Жаҳон | 14:28 / 30.07.2020
6592
1 дақиқада ўқилади

Британия ташқи разведкаси MI6’га янги раҳбар тайинланди

Британиялик дипломат Ричард Мур Британия ташқи разведкаси хизмати MI6’нинг янги раҳбари этиб тайинланди. 

Фото: Stephane Mahe / Pool

Британия ҳукумати сайтида маълум қилинишича, ташқи ишлар вазири Доминик Рааб бош вазир Борис Жонсоннинг розилиги билан Мурни MI6’га раҳбар этиб тайинлашни маъқуллаган.

Мур бу лавозимда MI6’га 2014 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган Алекс Янгернинг ўрнини эгаллайди. Янгер эса разведка хизматини кузда тарк этади. 

“Мен бу тайинловдан хурсандман. Ричард разведканинг тажрибали зобити ҳисобланади ва биз унинг хизматга қайтишини интиқлик билан кутиб қоламиз”, деб айтган Янгер.

Ричард Мур 2018 йилдан бери Британия ташқи ишлар вазирлигида сиёсий масалалар бўйича директор лавозимини эгаллаб келади. Аввалроқ у MI6 бўлимларидан бирига раҳбарлик қилган. Мур, шунингдек, Британия бош вазирининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимини эгаллаган. У 2014-2017 йилларда Британиянинг Туркиядаги элчиси сифатида фаолият юритган. 

Мавзуга оид