Жаҳон | 17:46 / 05.07.2020
68024
7 дақиқада ўқилади

Атамбоев биринчиси эмас: панжара ортига равона бўлган президентлар

23 июнь куни бизга қўшни ва қардош бўлган Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев 11 йил 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд уни барча давлат мукофотларидан ҳам маҳрум қилди.

Фото: Akipress

Дунёнинг аксарият давлат раҳбарлари дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлишади ва уни лавозимларидан кетганларидан сўнг ҳам сақлаб қолишади. Бу ҳуқуқ уларга жиноий жавобгарликка тортилмаслик, мажбурий гувоҳлик бермаслик, мол-мулкларини сақлаб қолиш имкониятини беради. Аммо президентлар ҳам, давлатни бошқарувчи бош вазирлар ҳам судга тортилиб, қамоққа тиқилиш ҳолатлари учраб туради. Бугун ана шундай ҳолатларнинг энг шов-шувлилари ҳақида ҳикоя қиламиз.

Жанубий Корея – Пак Кин Хе

Фото: Reuters

Жанубий ва Шимолий Кореяларни солиштириш сиёсатчилар, умуман барча инсонларнинг севимли машғулоти ҳисобланади. Шундай таққословларда ғалати парадокслар юзага чиқади. Масалан – демократиядан асар ҳам бўлмаган Шимолий Корея – Корея Халқ Демократик Республикаси деб номланади ва уни бошқарувчи диктаторлар сулоласи нафақат ҳаётлигида, балки ўлимидан сўнг ҳам бемисл шарафланадилар.

Демократия жиҳатдан анча-мунча давлатларга дарс бергудек Жанубий Корея эса расман Корея Республикаси деб номланади ва уни ривожлантирган, тараққиётига ҳисса қўшган дея аташ мумкин бўлган аксар президентлари турли айбловлар билан қамоққа тиқилган.

Ана шундай президентлардан охиргиси Пак Кин Хе хонимдир.

2013 йилда ҳокимият тепасига келган Пак Кин Хе роса 3 йил президентлик қилди ва импичмент натижасида ҳокимиятдан четлаштирилди. Айбловлар анча жиддий эди – Samsung корпорацияси билан боғлиқ порахўрлик, давлат сирларини сотиш, ваколатни суистеъмол қилиш...

Унга қарши турли шаҳарларда митинглар бўлиб ўтди ва ниҳоят президент хоним суднинг қора курсисига ўтирди.

Дастлаб унга нисбатан 24 йиллик қамоқ жазоси ва 18 млрд вон жарима ундириш бўйича ҳукм чиқарилди. Қайта судловда муддат 25 йилга, жарима 20 млрд вонга оширилди. Яна бир қизиқ жиҳати – суд жараёни тўғридан тўғри эфирга узатилди.

Бразилия – Лула да Силва

Фото: Yesenia Lugo

2003 йилнинг 1 январида ҳокимият тепасига келган Лула да Силва роса саккиз йил – 2011 йилнинг 1 январига қадар Бразилияни бошқарди. Президентликдан кетганидан кейин у рак касаллигига чалинди ва муваффақиятли даволанди. 2013 йилда у қайтиб президентликка даво қилмаслиги ва амалдаги давлат раҳбари – Дилма Русеф хонимни қўллаб қувватлашини билдирди.

Аммо 2014 йилда Лула да Силва ҳам, Дилма Русеф ҳам йирик коррупцион можаро қаҳрамонларига айланишди. Petrobras нефть компанияси бу икки президент аъзо бўлган ҳукмрон партияга йиллар давомида катта маблағ бериб келгани ойдинлашди ва ҳар икки сиёсатчи ўзини оқлашга мажбур бўлиб қолди. Вазият Русеф хонимнинг 2003-2010 йиллар оралиғида Petrobras компанияси бошқарув кенгаши раиси бўлганлиги учун янада мураккаблашди ва можаро 2016 йилда Лула да Силва ҳибсга олиниши билан янги босқичга кирди.

