Ўзбекистон | 23:33 / 05.08.2020
51937
4 дақиқада ўқилади

Боғчалар фаолиятини тиклашга тайёргарлик кўрилмоқда – МТВ

Мактабгача таълим вазирлиги боғчаларнинг фаолиятини тиклашга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди. Бироқ хабарда аниқ сана келтирилмаган.

«Мактабгача таълим ташкилотларида коронавирус инфекцияси пандемияси сабабли тўхтатилган фаолият жараёнини тиклашга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ушбу фаолиятни тиклашдан мақсад, ходимлар ва тарбияланувчилар учун хавфсиз муҳитни таъминлаш орқали, болаларни нормал маиший ҳаёт, ўйинлар ва таълим жараёнига қайтаришдир.

Бунда вирус тарқалиши ва уни юқтириб олиш хавфини бартараф этиш мақсадида жорий этилган таъқиқ чораларини ҳисобга олган ҳолда, қўшимча хавфсизлик чоралари ҳам татбиқ этилиши кўзда тутилган. Аммо болалар ўртасидаги оралиқ масофа, уларнинг ижтимоий фаоллиги, амалий машғулотлари ва ривожлантирувчи ўйинларига халақит бермаслиги лозим», дейилади вазирлик ахборот хизмати томонидан тарқатилган хабарда.

МТВ томонидан UNICEF’нинг кўмагида тайёрланган пандемия шароитида боғчаларда иш жараёни қандай тамойиллар асосида ташкил этилиши ҳақидаги видеороликда ота-оналарга имкон қадар болаларни уйда олиб ўтириш тавсия қилинган. Агар бунинг иложи бўлмаган тақдирда мактабгача таълим муассасасида барча эҳтиёт чоралари таъминланганига ишонч ҳосил қилиш сўралган. Жумладан:

– болалар боғчаси яшил ёки сариқ ҳудудда бўлиши керак;

– ходимлар коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича ўқитилган бўлиши лозим;

– боғча биноси ва ҳудуди дезинфекция қилиниши шарт;

– мактабгача таълим ташкилотида узлуксиз сув таъминоти тизими ёки етарли миқдорда сув захираси бўлиши шарт;

– ҳар бир гуруҳ учун болаларнинг боғчага келиши жадвали бўлиши керак;

– ҳар душанба куни ота-оналар пакетга солинган бир марталик қоғоз сочиқлар ёки кўп марта ишлатиладиган бешта тоза сочиқлар, ишлатилган сочиқлар учун алоҳида пакетлар олиб келишлари керак;

– боғчага келаётган болаларда тиббий ниқоб бўлиши ва кириш жойида 2 метрлик ижтимоий масофа сақланиши зарур

– боғчага ўйинчоқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар олиб келиш тақиқланади.

Қайд этилишича, МТТ ходимлари боғчага келган тарбияланувчиларнинг тана ҳароратини ўлчаб, маълумотларни ёзиб боришлари талаб этилади. Агар болада ёки МТТ ходимида иситма, йўтал ёки ўткир респираторли инфекцияларнинг бошқа белгилари бўлса, уларни боғчага киритиш мумкин эмас. Агар боланинг тана ҳарорати нормада бўлса, унинг қўллари дезинфекция қилиниб боғчага киритилади. Ота-оналарнинг боғча ҳудудига киришларига йўл қўйилмайди.

Видеода боғчадаги ҳар бир гуруҳда 15 нафардан кўп бола бўлмаслиги тавсия қилинган. Шунингдек, машғулотлар ва овқатланиш вақтида болалар орасида камида 1 метрлик масофа таъминлашини шартлиги таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, МТВ аввал ҳам пандемия шароитида боғчалар фаолиятини тиклаш борасида қўйиладиган талабларни ишлаб чиқаётганини маълум қилган, унга кўра талаб этилувчи хавфсизлик чораларини таъминлаб бера олувчи хусусий боғчалар 2020 йил 15 июндан фаолиятини бошлаши, «яшил» ва «сариқ» ҳудудлардаги давлат боғчалари 1 августдан очилишини айтилган эди.

Бироқ республикада коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши ва карантин чекловлари кучайтирилиши ортида бу ишлар амалга ошмай қолганди.

Мавзуга оид