Ўзбекистон | 10:12 / 27.07.2020
6290
2 дақиқада ўқилади

Урганчда немис тилига ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди

Урганч шаҳрида немис тили фанини чуқурлаштириб ўрганишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларида хорижий тилларни ўқитишни янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан, 19-сон умумий ўрта таълим мактаби немис тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилди.

Мактаб 2019 йилда давлат дастури асосида таъмирдан чиқарилган бўлиб,  ҳозирги кунда 1425 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Унда 97 нафар ўқитувчи фаолият юритяпти. 

Қайд қилиш жоизки, Вазирлар Маҳкамаси қарорида умумий ўрта таълим муассасаларида немис, француз, испан, япон, корейс ва хитой тиллари ўқув дастурларини такомиллаштириш, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб немис, француз, испан, япон, корейс ва хитой тилларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг 11-синф битирувчиларига халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан биргаликда ўтказилган танловлар натижаларига кўра немис тилини хорижий тил сифатида билиш даражаси бўйича Германиянинг Test DAF (Test Deutsch als Fremdsprache), француз тилидан халқаро имтиҳон натижалари бўйича Франциянинг Test DELF (Diplome d’Études en Langue Française — француз тилини ўрганганлиги тўғрисида) ва DALF (Diplome Approfondi de Langue Française — француз тилини чуқур ўрганганлиги тўғрисида) дипломларини, Japanese Language Proficiency Test Certificate (JLPT Certificate — япон тилини чуқур ўрганганлиги тўғрисида) сертификати бериш амалиёти жорий этилади.

Мавзуга оид