«Бобомнинг баҳонаси». «Сиёсий умрбоқийлик» учун ўзгарган конституциялар
25 июндан 1 июлгача Россия Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича овоз бериш натижаларига кўра, сайловчиларнинг қарийб 78 фоизидан ортиғи ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган. Тузатишларда президент Владимир Путинга лавозимига яна номзодини илгари суришга ва ҳокимият тепасида 2036 йилгача қолиш имконини бериш ҳам кўзда тутилган.
Россия конституцияси яна ўзгартириладиган бўлди. Яна ўша сабаб билан, яна ўша инсон учун...
«Стратегик кечикиш, қарор қабул қилишни орқага суриш, ўз ваколатларини узайтириш, бир сўз билан айтганда алоҳида тақвим билан яшашни кўпчилик Владимир Путиннинг ўзига хос сиёсий усулларидан деб ўйлайди. Аммо бу Путиннинг уникал ҳаёт тарзи эмас. Бундай усул Лотин Америкаси, собиқ совет давлатларида кенг тарқалган», деб ёзади «Медуза».
Путиннинг президентлик муддатларини узайтириш учун бутун бошли Россия конституциясига ўзгартириш киритилаётганидан хабарингиз бор. Қатор нашрларда шу муносабат билан ўз ваколатини ошириш учун конституцияни ўзгартирган давлат раҳбарлари эсланмоқда.
Шу вақтгача ўнлаб раҳбарлар давлатни узоқ вақт бошқариш учун қонунлар, ҳатто конституцияни ўзгартиришган. Путин «сиёсий умрбоқийлик» учун конституцияни ўзгартирган мана шу орийлар қаторидан ўрин олади.
«Сиёсий касаллик»
Бу Лотин Америкаси учун шунчалик эски тажрибаки, сиёсатшунос Рассел Фитцгиббон 1940 йилдаёқ давлатни узоқ бошқариш учун қонун ўзгартиришни «continuismo» деб аташни таклиф қилган. Бугун бу «сиёсий касаллик» бутун дунё бўйлаб томир отган ва айниқса собиқ СССР давлатлари ҳудудида «газак отган». 1945 йилдан 2017 йилгача демократик ва авторитар давлатларда 94 нафар президент конституцияни чеклаб ўтиб ваколатларини узайтиришга эришган.
Сиёсатчи Александр Батуро ХХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХI асрнинг бошида ваколатларини узайтириш ҳолатларининг 130тасини санаган. Маълум бўлишича, бундай ишни қилганлар одатда бир марта қонунни ўзгартириш билан кифояланмайди. Ҳатто бу борада иккита китоб ҳам ёзилган.
Батуронинг китобида фақат 2017 йилгача бўлган ҳолатлар ёзилган, аммо ўтган уч йил давомида ҳам демократияни назарига илмай ваколатини оширганлар бўлди. Масалан, 2018 йилда Хитой халқ республикаси раиси Си Цзинпин ҳукуматни бошқариш учун чекловлардан қутулди. Энди у мамлакатни хоҳлаганича бошқариши мумкин. Дарвоқе, Трамп Хитой раисининг бу ишини «ажойиб» деб атаган. 2019 йилда Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий парламент орқали президентлик ваколатларини узайтириб олди.
Мисрдаги жараён ҳам овоз бериш орқали амалга оширилди. Парламент президентлик ваколатларини 4 йилдан 6 йилга узайтирди ва Сиси 2024 йилдаги сайловда ҳам қатнашиш имконига эга бўлди. Шу тариқа у 2030 йилгача мамлакатни бошқариши мумкин. Буни қўллаб мисрлик сайловчиларнинг 90 фоизи овоз берди. Албатта, бундай раҳбарлар «Мана, халқнинг ўзи овоз берди», деб тураверишади, лекин аслида ҳаммаси кимнинг хоҳиши билан бўлаётгани маълум.
