Ўзбекистон | 16:50 / 19.06.2020
57419
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда нишонланган туғилган кунда 13 киши коронавирус юқтириб олди

18 июнь куни Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота ва Ўрта Чирчиқ туманларида аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилган. Тошкент шаҳрида эса туғилган кун нишонланиши оқибатида 13 киши вирусга чалинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18-19 июнь кунлари аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этди.

«Аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар ичида турли касб эгаларини кўриш мумкин. Шунингдек, касалланиш ҳудудлар кесимида ҳам кенгайиб бормоқда. Анчадан буён коронавирус аниқланмаган яшил ҳудудлар ҳам бир зумда қизил ҳудудга айланаётгани касалликни юқтириб олиш хавфи юқори эканидан дарак беради.

Аввал хабар қилганимиздек, 17 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 189 нафар беморнинг 13 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 18 июнь куни эса 85 нафар бемордан 28 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи пасайган бўлса-да, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати кескин ошганини кўриш мумкин», дейилади хабарда.

18 июнь куни Тошкент вилоятида 14, Тошкент вилоятида 13, Қашқадарё вилоятида эса 1та ҳолат аҳоли орасида қайд этилди.

Жумладан, Тошкент вилоятида Тошкент туманида яшовчи фуқарода, Зангиота туманида яшовчи фуқаро ва унинг уч нафар оила аъзосида, Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи 9 нафар фуқарода, шунингдек, чақириқ бўйича тез тиббий ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази қабул бўлимига олиб келинган беморда касаллик қайд этилган.

Бугун соат 10:00га қадар касаллик аниқланган 88 нафар бемордан 10 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида қайд этилган.

Жумладан, Юнусобод туманида яшовчи такси ҳайдовчисида (ўзи келиб намуна топширган), тана ҳарорати кўтарилгач шифокорга мурожаат қилган Олмазор туманида яшовчи уй бекасида, Учтепа туманида яшаб, Сергели туманида озиқ-овқат дўконида ишловчи сотувчида, худди шу тумандаги туғруқ таътилида бўлган уй бекасининг( шу йилнинг 13 июнидан тана ҳарорати кўтарила бошлаган) ўғли ва қизида ҳамда яна Учтепа туманидаги якка тартибдаги тадбиркорда (ўзи бориб таҳлил топширган), Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқарода (12 июндан тана ҳарорати кўтарила бошлаган) ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Мазкур касаллик аниқланган фуқароларнинг аксарияти тана ҳарорати кўтарилгач, шифохонага мурожаат қилишган ва намуна топширишган. 

Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

«Бундан ташқари, коронавирус аниқланган пойтахтлик фуқаронинг туғилган кун муносабати билан ўтказган тадбирида иштирок этган 13 нафар оила аъзоси ва қариндошларига юқтиргани барчамизни ҳушёр торттириши лозим. 

Шу боис, шу кунларда  турли маросим ва тадбирлар ўтказишдан вақтинчалик тийилиб туришимиз, имкон қадар одамларни тўпламасликка, аҳоли гавжум жойлардан узоқроқ бўлишимиз ўзимиз ва яқинларимизнинг саломатлиги учун энг муҳим қоида эканлигини унутмаслигимиз керак. Шу ўринда ҳозир биргина ана шу воқеа сабаб қанча киши уй ва стационар карантинга олинганлигини айтишни ҳожати ҳам бўлмаса керак. 

Хавотирли вазиятдан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, яна бир бор, аҳолини, жумладан, фаолияти тикланган соҳаларда меҳнат қилаётган фуқароларни ҳушёрликни йўқотмаган ҳолда, карантин қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид