Жаҳон | 14:50 / 05.07.2020
115800
1 дақиқада ўқилади

Шифокор коронавируснинг иккинчи тўлқини қачон юз бериши мумкинлигини айтди

Коронавируснинг янги – иккинчи тўлқини ноябрь-декабрь ойларида юз бериши мумкин. Бу ҳақда шифокорларнинг бутунжаҳон касаба уюшмаси WMA’нинг собиқ раҳбари профессор Леонид Эйдельман айтиб ўтди.

Фото: Getty Images

Эйдельманнинг таъкидлашича, касалликнинг янги тўлқинига жиддий тайёрланиш лозим, чунки у COVID-19 аломатларига эга мавсумий ўткир респиратор вирус инфекцияси (ОРВИ) билан бирга кечиши сабабли мураккаблашиши мумкин.

“Ҳар йилдаги каби ноябрь-декабрда нафас йўллари касалликлари кўпайишини англаш лозим. Шу сабабли йўталаётган, аксираётган касалларни коронавирусга чалинганлардан фарқлаш қийин бўлади. Айнан шу катта муаммодир”, деб айтган шифокор. 

Эйдельманнинг таъкидлашича, ноябргача соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ сафарбар қилиниши лозим. Унинг фикрича, коронавируснинг кузги тўлқини карантин чекловлари бекор қилингани сабабли ёзгисидан кучлироқ бўлади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ҳозирда коронавирусга чалинганлар сони бутун дунёда кўпаймоқда. Баъзи давлатларда, мисол учун, Италия ва Германияда касалланиш ҳолатлари бироз кўпаяётгани сезилаётган бўлса, Ҳиндистонда бу кўрсаткич юқори даражани ташкил қилмоқда. “Аслида касалланганлар сони аниқланганларидан кўпроқни ташкил қилади”, деб қўшимча қилган Эйдельман.

Мавзуга оид