Малидаги тўнтариш: парда ортида нималар бор?
Сўнгги уч ойдан буён давом этиб келаётган кўча намойишлари ҳамда мухолифат ва ҳукумат ўртасида юзага келган зиддиятлардан сўнг, 18 август куни Мали армиясининг бир гуруҳ аскарлари президент Иброҳим Боубакар Кейтани истеъфога чиқишга мажбур қилиб, давлат бошқарувини қўлга олишди.
Лиммо-лим қадаҳга тўкилган сўнгги томчи
Бир неча йилдан бери мухолифат истеъфосини талаб қилиб келаётган Кейта телеэкранларда пайдо бўлди ва «қон тўкилишини истамагани учун» истеъфога чиққанини, парламент ва ҳукуматнинг эса тарқатиб юборилганини маълум қилди.
Сўнгги бир йил давомида мамлакатни яхши бошқара олмагани учун танқид қилинган Кейта коррупция, қариндошларини турли лавозимларга тайинлаш, сайловларда манипуляция қилиш ва иқтисодий сиёсатда муваффақиятсизликка учрашда айбланди. Малида Кейта бошқарувига қарши бўлинган мухолифат сўнгги уч ой ичида мамлакатнинг энг илғор раҳбарларидан бири бўлган собиқ Исломий кенгаш раиси Имом Маҳмуд Диконинг ташаббуслари остида бирлашди. Имом Дико раҳбарлиги остида июнь ва июль ойларида ҳукуматга қарши кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтди. Камида 11 нафар намойишчи вафот этди ва 100дан ортиқ одам жароҳат олди. Гарчи 5 мингдан ортиқ француз аскарлари, G5 Соҳил кучи ва 10 мингдан ортиқ ходимга эга БМТ миссияси мавжудлигига қарамай, хавфсизлик муаммоларининг кучайиши Кейта маъмуриятини ларзага келтирди.
Малидаги сиёсий инқироз на президент Кейта томонидан бош вазирнинг вақтинча истеъфога чиқарилиши, на сайловлар якунидаги қарорлари билан танқид остида қолган Конституциявий суднинг тарқатилиши, на Гана, Сенегал ва Нигерия президентларининг саъй-ҳаракатлари билан барҳам топди, аксинча, вазият янада чигаллашди. Чунки мухолифат Кейта ва бош вазир Боубоу Сиссенинг лавозимни тарк этишини талаб қилаётганди ва уларнинг ҳар иккисини мамлакатда бўҳрон юзага келишида айблаётганди.
Гарчи Кейта 2013 йилда ҳукумат тепасига келгач, Малида нисбатан сиёсий барқарорликни сақлаб келгани даъво қилинса-да, аммо у иқтисодий вазиятни яхшилаш ва шимолда давом этаётган ички низоларни тугатишга муваффақ бўла олмади. Жуда кам сайловчилар овози билан сайланган Кейтанинг террористик ташкилотлар томонидан ўғирлаб кетилган мухолифат етакчисини қутқаришга интилмагани шундоғам лиммо-лим бўлиб турган қадаҳга тўкилган сўнгги томчи бўлди.
Пандемия туфайли Малида кўплаб одамлар ишсиз қолди ва иқтисодий қийинчиликда яшаётган одамлар янада қашшоқлашди. Коронавирус эпидемияси туфайли олинган ёрдамнинг қандай ишлатилгани ва кимга тарқатилгани борасида ҳукумат поёнида турганини кўрсатувчи белгига айланди.
Имом Маҳмуд Дико 19 август куни барча малиликларни намойиш ўтказишга чорлар экан, давлат раҳбари ва ҳукуматнинг иши тамом бўлганини иддао қилди. Имом Дико ва мухолифат ушбу катта намойишга тайёргарлик кўраётган бир пайтда ҳарбийлар эртароқ ҳаракат қилишди ва 18 август куни пойтахт Бамакодан 15 км узоқликдаги Кати гарнизонидан чиқиб, тўнтаришни бошлаб юборишди.
Тўнтариш ортида кимлар бор?