Дунёда тез-тез содир бўладиган бу воқеани ҳуқуқшунослар «бобомнинг баҳонаси» деб аташади. Ҳукуматда бир умр қолишни хоҳлайдиган раҳбарларнинг барчаси қари эркаклар бўлгани учун шундай атама пайдо бўлгандир. Россияда эса бу атаманинг бошқача варианти бор: «Терешкова тузатуви». Чунки Путиннинг муддатларини ноллаштиришни айнан депутат Валентина Терешкова таклиф қилганди.
Сиёсатчилар амалдаги «де факто» раҳбар бор вақтда аслида вақтинча президентлик ваколатларини амалга оширувчи раҳбарнинг келишини ҳам «континуизм» аломатларидан деб қарашади. Масалан, 1930-61-йилларда Доминикан республикасини амалда бошқарган Рафаэль Трухильо бу трюкдан икки марта фойдаланган. Никарагуанинг «де факто» раҳбари Анастасио Сомоса 1936-81-йилларда давлатни бошқариб «де юре раҳбар ўйини»дан фойдаланган.
Сиёсатчи Александр Батуро Дмитрий Медведевнинг президентликка келишини ҳам «континуизм» сирасига киритган. Дмитрий Анатольевич 2008-12-йилларда бир муддат Россия президенти бўлган. Айнан унинг даврида президентлик муддати 4 йилдан 6 йилга узайтирилган. Агар мана шу мантиқдан келиб чиқсак, Путин «континуизм санъати»га учинчи марта мурожаат қилмоқда. Биринчиси – Медведевнинг амалда вақтинча раҳбар бўлиб президентликка келиши, иккинчиси – 2008 йил президентлик муддатининг 4 йилдан 6 йилга узайтирилиши, учинчиси – ҳозир содир бўлаётган референдум жараёни.
Путин конституцияни ўзгартириб бўлса ҳам ўз президентлик муддатини узайтираётган бир вақтда россиялик сенатор Андрей Клишас президентлик муддатини ноллаштиришни кулгили сабаблар билан оқлашга ҳам улгурди: «Ҳозирги ҳолатда кўпчилик сиёсатчилар оддий иш фаолиятини олиб бориш ўрнига ўринбосар ким бўларкин деб ўйлаш билан банд бўлишади. Президентлик муддатини ноллаштириш одамларни бу трансфер (яъни раҳбарликни топшириш) ҳақида ўйлашдан қутқаради». Яъни, бир кишининг президентлик ваколатларини ошириш шунчаки одамларни бир мавзуда ўйлашдан қутқариш учун қилинаётган экан. Жуда ғалати сабаб.
Ҳатто антик дунёда раҳбарлар тез-тез ўзгарган
Шахсларга боғланиб қолиш ҳалокатли оқибатларга олиб келишини англаш учун аслида кўп ақл керак эмас. Инсоният онги мукаммалликка яқинлашган бугунги кунда ҳам замонавий инсонлар ҳукуматга тиш-тирноғи билан ёпишиб олиши шунчаки ажабланарли ҳолат. Ҳатто антик даврларда ҳам давлат раҳбарлари белгиланган муддатдан ортиқ ишлашига йўл қўйилмаган. Юқори лавозимдаги одамлар одатда ҳар йилда алмаштирилган. Ўшанда одамлар давлатнинг шахсга боғланиши ҳалокатга олиб келишини тушунишган.
Аммо кейинчалик монархия пайдо бўлиши давлатчиликнинг жуда хунук кўринишлари пайдо бўлишига олиб келди. XVIII асрдаги Франция ва Америка инқилобларида давлат раҳбарларининг муддати қатъий белгиланиши асосий даъволардан бири бўлган.
«Доим ҳам раҳбарларнинг қатъий белгиланган муддатдан ортиқ ишламаслигига эришиб бўлмайди. Одам ўзини бошқаларнинг фойдаси учун ишлаётган давлат сифатида тасаввур ҳам қилиши мумкин. Лекин раҳбарни устига конституция деб ёзилган ва у доим ўзгартираверадиган қоғоз эмас, чиндан халқ қўллаётганини қандай билиш мумкин?», деб якунланади «Медуза»даги мақола.
