Жаҳон | 08:48 / 18.06.2020
12916
3 дақиқада ўқилади

Болтон Трамп қайта сайланиш учун Си Цзиньпиндан ёрдам сўраганини маълум қилди  

АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой раиси Си Цзиньпин билан музокаралар давомида қайта сайланиш учун хитойлик ҳамкасбидан АҚШ маҳсулоти импортини ошириш билан боғлиқ ёрдам сўраган. Бу ҳақда Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон ўз китобида маълум қилган.

The Hill нашрининг хабар беришича, бундай маълумот Болтонинг ҳали сотувга чиқмаган, бироқ журналистлар қўлига тушган китобида келтирилган.

Болтоннинг версиясига кўра, G20’нинг 2019 йил июндаги саммитида Си Цзиньпин Трампга АҚШда Хитойга душманона муносабатда бўлган сиёсатчилар борлигини айтган.

“Мен Си Цзиньпин бунда демократларни ёки музокараларда қатнашганлардан бирортамизни назарда тутганини билмайман, бироқ Трамп дарҳол гап демократлар ҳақида кетаётганини тахмин қилган”, деб айтган Болтон ўз китобида.

“Трамп демократлар ҳақиқатан ҳам Хитой душманона муносабатда эканлигини айтган. Сўнгра Трамп кутилмаганда суҳбатни АҚШдга президент сайловларига буриб юборган. У бу ўринда Хитойнинг катта иқтисодий имкониятлари ҳақида эслаб ўтган ва Си Цзиньпинни унга ғалабани таъминлашга чақирган”, дейилган китобда.

Болтоннинг таъкидлашича, АҚШ президенти америкалик фермерлар учун улар етиштирадиган соя дуккакларининг Хитой томонидан импорти оширилиши қанчалик муҳимлигини таъкидлаб ўтган.

Болтоннинг ёзишича, у ўша суҳбатдан аниқ цитаталарни келтириши мумкин, бироқ қонун бўйича Оқ уйнинг собиқ ходимлари китобига тузатишлар киритишга ҳаққи бўлган АҚШ ҳукумати унга буни қилишни тақиқлаган.

The Hill’нинг таъкидлашича, натижада АҚШ ва Хитой савдо келишувининг биринчи босқичини имзолаган. У, жумладан, Хитой томонидан АҚШнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хариди ҳажми оширилишини кўзда тутган.

Оқ уйда Болтоннинг китобида ёлғон кўплиги бир неча марта таъкидлаб ўтилган. Бундан ташқари, китобда маҳфий маълумотлар келтирилган ва шу сабабли Оқ уй маъмурияти собиқ маслаҳатчи билан судлашмоқчилигини билдирган.

Трамп Болтонни 2019 йил сентябрда ўз лавозимидан бўшатиб юборган. Бунга бир қатор сиёсий масалалар бўйича собиқ маслаҳатчининг Трамп ва Оқ уй маъмуриятининг бошқа аъзолари билан зиддиятга бориши сабаб бўлган.

Мавзуга оид