Дунёдаги вазият: Вьетнамда коронавируснинг янги тури, Ҳонгконгда кунлик рекорд
Пандемия даврида коронавирусга қарши курашда муваффақиятга эришган давлатлар қаторида саналган Вьетнам ва Ҳонгконгда Covid-19 билан зарарланиш ҳолатлари сони кескин ўса бошлади, Ҳиндистонда касалланиш ҳолатлари сони 1,4 миллиондан ошди, олимлар Хитой ҳукуматини вирус тарқалиши кўламини яширганликда айблашмоқда, Британияда илк бор мушукда вирус аниқланди.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 16,5 миллионга яқинлашган, 650 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Ўтган бир кунда дунёда жами 204,6 минг янги ҳолат аниқланган.
Зарарланиш ҳолатлари бўйича АҚШ пешқадамликни давом эттирмоқда, бу ерда 4,2 миллиондан ортиқ киши Covid-19га чалинган. Иккинчи ўринда - Бразилия (2,4 млн), учинчи ўринда - Ҳиндистон (1,4 млн), тўртинчи ўринда эса Россия бормоқда (816,6 минг)
Вьетнамдаги вазият
Вьетнамда Дананг шаҳри сайёҳлар учун ёпилди, ҳукуматнинг маълум қилишича, бу ерда янги типдаги коронавирус тарқала бошлаган. Вьетнамда апрелдан буён янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаётганди.
Ҳукуматнинг расмий ахборот портали маълумотига кўра, 25 июль куни Данангда яшовчи 57 ёшли кишида вирус аниқланган. У сўнгги бир ой давомида мамлакатдан ташқарига чиқмаган. Тахминларга кўра, у вирусни шаҳардаги шифохоналардан бирида юқтириб олган. 26 июль куни шаҳарда яна иккита янги ҳолат аниқланди, 27 июль куни эса беморлар сони 11 нафарга ошди. Айни вақтда беморларнинг икки нафари оғир аҳволда сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.
Ҳукумат Данангда коронавируснинг нисбатан хавфли шаклдаги янги штамми тарқалаётганини маълум қилган. Тадқиқотларга қараганда, вирус жуда тез кўпаймоқда ва тезроқ оғир аҳволга туширмоқда.
Данангда бўлиб турган 80 мингдан ортиқ туристлар (мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан бўлган вьетнамликлар) ўз уйларига қайтарилади. Бунинг учун, миллий авиакомпания 4 кун давомида 11 шаҳарга жами 100га яқин авиарейс амалга оширади.
Пандемиянинг илк босқичида Вьетнам тезкор чоралар қўллаб, мақтовларга сазовор бўлганди: чегаралар бутунлай ёпилган, шаҳарлар ва ҳатто қишлоқлар алоқаси узилган, касалланганларнинг контактлари муваффақиятли кузатилганди. Бунинг эвазига Вьетнам дунёда коронавирусдан нисбатан энг кам зарар кўрган мамлакат бўлди - шу вақтгача жами 431 ҳолат аниқланган, шундан 365 бемор бутунлай соғайган. Жами ҳолатларнинг 276таси хориждан кириб келганларда қайд этилган, бирорта ўлим ҳолати рўй бермаган.
Аммо қарийб 100 кунлик танаффусдан кейин мамлакат ҳудудида яна янги ҳолатлар аниқланишни бошлади.
Мамлакат бош вазири Нгуен Суан Фук Данангда карантин чораларини жорий этишга фармойиш берган, унга кўра ижтимоий масофага амал қилиш талаб этилади, аҳоли уйдан фақат озиқ-овқат ва дори-дармон учун, шунингдек, ишга ёки касалхонага бориш учун чиқиши мумкин. Зарур хизмат кўрсатмайдиган барча компаниялар ва муассасалар ёпилади. Ҳозирча Дананг тўлиқ ёпилиши режалаштирилмаган.
Ҳонгконгда кунлик рекорд
Ҳонгконгда бир кун давомида 145та янги касалланиш ҳолатлари аниқланди ва бу ушбу ҳудуд учун янги рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Аввалроқ Ҳонгконг маъмурияти янги карантин чоралари жорий этилиши ҳақида маълум қилганди, унга кўра кўчада иккидан ортиқ киши тўпланиши тақиқланганди. Шунингдек, тиббий ниқоб тақиш мажбурий бўлган. Қоидабузарлар 5 минг ҳонгконг доллари миқдорида жаримага тортилади (645 АҚШ доллари). Фақат икки ёшдан кичиклар ва ниқоб тақиши зарарли экани тиббий хулосага эга бўлган кишилар истисно этилади.
