Ўзбекистон | 21:03 / 27.06.2020
6352
2 дақиқада ўқилади

«Белоруснинг Belavia авиакомпанияси Тошкент – Минск йўналишида парвозларни йўлга қўймоқда» – Uzbekistan Airports

Айни пайтгача Минск – Тошкент – Минск йўналишида фақат «Uzbekistan Airways» парвозларни амалга ошириб келган бўлса, энди Белоруснинг Belavia авиакомпанияси парвозларни бошлайди.

Қайд этилишича, кейинги вақтда икки давлат ўртасида алоқалар, хусусан, талабалар алмашинуви, турли соҳалар бўйича ўзаро малака ошириш ривожланиб бораётгани учун Тошкент – Минск йўналишидаги парвозларга эҳтиёж ошиб бормоқда.

«Парвозлар кўламини кенгайтириш, аҳолининг ҳаво қатновига бўлган эҳтиёжини қондириш шунингдек Ўзбекистон-Беларусь давлатлари ўртасида сайёҳликни янада ривожлантириш мақсадида Тошкент халқаро аэропортининг Белоруснинг Belavia авиакомпанияси ҳаво кемаларига хизмат кўрсатишига оид шартнома имзоланди.

Belavia Беларусь Республикасининг 1996 йилда ташкил топган энг йирик авиаташувчисидир. 1997 йилдан бери у Халқаро ҳаво транспорти ассоциациясининг (IATA) тўлақонли аъзоси, 2010 йилдан эса, Европа минтақавий авиакомпаниялари уюшмаси (ERAA)нинг аъзоси саналади.

Belavia Минск Миллий аэропортида жойлашган бўлиб, Европа, МДҲ ва Осиё давлатларидаги 50дан ортиқ аэропортларга мунтазам рейсларни амалга оширади. Ҳозирда хорижий ҳамкор авиакомпаниялари билан 42та тижорат шартномаларини имзолаган.

Belavia ҳаво флоти Ғарб компанияларида ишлаб чиқарилган замонавий 28 «Boeing» ва «Embraer» самолётларига эга.

Belavia фуқаро авиацияси соҳасидаги энг сўнгги талабларга жавоб берадиган, доимий ривожланиш ва такомиллаштиришга, йўловчилар салмоғини оширишга интиладиган ҳаракатдаги авиакомпания ҳисобланади», дейилади «Uzbekistan Airports» АЖ ахборот хизматининг хабарида.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, 1 августдан хорижий давлатларга авиарейслар қўйилиши кутилмоқда. Худди шу санадан бошлаб Belavia авиакомпанияси ҳам Тошкентга парвозларни йўлга қўйиши, Белорусда қолиб кетган ўзбекистонликлар учун чартер рейсларни бошлаши мумкин.

Belavia авиакомпанияси эпидемиологик вазият барқарорлашишига қараб, Минск-Тошкент-Минск йўналиши бўйича ҳафтасига 2 марта амалга ошириш парвоз қилишни режалаштирган.

Мавзуга оид