Ўзбекистон | 00:11 / 27.06.2020
133637
3 дақиқада ўқилади

Беш ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланди

26 июнь куни Ўзбекистонда 250та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 7427 ҳолат) ва 161 нафар бемор соғайди. Шу вақтгача 5038 беморга жавоб берилган, 20 киши вафот этган, шифохоналарда 2369 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 5 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Бухоро, Хоразм, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 250 ҳолатдан 220таси карантин муассасаларида, 25таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 5 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+25)
Аҳоли орасидаги янги ҳолатларнинг энг кўп қисми Хоразм вилоятида қайд этилди - 10 ҳолат. Вилоятда бугун жами 22 ҳолат қайд этилиб, шу вақтгача аниқланган касалланиш ҳолатлари сони 318тага етди - республикада тўртинчи кўрсаткич. Шу вақтгача беморларнинг 240 нафари тузалиб чиққан.

Бугун Тошкент шаҳрида аҳоли орасида 8та янги ҳолат қайд этилди. Бир кун олдин Сергели тумани ҳокимлигида вирус чиққан, сўнгги кунларда Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Пойтахтда сўнгги марта 3 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланмаганди.

Тошкент вилоятида аҳоли орасида яна 5 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Бир кун олдин вилоятнинг Ўрта Чирчиқ, Қибрай ва Паркент туманларида аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланганди.

Шунингдек, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида аҳоли орасида биттадан янги ҳолатлар қайд этилган.

Карантин (+220)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 179 ҳолат аниқланди.

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 18 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

Тошкент вилоятида беморлар билан алоқаси туфайли карантинга олинган 9 кишида вирус чиқди.

Шунингдек, Хоразм вилоятида карантиндагилардан 10 кишида, Сирдарёда 3 кишида, Бухорода 1 кишида вирусга чалиниш ҳолати қайд этилган.

Ҳайдовчилар (+5)
Хоразм вилоятида 2, Сирдарё вилоятида 3 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Тузалганлар (+161)
Бугун Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида жами 123 нафар бемор уйига кузатилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида, Қашқадарё вилоятида 19 нафар, Навоий вилоятида 14 нафар беморга жавоб берилди, жами тузалганлар сони 5038 нафарга етган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2369 нафар бемордан 18 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.

15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 20 нафар бемор Covid-19 асоратлари оқибатида вафот этган. Июнь ойида 5 ўлим қайд этилди.

Мавзуга оид