қўймасликка ёрдам беришдир. Пекин худди шу баҳонадан ўзининг Тожикистондаги ҳарбий ҳаракатларини оқлашда ҳам фойдаланмоқда.
Хитойнинг таъсир доираси ойдинлашмоқда
Хитойнинг Афғонистонда таъсир доираси тобора ойдинлашиб бормоқда. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, ҳукмрон партияга алоқадор 100дан ортиқ Хитой компаниялари Афғонистондаги турли соҳаларда, жумладан, нефть ва газ, металлургия, алоқа, транспорт ва, албатта, ҳарбий таъминот тармоқларида фаолият олиб бормоқда.
Хитойнинг мақсади Ҳинд океанидан Марказий Осиёга чўзиладиган «дўстона» блокни яратишдир. Эрон ушбу блокни шакллантиришда Хитой Халқ Республикасига ёрдам беради, аммо у худди Суриядаги каби «катта ўйин»дан чиқариб юборилади.
Мавзуга оид
17:13
Ўзбекистон Афғонистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ва «Саломатлик» поездини жўнатди
17:10
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
15:03 / 10.12.2024