Миллат дунёқараши
Хўш, нега жамият бир кишига ўз муддатларини «қонуний тарзда» узайтириб олишга имкон беради? Ахир бунинг турган битгани қонунбузарлик-ку? Бунга кўп омиллар сабаб бўлиши мумкин. Аввало миллатнинг дунёқараши ва давлат раҳбарининг шахсияти. Энг ачинарлиси, кўплаб «миллат оталари» ҳукуматда ўлгунига қадар «ушланиб қолишади». Кимдир ўринбосар танлаб қўйган бўлади, аммо афсуски, баъзан иш давлат тўнтариши ёки фуқаролик урушларигача боради.
Чикаго университети профессори, халқаро конституцион ҳуқуқлар бўйича мутахассис ва «Муддатлар чекловини қандай чеклаб ўтиш мумкин» суриштируви ҳаммуаллифи Том Гинзбургнинг айтишича, бир кишига боғланиб қолган давлатда раҳбар ўзгариши жуда хавфли жараён ҳисобланади. Мавзуга мос бўлмаса ҳам Англиянинг «МЮ» ҳамда «Арсенал» клублари уларни узоқ йил бошқарган мураббийларнинг истеъфосидан кейин қийналиб қолгани беихтиёр эсга тушади.
«Етакчи тахтда бўлган вақтда бир қарашда ҳаммаси барқарор сақланиб турган бўлади, аммо жамиятда босим ошиб бораверади. Бундай давлатларда ҳукумат алмашиши жуда ва жуда мураккаб даврга айланади. Бир томондан сиз вақтинча стабилликка эга бўлсангиз, бошқа томондан катта муаммолар газак отиб бораверади».
Африка тўлқини: ҳамма президентликда қолишни истайди
Президентлик ваколатларини узайтириш бўйича мисолларни Африкадан кўплаб топиш мумкин. «Совуқ уруш тугаши билан у ерда кўплаб демократик давлатлар ва янги етакчилар пайдо бўлди. Ўн йилча ўтиб уларнинг муддати тугагач, аксарияти президентликдан кетишни хоҳламай қолди», дейди ВВС рус хизмати билан суҳбатда профессор Гинзбург.
Улардан бири Чад раҳбари Идрис Деби. У 1990 йилда давлат тўнтариши қилиб ҳукуматга келади. Деби аввалига демократик ислоҳотлар қилиш иддаоси билан чиқади. 1996 йилда эса конституцияга референдум орқали ўзгартириш киритиб, президентлик ваколатини 5 йилдан икки марта этиб белгилайди. 2005 йил ҳам тезда келади ва Дебининг иккинчи муддати якунланиб қолади. Лекин президентликдек ажойиб ўринни бўшатиш хоҳиши ҳадеганда келавермайди. Шунда Деби яна референдум ўтказиб, лимитни бекор қилдириб олади.
Шу тариқа, Путиннинг тенгдоши бўлган Деби мамлакатини энг узоқ вақтдан буён бошқариб бораётган раҳбарлар ўнлигида бормоқда. Декабрда у ҳукуматга келганининг 30 йиллигини нишонлайди. Энг узоқ вақт давомида ҳукуматни бошқараётганлар рўйхатини эса африкалик бошқа президент Полб Бийя бошқариб турибди. 87 ёшли Бийя 45 йилдан буён Камерун ҳукмдори.
Унга ҳам учинчи муддатга сайланиш учун 1996 йилда қабул қилинган конституция «халақит берди» ва Бийя 2008 йилда лимитни бекор қилиб, иккита 7 йиллик муддат белгилатди. У президентлик ваколатларига чеклов бўлишини сайловчиларнинг ҳуқуқларини чеклаш деб баҳолади. Даҳшат, тўғрими?