Чеклов чоралари 29 июлдан бошлаб бир ҳафта давомида амал қилади. Ҳонгконгда пандемия бошидан буён жами 2600дан ортиқ зарарланиш ҳолати аниқланган, 20 киши вафот этган.
Ҳиндистонда 1,4 млн касалланиш ҳолати
Ҳиндистонда жами касалланиш ҳолатлари сони 1,4 миллионлик нуқтадан ўтди. Ҳукумат берган маълумотга кўра, сўнгги бир кунда 50 мингдан ортиқ кишининг Covid-19’ни аниқлаш учун топширган тести мусбат натижа берган. Январь ойидан буён мамлакатда ушбу касаллик 30 мингдан ортиқ киши ҳаётига зомин бўлган.
Март ойида мамлакатда қатъий карантин жорий этилган, чеклов чоралари июнь ойига келиб бекор қилинган, шундан кейин ҳар куни ўнлаб янги касалланиш ҳолатлари аниқлана бошлаганди. Айрим штатлар локал карантин жорий этишга қарор қилган.
Қайд этиш керакки, ушбу ҳудудда касалликдан соғайиш кўрсаткичлари етарли даражада юқори. 1,4 млн кишидан 63 фоизи тузалиб кетган.
Шифокор: Хитой ҳукумати вирус авж олиши кўламини яширган
Уҳанда коронавирус тарқалиши сабабларини текширишда иштирок этган хитойлик шифокор Квок-Юн Юэннинг BBC мухбири билан суҳбатда маҳаллий ҳукумат вирус тарқалиши кўламини яширишга урингани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, ашёвий далиллар йўқ қилинган, шифокорларнинг хулосаларига жавоб қайтариш кечиктирилган.
«Биз Хуанандаги бозорга борганимизда, кўздан кечиришимиз керак бўлган кўп нарсалар йўқ эди, бозор аллақачон тозаланганди. Яъни, жиноят жойида далиллар йўқ қилинганди, шу туфайли биз қайси жонивор вирус ташувчи бўлгани ва одамни зарарланганини аниқлай олмадик», деган у.
«Мен улар Уҳанда қандайдир маълумотни яширишган деган фикрдаман. Маълумот бериши керак бўлган маҳаллий ҳукумат буни қилишга тайёр эмасди», дея қўшимча қилган у.
Хитой аввалроқ ҳам вирус тарқала бошлагач зарур чоралар қўллашга кечиккани учун танқидларга учраганди. Шунингдек, ўтган йилнинг декабрь ойи охиридаёқ янги вирус тарқалаётгани ҳақида хабар берган шифокорларга таҳдид қилинган. Расмий Пекин бундай айбловларни инкор этиб келмоқда.
Барчасига гендаги нуқсон айбдорми?
Нидерландиядаги Неймеген Университети қошидаги тиббий марказ тадқиқотчилари коронавирусга чалинган айрим беморларнинг генетик кодида нуқсонлар аниқлашди - бу айрим ёшлар касалликка чалингач оғирлашиб қолишини изоҳлаши мумкин. Шифокорлар бу ёшлар орасидаги оғир аҳволга тушиб қолаётган беморларни даволашда ёрдам беришига умид қилишмоқда.
Маастрихт университетидан бўлган шифокор коронавирус туфайли оғир аҳволга тушиб қолган икки ёш ака-уканинг касаллик тарихини ўрганиб, касаллик оғирлашишида TLR7 гени ўрни борлиги ҳақида хулосага келган. Шифокорлар ака-укаларни сунъий нафас олдириш аппаратига улашига тўғри келган. Улардан бири касалликдан вафот этган, иккинчиси соғайиб кетган. Шуниси эътиборга моликки, Covid-19 билан касалланганларнинг аксарида касаллик енгил аломатлар билан ёки умуман симптомларсиз кечади.
«Бундай ҳолатда касаллик оғирлашиши генетик омиллар билан боғлиқ эмасмикин?», деган савол туғилади. Бу икки ака-ука касалликни оғир ўтказгани тасодиф бўлиши ҳам мумкин, шу билан бирга, бу туғма нуқсон туфайли бўлиши ҳам мумкин», дейди Неймеген университетининг тиббий маркази вакили бўлган шифокор Александр Хойшен.
