Жамият | 16:14 / 09.07.2020
67566
4 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари «Ўртасаройдаги можаро» бўйича изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида жойлашган «Ўртасарой» карантин мажмуасида сақланаётган шахсларнинг норозилиги акс этган видео тарқалди.

Ўзи тасвирда кўринмаган видео муаллифи «Ўртасарой» карантин мажмуасида сақланаётган одамлар 17 кундан бери ушлаб турилганини, белгиланган муддат якунига етган бўлса-да рухсат берилмаганини айтади.

«Йигирманчи [июнь] куни келдик. Бугун 18 кун бўлди. Кеча «обед»дан бери ҳеч ким бизга овқат бергани йўқ. Болаларимиз билан оч ётибмиз. Қачон бу ердан кетамиз? Кимга учрашсак бўлади?», дейди видеода карантин дарвозасини тепаётгани кўринган аёллардан бири.

Видео муаллифи карантинда сақланаётган фуқароларнинг саволларига ҳеч ким жавоб бермаётганини таъкидлайди.

Kun.uz мухбири Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Улуғбек Собиров билан боғланиб, мазкур ҳолат юзасидан изоҳ сўради.

Улуғбек Собиров
Фото: dermatology.uz

«Айни пайтда «Ўртасарой» карантин мажмуасидаман. Ушбу мажмуа эпидемиологик нохуш ҳудудлардан олиб келинган шахслар сақланаётган Ўзбекистондаги энг яхши карантин ҳудудларидан бири. Бу ердагиларга берилаётган овқатлар яхши, сифатли. Ҳаммаси вақтида берилаяпти.

Пандемия шароитида яшаяпмиз, эпедимия бутун республикага тарқалиб кетмаслиги учун хориждан келганлар ёки коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумонланганларни шу ерда сақлаб турибмиз. Уларни вақтида бошқалардан ажратиб, диагностика қилиб соғломлаштириб чиқаряпмиз.

Касаллик тарқаб кетмаслиги учун эпидемиологик нуқтаи назардан нима керак бўлса ҳаммасини қиляпмиз. Битта хонада тўрттадан одам сақланаётган бўлса, уларнинг орасидан кимдадир касаллик чиққан тақдирда у зудлик билан бошқа жойга ўтказилмоқда. Табиийки, шу хонада яшаган қолган уч кишининг карантин муддати сал чўзилади. Уларгаям касаллик юққан-юқмаганига ишонч ҳосил қилиш учун шунга мажбур бўляпмиз.

Аммо фуқароларимиз шунга чидай олмаяпти. Уларга карантин муддати чўзилаётгани ёқмаяпти. Айримлар нега бизни бошқалардан кўпроқ ушлаб турибсизлар деб тўполон қилишяпти. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога мана шу нарса сабаб бўлган. Бироқ видеода айтилганидек, икки кундан бери оч қолишгани, овқат берилмаётгани ёлғон. Бу ерда шароитлар яхши, ҳар битта хонада кондиционер, телевизор, ювиниш хоналари, яъни уйдаги ҳамма шароит бор.

Ҳозиргача карантин муддати 14 кун эди, махсус комисссиянинг қарори билан буёғига 10 кунга туширилди. Худо хоҳласа, жараён секин-секин тезлашади. Тўғри, бу ерда сақланаётганларга ҳам осон тутмайман. Бир-икки кун телевизор кўришар, кейин зерикишаётгани рост. Эпедимия шароитида бундан ортиқ нимаям қила олардик. Энг муҳими, қоринлари тўқ, саломатликлари ишончли қўлларда. Давлат ҳаммасини етказиб бермоқда», дея Улуғбек Собировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 55 гектар ҳудудда барпо этилган «Ўртасарой» карантин ҳудуди 20800 ўринга мўлжалланган. Махсус изоляция хоналарида 4 киши даволаниб, профилактика қилинади. Хоналар барча тиббиёт жиҳозлари ва санитария-гигиена воситалари билан жиҳозланган. Шунингдек мажмуада овқатланиш, лаборатория, тиббиёт ходимлари учун тураржойлар, реанимация бўлимлари ва карантин учун махсус хоналар ҳам барпо этилган. 3467 контейнердан иборат мажмуа электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув ва бошқа коммуникация тармоқларига уланган.

Мавзуга доир:

Мавзуга оид