Президентликда қолиш учун конституцияни ўзгартириш бўйича Буркина-Фасо президенти Блез Кампаоре ҳам яхшигина маҳоратга эга. У 1987 йил ҳарбий тўнтаришдан сўнг ҳукуматга келиб, 27 йил давлатни бошқаргач, конституцияни ўзгартиришга мажбур бўлади. Президент 2014 йил 14 йил аввал конституцияга киритилган ўзгаришни бекор қилади. Унга кўра, бир киши икки муддатдан кўпроқ сайловда ўз номзодини қўя олмасди.
Аммо барчаси Компаоре ўйлагандек бўлмади. Буркина-Фасо парламенти президентлик ваколатларини ноллаштириш учун овоз бериши керак бўлган кун мамлакат Миллий ассамблеяси биносини намойишчилар эгаллаб олишади. Оқибатда Компаоре нафақат президентликдан кетишга, балки Кот-д'Ивуарга қочиб кетишга мажбур бўлади.
2015 йил Конго президенти Дени Сассу-Нгессо учинчи муддатга номзодини қўйиш учун референдум ўтказишни таклиф қилади ва расмий маълумотларга кўра, овоз берганларнинг 93 фоизи президентлик ваколатининг икки муддатдан иборатлиги ҳақидаги чекловни бекор қилувчи конституциявий ўзгаришни қўллаб овоз беришади. Шу тариқа Сассу-Нгессо ваколатини узайтириб олади ва 36 йилдирки Конгони бошқариб келмоқда.
Зимбабвенинг марҳум президенти Роберт Мугабени танимаган одам бўлмаса керак. Унга қайта-қайта сайловларда ўз номзодини кўрсатиши учун ҳеч нима халақит бермаган, чунки унинг ўзи бошчилигида 1980-йилларда қабул қилинган конституцияда ҳеч қандай чекловнинг ўзи йўқ эди. У Зимбабвени 37 йил давомида бошқариб, мамлакатни иқтисодий ҳалокат ёқасига келтириб қўйди.
2017 йилда Мугабени тинчгина қон тўкмасдан истеъфога чиқаришди. Албатта, унинг ўзи буни хоҳламади, аммо тинч тўнтариш билан уни четлаштиришди. Икки йил ўтиб эса бутун умр давлатни бошқаришни орзу қилган Мугабе 95 ёшида вафот этди.
Ҳет-трикчи Уго
Ўз ваколатларини ошириш учун конституцияни ўзгартиришда Венесуэланинг узоқ йиллик президенти Уго Чавесга етадигани йўқ. Дунёдаги энг катта нефть захирасига эга мамлакатнинг қашшоқ ва яшаш учун хавфли давлатлар қаторига кириб қолишига сабабчилардан бири бўлган Чавес ўз ваколатларини ошириш учун конституцияни уч марта ўзгартирган ва ҳар сафар одамлар расмий маълумотларга кўра уни қўллаган. Ўз хоҳиши билан содир бўлган бу ўзига хос ҳет-трикни Чавес «Боливияча инқилоб» ва социализм қуриш учун амалга оширганини иддао қилган.
1999 йилда Чавес давлат раҳбарлигига келгач, венесуэлаликлар янги конституция учун овоз беришади. Янги ўзгаришларга кўра, президентнинг ваколатлари кескин оширилганди. Конституцияга киритилажак ўзгаришлар пакетида моддий ёрдам ва ижтимоий ҳимоя ҳақида ҳам бандлар бор эди. Бу эса ўзгаришларни ёқлаб овоз берувчилар сонини кўпайтиради ва президентлик ваколатлари 5 йилдан 6 йилга узайтирилиб, икки муддат номзод кўрсатиш чеклови киритилади.
