Жаҳон | 12:06 / 18.06.2020
65102
2 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоевда коронавирус аниқланди

Нурсултон Назарбоев масофадан туриб ишлашда давом этаётгани айтилган.

Фото: AP

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевда коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Ҳозирги вақтда Қозоғистоннинг биринчи президенти ўзини ўзи яккалаш режимида бўлиб турибди. Элбошининг коронавирус инфекциясига ўтказилган сўнгги тести мусбат натижани кўрсатди. Хавотирга сабаб йўқ

Нурсултон Назарбоев масофадан туриб ишлашда давом этмоқда», - дейилади унинг матбуот хизмати хабарида.

Аввалроқ, Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов 14 июнь куни коронавирусга чалингани ва шифохонага жойлаштирилганини маълум қилганди. 

Шундан сўнг, Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртановда коронавирус аниқлангандан кейин ўзини яккалашга қарор қилди.

Маминнинг коронавирусга топширган тести манфий чиққан. 12 июнда Маминнинг Жамбил вилоятига ишчи сафари вақтида Биртанов унга ҳамроҳлик қилган. Биртановда коронавирус аниқлангани маълум бўлгач, Мамин коронавирусга тест топширган ва унинг натижаси манфий чиққан. Бош вазир видеоалоқа орқали ишлашни давом эттирмоқда.  

Июнь бошида коронавирус Қозоғистон президенти матбуот котиби Берик Курмангалида аниқланганди.

Қозоғистонда коронавирус пандемияси сабабли 16 мартдан 11 апрелгача фавқулодда вазият режими амал қилганди. Карантин чоралари республиканинг турли ҳудудларида ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. 

Бугунги кунда республикада коронавирусга чалинганлар сони 15 542 нафарни, ундан вафот этганлар сони 97 нафарни ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, 9 902 киши вирус асоратларидан соғайиб кетган.

Назарбоев қарийб 30 йил давомида Қозоғистон президенти бўлган. 2019 йил майида у истеъфога чиққан, шу билан биргаликда «миллат отаси» унвонини ҳамда Конституцион кенгаш аъзолигини сақлаб қолган. Шунингдек, у Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши ва ҳукуматдаги «Нур Отан» партиясини бошқаради.

Назарбоевнинг оиласи Қозоғистон сиёсатида ўз таъсирини сақлаб қолган.

Мавзуга оид