Жамият | 14:28 / 18.08.2020
72158
3 дақиқада ўқилади

Муштарийдан мактуб: 30 кишилик тўйлар кимлар учун?

Таҳририятимизга келган навбатдаги хатда урф-одатларимизга оид, ҳозирги вазиятда туғилган анча жиддий муаммога эътибор қаратилади.

«Ҳурматли Kun.uz таҳририяти!

Сизларга бугунги кунда кўпчиликни ўйлантираётган бир масала ҳақида ёзишга жазм қилдим. Маълумки 15 августдан бошлаб карантин чекловлари узоқ кутишлардан сўнг юмшатила бошланди ва яна 30 кишилик тўйларга рухсат берилди. Халқимиз меҳмондўст, тўйни яхши кўради.

Карантиннинг салбий жиҳатлари ҳақида кўп гапирилади. Лекин унинг иккита ижобий томони ҳам бўлди – бири гигиенага риоя қилишни ўрганган бўлсак, иккинчиси тўйлардаги исрофгарчиликларни жиловлашга одатлана бошладик.

Аммо шу ўринда бир андишали ҳолат кузатилмоқда. Камчиқим, самимий ўтаётган бундай тўйларимизда ғалати вазият юзага келяпти. Ўзбекнинг қариндош-уруғи кўп, лекин вазиятдан келиб чиқиб энг яқинлари тўйга таклиф қилинади. Зеро бу ҳақда карантин бўйича махсус талабларда ҳам алоҳида кўрсатилган.

Бироқ бу вазиятни кўпчилик ёшлар, хусусан куёвжўралар ва келиннинг дугоналари тушунишмаяпти. Тўй бошланиши ҳамон ҳаммалари ҳаракатга тушиб қолишади, келин-куёв ҳам ўзларининг ўртоқларини таклиф қилишга тушиб кетишади ва жуда кўпчиликни тўплаб олишади. Оддий арифметикага амал қилайлик – олдинги тўйлар ўртача 400-500 кишилик бўларди, ҳозир эса 30 кишилик. Демак меҳмонлар сони ўрта ҳисобда 15 марта камаймоқда. Лекин олдин 30-40 киши қатнашган ёшлар сони шунга мутаносиб равишда камайдими?

Ҳамон камида 15-20 нафар ёшлар меҳмон бўлиб келишяпти. Албатта, тўйга ёшлар келиши керак, бунга шубҳа йўқ. Лекин ота-оналарнинг ҳам ўзига яраша энг яқин қариндошлари, ака-ука, опа-сингиллари, ёши кекса ота-оналари, амма-холалари бор.

Қизиғи, улар ўзларини тўй эгалари ҳисоблаб ўтиришга шошилмай турган пайтларида ёшлар ҳамма жойни эгаллаб олишяпти. Уларни таклиф этмасликни ҳам, турғазиб юборишни ҳам билмайсан киши. Ёши катталар эса тик туриб қолишяпти ёки эшик ёнидан қайтиб кетишяпти. Аҳвол шу даражага бордики, куёв ва отаси орасида тўйнинг ўртасида зиддият туғиляпти.

Ахир бу борада жиддий тушунтириш керак эмасми? Ёшлар иттифоқи, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги, умуман, фарзанди тўйга отланган ота-оналар бу масалани яхшилаб ўйлаб кўриш керак бўлган пайт келди шекилли.

Ҳаммани тўйларга етказсин», – дейилади мактубда.

Чиндан ҳам ўйлаб кўрса, яхшилаб муҳокама қилса арзийдиган масала. Чунки катта эҳтимол билан энди чекловлардаги тўйлар ҳали узоқ давом этади. Ҳаттоки 30 кишилик чекловни доимий қилиш ҳақида ҳам таклифлар билдирилмоқда. Шундай экан, бу борада маълум тартибга тушиб олиш фойдадан холи бўлмайди.

Мавзуга оид