Ўзбекистон | 11:46 / 30.06.2020
121260
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда карантин чоралари кучайтирилмоқда

Ўзбекистонда карантин чоралари яна кучайтирилмоқда. Мамлакатда эпидемиологик вазият ёмонлашгани ҳисобга олиниб, Республика махсус комиссияси тегишли қарорларни қабул қилди.

«Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари сўнгги кунларда ўсиб бораётганлиги ва айрим ҳудудларда юқори кўрсаткичлар қайд этилаётгани, шу жумладан аҳоли ўртасида инфекцияни юқтириш даражаси ошиб бораётгани ҳам санитария-гигиена назорат тизимини янада такомиллаштириш ва кучайтириш зарурлигини тақозо этмоқда.

Бу борада, биргина Тошкент шаҳри Юнусобод туманида ташкил этилган тўй маросими натижасида 76 кишининг инфекция билан касалланиши рўй бергани, жамоат жойларида ижтимоий масофани сақлаш ва тиббий ниқоблар ҳамда антисептик воситалардан фойдаланиш талабларига риоя этилмагани сабабли Тошкент вилоятида зарарланиш ҳолатлари сони ошиб кетганини мисол келтиришимиз мумкин», дейилади комиссия ахборотида.

Комиссия қарорига кўра, 1 июль кунидан республиканинг барча ҳудудларида йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилади.

«Қизил» ва «сариқ» ҳудудларда соат 07:00дан 23:00га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23:00дан 07:00га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади.

Бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига рухсат берилади.

Мазкур талабларни бузган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланади.

Шунингдек, «қизил» ва «сариқ» ҳудудларда ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида жамоат транспорти ҳаракати камайтирилади.

Мавзуга оид