Ҳатто ёшлар ҳам Covid-19’дан узоқ вақт даволаниши мумкин
Америкадаги Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маълумотларига кўра, Covid-19 ҳатто қўшимча касалликлари бўлмаган ёшларда ҳам оғир шаклда кечиши мумкин. Сўровномада иштирок этганларнинг 35 фоизи уларга касалланиш ташхиси қўйилганидан икки-уч ҳафта ўтиб ҳам соғликлари тикланмагани ҳақида маълум қилишган.
Сўровномада 292 киши иштирок этган, вирус аниқланган улар 15 апрелдан 25 июнга қадар амбулатор шароитда даволанган беморлар бўлган. Бу одамлардан коронавирус тести мусбат чиққанидан 2-3 ҳафта ўтиб сўров ўтказилган. Натижалар Morbidity and Mortality Weekly Report журналида эълон қилинган.
Сўралганларнинг 94 фоизи коронавирусга тест топширишдан аввал ўзида касалликнинг камида битта аломатини сезишганини айтишган. Бу одамларда ўртача 7тадан аломат кузатилган (жами 17 симптом маълум). Энг кенг тарқалган аломатлар - ҳолсизлик, кейин йўталиш ва бош оғриши.
Касаллик ўтиб кетиши кечикканларнинг 43 фоизи йўталдан шикоят қилган, 35 фоизида ҳамон ҳолсизлик сақланиб қолган, 29 фоизи эса нафас олишга қийналаётганини маълум қилган.
Сўровномада қатнашганларнинг 65 фоизи коронавирус тести мусбат чиққанидан 5-12 кун ўтиб соғая бошлаганини билдирган.
Кўпроқ ўлим ҳолатларини юзага келтирадиган хавфлар
Калифорния университети мутахассислари томонидан ўтказилган, MedicalXpress журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, қандли диабети бор коронавирусга чалинган беморлар бошқа беморларга қараганда олти марта кўпроқ шифохонага мурожаат қилмоқда ва улар 12 баробар кўпроқ Covid-19 қурбонига айланмоқда.
Экспертларнинг аниқлашича, диабет Covid-19 билан касалланишнинг оғир шаклига олиб келадиган омиллар орасида иккинчи ўринни эгалламоқда. Биринчи ўринда эса — юрак-қон томир касалликлари.
Университет профессори Пракаш Дидванининг сўзларига кўра, диабети бор беморлар организмида иммун ҳимоя функцияси пасайиб кетади. У қандли диабети бор инсонларга мунтазам қондаги қанд миқдорини ўлчаш ва шифокорларда билан алоқада бўлиб туришни маслаҳат берган. Бундан ташқари, бу турдаги беморлар кўпроқ фаол ҳаёт тарзини ўтказишлари ва яхши ухлашлари керак.
Ўз навбатида Оҳайодаги Векснер университети тиббиёт маркази Эндокринология, диабет ва метоболизм бўлими шифокори Жошуа Жозеф қонда қанд миқдори даражаси юқори бўлган беморларга ўзини даволовчи шифокорлар ва ижтимоий ишчилар билан мунтазам алоқада бўлишни тавсия қилган. Унинг таъкидлашича, шифокорлар глюкоза миқдорининг кўпайиши каби хавфли бўлган гипогликемия пайдо бўлишини кузатиши зарур.
Мутахассис бу каби масалада телемедицина ҳам фойда бериши мумкинлиги, шу орқали беморлар қондаги қанд миқдори ва бошқа кўрсаткичлар бўйича маълумотларни узата олиши, шифокорлар эса бунинг асосида зарурий қарорлар қабул қилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Британияда коронавирусдан зарарланган илк мушук
Британиянинг бош ветеринар врачи мамлакатда илк марта хонаки мушукда коронавирус аниқлангани ҳақида маълум қилди.
Бу ушбу мамлакатда илк бор уй жониворларида коронавирус аниқланишидир, аммо у вирусни одамларга юқтиришига оид далил йўқ.
Мавжуд маълумотларга кўра, мушук коронавирусни коронавирусга тести мусбат натижа берган эгасидан юқтириб олган.
Мушук ва унинг хўжайини тузалишган, уйда яшовчи бошқа одамлар ва жониворлар вирусга чалинмаган.
Мавзуга оид
10:19 / 20.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳонгконг ўртасида ўзаро визасиз тартиб ўрнатиш масаласи муҳокама қилинмоқда
23:51 / 10.12.2024
Хитой «Ҳонгконг ишига алоқадор» АҚШ фуқароларига виза беришни чеклади
17:40 / 03.12.2024
Ҳонгконгда 2,5 минг панда ҳайкалларидан иборат кўргазма ўтказилмоқда
00:28 / 06.09.2024