Нега аскарлар ўтказилиши кутилаётган улкан намойишдан бир кун олдин тўнтариш қилдилар? Бу – бир сўроқ белгиси. Уларнинг эрта ҳаракат қилишига нима сабаб бўлган бўлиши мумкин? Аскарлар чоршанба кунги намойишда кўпроқ қон тўкилиши мумкин, деб ўйлашгани учун тўнтариш бир кун олдин амалга оширилдими? Ёки давлат раҳбари ва ҳукумат аскарлар тўнтаришга тайёрланаётганидан хабардор бўлганми?
Ҳозирча ҳарбий исёнга Франциянинг қай даражада алоқадорлигини айтиш қийин. Зотан, бу тўнтариш Франция томонидан амалга оширилган ёки Францияга қарши қилинган, деб айтишга ҳам ҳали эрта. Бироқ ҳақиқат шундаки, Франция давлат тўнтариши бўлишидан хабардор эди ва эҳтиёт чоралари кўрилганди. Чунончи, давлат тўнтаришидан бир неча кун олдин Франция базаларида ҳарбий ҳаракатлар жонланиб қолганди. Мали ва унинг армияси устидан аллақачон назорат ўрнатган Парижнинг тўнтаришдан бехабар бўлиши мумкин эмасдек, гўё. Бироқ худди шундай ҳаракатчанлик нафақат АҚШда ҳам кузатилди. Тўнтаришдан олдинроқ АҚШ элчихонаси АҚШ фуқароларини эҳтиёт бўлишга чақирди ва бир неча кун олдин ўзининг баъзи идораларини бўшатди.
Малида нафақат Франция ва АҚШ, балки Германия ва Россия, ҳатто кейинги пайтларда Хитойнинг ҳам сиёсий ва иқтисодий иштироки ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, исёнчилардан бири – 20 ёшлар чамасидаги Малик Диау бир муддат Россияда ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва у икки ҳафта олдин Россияга бориб келган. Намойишлар пайтида Россия ва Путинга мурожаат қилингани ҳам ушбу иддаони эътиборга олиш лозимлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, исёнчиларнинг энг кекса вакилларидан бири генерал Фанта Дембеленинг Германия билан алоқалари мавжудлиги айтилмоқда. Аммо буларнинг бари ҳозирча бир даъво, холос.
Тўнтариш пайтида қўшиннинг барча элементлари биргаликда ҳаракат қилмади, кейинроқ эса келишувда иш тутилди. Ҳибсга олинган аскарлардан билиш мумкинки, тўнтариш Кати штаб-квартирасидаги қуролли тўқнашувлар билан бошланган, тўнтаришни бошлаган икки хил гуруҳ ва тўнтаришга қарши яна бир гуруҳ мавжуд бўлган.
Ҳарбий исён бўлиб ўтган сешанба куни куни Малик Диау ва Садио Камара олдинга қаторга чиқди, орадан бир бир кун ўтгач эса Ассими Гоита ўзини тўнтаришни амалга оширган хунта раҳбари сифатида таништирди.
Бу эса тўнтариш давом этаётган пайт иккинчи бир тўнтариш амалга оширилдими, деган саволни туғдирди. Айтишларича, Ассими Гоита имом Маҳмуд Диконинг яқини ва ҳатто унинг ўқувчиси бўлган. У 2012 йилда туареглар қўзғолони пайтида «Азавад» озодлик ҳаракати томонидан қўлга олинган ва бу асирликдан Имом Дико ёрдамида халос бўлган.
Тўнтариш ортида Имом Дико турибдими?
