Ўзбекистон | 10:42 / 10.07.2020
26500
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирига янги ўринбосар тайинланди

Жамшид Абруев Молия вазири ўринбосари лавозимига тайинланди

Ўзбекистон Республикаси президентининг 9 июлдаги қарорига асосан Жамшид Исмаилович Абруев Молия вазири ўринбосари лавозимига тайинланди.

Жамшид Абруев

Жамшид Абруев 1979 йил Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек. Маълумоти олий, 1999 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ва 2004 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетларини тамомлаган.

У ўз фаолиятини 2000 йилда Самарқанд шаҳар Темир йўл тумани халқ таълими бўлими «Марказлашган хисобхона» ҳисобчиси, бош ҳисобчи ўринбосари лавозимида бошлаган. 2003 йилда Самарқанд шаҳар, Темир йўл тумани ҳокимлиги молия бўлими «Бюджет инспекцияси»нинг 1-даражали иқтисодчиси бўлган. 2004 йилда Самарқанд вилояти, Тойлоқ тумани ҳокимлиги молия бўлими даромадларни режалаштириш ва иқтисодий таҳлил қилиш бўйича 1-даражали иқтисодчиси лавозимида фаолият юритган.

2004 йилдан 2012 йилга қадар Самарқанд вилоят ҳокимлигининг Молия бошқармаси 1-тоифали иқтисодчиси, етакчи иқтисодчиси, бош иқтисодчиси, бўлим бошлиғи муовини лавозимларини эгаллаган. Кейинчалик Тошкент вилоят ҳокимлиги Молия бошқармаси Мулк таркибида давлат улуши бўлган хўжалик субъектларида дивидендларни ҳисобланишини ва ишлатилишини назорат қилиш бўлими бош ҳисобчи-эксперти сифатида ишлаган.

Молия вазирлиги тизимида 2012 йилда Ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш бош бошқармасининг Умумий ўрта ва мактабгача таълимни молиялаштириш бўлими етакчи иқтисодчиси сифатида бошлаган, бўлим бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш бош бошқармаси бошлиқ ўринбосари, 2017 -2018 йилларда вазирлик Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

У 2019 йил февралидан буён Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил майидан Молия вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Шоҳрух Шораҳметов 2020 йилнинг 3 июлида Соғлиқни сақлаш вазирига ўринбосар бўлганди.

Мавзуга оид