2017 йилнинг 12 июлида суд ҳукми билан 9,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ президент деярли бир йил аппеляция бериб юрди ва озодликда қолди. Аммо 2018 йилнинг 7 апрелида ўзи таслим бўлди ҳамда Куритиба шаҳридаги федерал полицияга вертолёт ёрдамида олиб кетилди.

Аммо 12 йилга қамоққа тиқилган собиқ президент бир йилдан сал ортиқроқ вақт ўтиб озодликка чиқди. Олий суд у аппеляциянинг барча имкониятларидан фойдалана олмаган деб ҳисоблади.

Исроил – Моше Кацав

Фото: AFP

Исроилда президент мутлақ ҳокимият эгаси эмас, асосий тизгин бош вазир қўлида. Аммо президентда ҳам анчагина ваколатлар бор ҳамда унинг панжара ортига тушиши фавқулодда ҳолат ҳисобланади.

2000-2007 йилда президентлик қилган Моше Кацав 1998 йилда қўл остидаги икки аёлга жинсий зўравонлик қилгани учун терговга тортилди. Кейинчалик яна икки аёл шу айбловлар билан чиқди ва суриштирувлар 4 йил давом этди.

Гарчи Кацав айбловларни тан олмаган бўлсада, 2011 йилда у 7 йилга панжара ортига равона бўлди. Орадан 6 йил ўтибгина у шартли равишда озод қилинди.

Покистон – Парвез Мушарраф

Фото: AP

1999 йилда қонсиз давлат тўнтариши натижасига ҳокимият тепасига келган генерал Парвез Мушарраф 2001 йилда кўпчилик овоз билан президентликка сайланди ва 2008 йилгача давлатни бошқарди. 2003-2005 йиллар оралиғида учта суиқасдни бошдан кечирган, яна унга қарши 14 суиқасд махсус хизматлар томонидан бартараф қилинган Парвез Мушарраф Покистон халқ партияси лидери, Беназир Бҳутто хоним қаршилигига учради.

2008 йилда импичмент хавфи остида қолган Мушарраф ўз ихтиёрига кўра, дахлсизлик ҳуқуқини сақлаб қолиш шарти билан президентликдан воз кечди. Аммо унга қарши жиддий айбловлар қўйилаётганди – 60 нафардан ортиқ судьяни қамоққа тиқиш, давлатга хиёнат, Беназир Бҳуттони ўлдириш бўйича буюртма...

Вазият қалтислашганда хорижга жўнаган Мушарраф 2013 йилда парламент сайловларида қатнашиш учун Покистонга қайтиб келди, аммо дарҳол ҳибсга олинди. 2016 йилда у биринчи имкониятдаёқ Дубайга жўнади ва шу билан юртига қайтмади.

2019 йилнинг 17 декабридаги суд раёсати қарорига биноан Парвез Мушарраф сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Мўғулистон – Намбарин Энхбаяр

Фото: POOL

2005 йилда президентликка сайланган Намбарин Энхбаяр 2009 йилга қадар Мўғулистонни бошқарди. 2012 йилда у давлат мулкини талон-торож қилиш, намойишларни куч билан бостириш ва бир неча кишининг ўлимига сабаб бўлиш каби айбловлар билан терговга жалб қилинди. Аммо уни судга тортиш осон бўлмади. Собиқ президент ўз қўриқчилари билан махсус резиденцияга беркиниб олди ва ҳибсга олувчиларга фаол қаршилик кўрсатди.

300 нафардан ортиқ полициячи иштирокида ўтган операция чоғида айрим маълумотларга кўра қурбонлар ҳам бўлган. Жароҳатланганлар орасида кўплаб амалдорлар, депутатлар ҳам бор эди.

Лекин шунча ваҳима билан қўлга олинган собиқ президент бор-йўғи тўрт йилга «кесилди» ва кейинчалик бу муддат 2,5 йилга қадар туширилди.

Бундан ташқари Гватемала, Тайвань, Мальдив ороллари, Замбия, Либерия каби қатор давлатларнинг раҳбарлари ҳам панжара ортига равона бўлишган.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид