Ўзбекистон | 23:46 / 21.06.2020
112680
3 дақиқада ўқилади

Бугун 6 ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланди

21 июнь куни Ўзбекистонда 162та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 6315 ҳолат) ва 87 нафар бемор соғайди. Шу вақтгача 4377 беморга жавоб берилган, 19 киши вафот этган, шифохоналарда 1919 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 8 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Наманган, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 162 ҳолатдан 127таси карантин муассасаларида, 22таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 13 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+22)
Бухоро вилоятида беморлар сони 13тага ўсди, шундан 11 ҳолат аҳоли орасида қайд этилган. Сўнгги кунларда Шофиркон тумани ҳудудида аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланаётганди.

Тошкент шаҳрида аҳоли орасида 7та ҳолат қайд этилган. Пойтахтда деярли барча туманларда ҳар куни аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Сўнгги кунларда уй бекаларида, такси ҳайдовчиларида, сотувчиларда, ишчиларда ва уларнинг оила аъзоларида вирус чиқмоқда.

Шунингдек, Сирдарё, Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятларидан аҳоли орасида биттадан ҳолат аниқланди.

Карантин (+127)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 70 ҳолат аниқланди.

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 23 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 8 ҳолат қайд этилди.

Самарқандда ва Қашқадарёда карантиндагилар орасида 9 нафардан коронавирус бемори аниқланган.

Шунингдек, Наманган (4), Бухоро (2) ва Андижонда (2) карантиндагилар орасида янги ҳолатлар чиққан.

Ҳайдовчилар (+13)
Тошкент вилоятида 12, Сирдарё вилоятида 1 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари вирус юқтиргани маълум бўлган.

Тузалганлар (+87)
Бугун Тошкент шаҳри (66), Навоий (9), Хоразм (7) ҳамда Самарқанд вилоятларидаги (5) тиббиёт муассасаларида жами 87 бемор тузалиб чиқди ва шу вақтгача касалликдан соғайганлар сони 4377 нафарга етди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1919 нафар бемордан 11 нафари оғир, 3 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ҳозирда мамлакатимизда уй карантинида 37 314 нафар, стационар карантинда эса 22 812 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. 

Мавзуга оид