2007 йилда Чавес яна референдум ўтказади. Бу сафар у президентлик ваколатларини 6 йилдан 7 йилга узайтиришни, шунингдек, мамлакат Марказий банки ва губернаторлар тўғридан тўғри ўзига бўйсунишига эришмоқчи бўлади. Аммо сайловчиларнинг 51 фоизи буни рад этиб, Чавес кутган натижа бўлмайди. 2009 йилда Чавес барибир мақсадига етишади. У бу гал ақлли йўл тутади ва барча сайланадиган лавозимлар учун икки марталик чекловни олиб ташлашни таклиф қилади. Бу сафар сайловчиларнинг 54 фоизи таклифни қўллайди ва у қабул қилинади. Бироқ Уго Чавес бу ўзгаришдан тўлиқ фойдалана олмайди. 2012 йилда қайта сайланган диктатор 2013 йилда саратондан ўлади.
Собиқ иттифоқча классика
МДҲ давлатларида ҳам ваколатни ошириш учун конституцини чеклаб ўтиш санъат даражасига кўтарилган. Масалан, ҳозирда раҳбар бўлиб келаётган Александр Лукашенко, Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон «миллат пешвоси» Имомали Раҳмон конституцияга киритилган ўзгаришлар билан ваколатларини узайтириб олишган. Тожикистонда ҳаттоки президентликка номзод бўлиш ёши референдум орқали 35 ёшдан 30 ёшга туширилган. Бу нима учун қилингани тушунарли. Имомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли Рустам Имомали 2020 йилги президентлик сайловларида ўз номзодини кўрсата олиши учун. У 1987 йилда туғилган ва 2020 йилда 35 йиллик чеклов унга халақит бериши мумкин эди. Шу сабаб ҳар эҳтимолга қарши номзод камида 30 ёш бўлиши кераклиги қайд этиб қўйилди.
Шу ўринда конституцияни шунчаки референдум чақириб ўзгартириш қанчалик даҳшатли иш экани ҳақида баъзи мулоҳазалар келади. Конституция мамлакатнинг бош қомуси дейилади, лекин у биргина шахс учун ўзгартириб юборилаверса, унинг нимаси қомус? Бундай конституция шунчаки қоғоз бўлиб қолмайдими? Замонавий давлатчилик тарихида комилликка энг яқин борган давлат бу, шубҳасиз, АҚШ. Океан ортида шу вақтгача конституцияга 27 марта ўзгартириш киритилган ва уларнинг ҳар бирини америкаликлар ёд билишади, чунки улар чиндан халқнинг иродаси билан киритилган ўзгаришлардир.
Масалан, АҚШ конституциясига киритилган биринчи ўзгаришни олайлик: «Сўз эркинлиги, дин эркинлиги, матбуот эркинлиги, мажлис эркинлиги, петиция йиғиш эркинлиги». Бугун мана шу соҳадаги ҳар қандай қонунбузарлик ҳамон «биринчи ўзгаришга зид» деган умумий ном билан атаб келинади. Конституция шунчалик оддий ва ўзгармас қонунлар тўплами бўлиши керакки, уни ҳамма ёддан билсин. Лекин у шахсий манфаатлар учун ўзгараверса, на давлатнинг, на қонунларнинг қадри қолади.
Россиядек йирик давлатда бугун конституцияни яна бир бор ўзгартиришди. Яна биргина шахс учун, унинг «сиёсий умрбоқийлиги» учун. Албатта, расмий маълумотларда бундай дейилмайди, аммо бу ўзгариш ҳар ҳолда Россиянинг халқаро майдондаги обрўсига ижобий таъсир қилмади.
Шундай экан, юқорида номи келтирилган конституцияларни қомус деб эмас, шунчаки қонунлар тўплами дейиш мумкин. Ахир бир неча кишининг иродасига қарам бўлган бу бечора қонунларнинг яна не чораси бор, ўзгараверади, ўзгараверади, ўзгараверади. Токи... Ҳа майли, унисини вақт кўрсатади. Хулоса шуки, чинакамига давлатни бошқарадиган қомус шахслар учун ўзгармайди...
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
07:50
Анапа аҳолиси мазут тўкилиши сабабли Путинга мурожаат билан чиқди
14:14 / 23.12.2024
Кремлда Путин ва Словакия бош вазири ўртасида учрашув бўлиб ўтди
10:43 / 23.12.2024