Исроил ва БАА муносабатларнинг яхшиланиши ҳақида келишиб олишди
Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари барча соҳалардаги муносабатларнинг яхшиланиши ҳақида келишиб олишди.
Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп ўз «Twitter» саҳифасида эълон қилди.
«Президент Дональд Трамп, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси, БАА бош қўмондони ўринбосари, шайх Муҳаммад бин Зайд бугун суҳбатлашиб, Исроил ва БАА ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши ҳақида келишиб олишди», - дейилади баёнотда.
Шунингдек, томонлар Исроил-Фаластин зиддиятини тинч йўл билан ҳал қилиш йўлларини излаш бўйича ҳам келишувга эришган.
«Томонлар Исроил-Фаластин зиддиятини ҳал қилиш учун адолатли, тўлақонли ва мустаҳкам ечимни топиш йўлидаги ҳаракатларини давом эттиришади», - дейилади баёнотда.
Бу 1994 йилдан бери Исроил билан араб давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши бўйича биринчи ҳолат - ўшанда Иордания алоқаларни йўлга қўйган эди. «Бугун катта иш рўй берди! Икки буюк дўстимиз, Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида тарихий тинчлик шартномаси!» - деб ёзди президент Трамп Twitter'да.
Ҳужжатга кўра, яқин кунларда икки мамлакат делегациялари хавфсизлик ва иқтисодиётдан тортиб туризмгача бўлган турли соҳаларда икки томонлама битимларни имзолаш учун учрашадилар.
Таъкидланишича, уч мамлакат минтақадаги хавфсизликка таҳдид борасида бир хил фикрда. Қўшма ҳужжат Биньямин Нетаньяху ва Муҳаммад бин Зайд томонидан президент Трампга «минтақада тинчлик» тарафдори бўлгани ҳамда ушбу мақсадга эришишда «прагматик ва ўзига хос» ёндашув учун миннатдорчилик изҳорлари билан якунланади. Исроил президенти Реувен Ривлин валиаҳд шаҳзодани Ал-Қудсга ташриф буюришга таклиф қилди.
Энди яқин орада ҳар иккала мамлакат инвестиция, туризм, авиақатновларни йўлга қўйиш, хавфсизлик, телекоммуникация, технологиялар, энергетика, соғлиқни сақлаш, маданият, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик бўйича бир қатор келишувларни имзолашади. Бундан ташқари, ҳар иккала мамлакатда элчихоналар очилади.
Қайд қилиш жоизки, БАА шу пайтгача Исроил давлатини тан олмасдан келаётган эди. Шу туфайли, ҳар иккала мамлакат ўртасида дипломатик ва иқтисодий муносабатлар бўлмаган.
Сўнгги вақтларда Эроннинг ядро дастури ва ҳуддудаги таъсирининг кучайишига қилинаётган қаршилик БАА ва Исроилни бир-бирига яқинлаштирди, муносабатларини бироз юмшатди. Натижада, ҳамкорлик ва алоқалар норасмий бўлса-да, йўлга қўйила бошлаган эди.
Мавзуга оид
22:15 / 26.12.2024
Исроил авиацияси Яман пойтахти аэропортига зарба берди
15:21 / 26.12.2024
Исроил ҲҲК қўмондони Ямандаги ҳусийчиларга ҳужумларни кучайтириш билан таҳдид қилди
14:07 / 25.12.2024
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
16:05 / 24.12.2024