Ўзбекистон | 15:05 / 22.08.2020
137809
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов вафот этди

Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов 66 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди

Бу ҳақдаги маълумотни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев ҳам тасдиқлади.

Карим Камоловда 25 июль куни коронавирус инфекцияси тасдиқланиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилоят филиалида даволанишни бошлаганди. 29 июль куни эса Камолов даволаш муолажаларини давом эттириш учун Тошкент шаҳридаги клиникага кўчириб ўтказилганди.

Кейинчалик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳудуд раҳбари Карим Камоловнинг вафот этгани тўғрисидаги хабарларни инкор этди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Карим Камолов Тошкентдаги клиникада даволанаётганини хабар берганди.

Карим Камолов 1955 йил Бухоро шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолияти давомида «Ўзагроқурилиш» бирлашмаси, «Ўзжамоақурилиш» бирлашмасида ишлаган.

У 1994-2007 йилларда Бухоро вилояти Бухоро шаҳар ҳокими бўлган. 2007-2017 йилларда «20-трест» масъулияти чекланган жамияти раиси сифатида ишлаган.

К. Камолов 2017 йил Бухоро вилояти Бухоро шаҳар ҳокими лавозимига тайинланган. 2020 йил февраль ойи охирида Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси сифатида иш бошлаганди.

Мавзуга оид