Имом Дико тўнтариш пайтида олдинги сафга чиқмасликни афзал кўрди ва ҳақиқий муаммо Кейта маъмурияти эканлигини, у ўз вазифасидан олиниши кераклигини таъкидлади. Агар ушбу тўнтаришда Имом Диконинг роли бўлса, бу ҳақиқатан ҳам муаммоли вазиятни келтириб чиқаради. Яъни Судандаги Тураби тажрибаси яна бир бор такрорланади, гарчи у омма орасида машҳур бўлса-да, ҳаракатларининг қай даражада қонуний экани шубҳа остига олинади. Дико шу пайтга қадар сиёсий партия вакилига ўхшамасликка ҳаракат қилди ва ўз ҳаракати ҳамиша фуқаролик хусусиятига эгалигини таъкидлаб келди. Шу маънода, аскарлар билан иттифоқ тузгани унинг фуқаролик мақомига соя солади. Имом Дико ҳозирга қадар ақлли профил яратгани боис унинг бундай йўл тутиши даргумон. Аммо шу ҳақиқатнинг остига чизиб айтиш лозимки, Имом Дико ўз масжидига қайтган тақдирда ҳам, унинг исми ҳали кўп янграйди.
Аскарлар Кейтанинг ҳукмронлиги остида бир мунча вақтдан бери ноқулай аҳволга тушиб қолишгани маълум эди. Маошларини ўз вақтида олишолмаётган, хавфли топшириқларга француз аскарлари эмас, балки Мали аскарлари юборилишидан тез-тез шикоят қилишаётганди. Ўтган йилнинг октябрь ойида Буркина-Фасо чегарасидаги иккита шаҳарда уюштирилган ҳужумда 38 нафар малилик аскар ўлдирилиши ҳарбий тўнтариш ҳақидаги илк миш-мишларни келтириб чиқарган, Кейта эса ўшанда тўнтариш ҳақидаги иддаоларни кескин тарзда рад этганди.
Муносабатларни қандай «ўқиш» керак?
Давлат тўнтариш ташаббуси бошланганидан сўнг биринчи бўлиб АҚШ, Ғарбий Африка Иқтисодий Ҳамжамияти (ECOWAS), Франция ва Европа Иттифоқи муносабат билдирди. Муносабатлар, асосан, Кейта ва бош вазир билан бирга ҳибсга олинганларни озод қилишга қаратилганди. Одатда, ҳар бир тўнтариш маъмуриятига йўнатилтириладиган муносабатга ўхшаш реакция билдирилди. Аммо ECOWAS ва Африка Иттифоқи Малининг аъзолигини муддатидан олдин тўхтатиб қўйгани шуни кўрсатадики, Африка янада қаттиқ позицияда турибди. Франция ва Нигер томонидан ушбу масалани БМТ Бош ассамблеясига олиб чиқиш истагининг ифода этилиши эса тўнтариш ортидан минтақавий хавфсизликка оид ташвишлар кучайганини кўрсатади.
Бироқ кейинги жараён янада муҳимроқ. Саҳнага медиатор сифатида биринчи бўлиб қайси Ғарб давлати чиқади? Франция аввалги давлат тўнтаришида жуда эрта ҳаракат қилган ва Ғарб давлатлари орасида биринчи бўлиб исёнчилар билан мулоқот ўрнатганди. Мухолифатнинг Малидаги тўнтаришдан мамнун эканига шубҳа йўқ ва ҳатто Малидаги суратлар кўриб чиқилса, ҳозирги ҳолдан халқ жудаям ташвишда, деб ҳам бўлмайди. Айни пайтда об-ҳаво етарли даражада очиқ эмас, яъни хавфли бир манзара мавжуд. Мали аҳолиси давлат тўнтариши давлат раҳбари ва унинг атрофидагиларга қарши уюштирилгани хусусида қатъий фикрда эмас, шунинг учун ҳам у тўнтаришни баҳолашга шошилмаяпти.
Тўнтариш ҳақида биринчи бўлиб немис матбуоти хабар берди. Германия оммавий ахборот воситалари давлат тўнтаришига уриниш бошланганидан кейинги 20-30 дақиқа ичида ҳарбий ҳаракат бошланганини эълон қилишди. Француз матбуоти эса оғиркарвонлик қилди, бир мунча вақт давомида тўнтариш ташаббуси ҳақида индамай турилди. Гарчи француз матбуоти Малида бошқа мамлакатларнинг матбуот ташкилотларига қараганда кучлироқ бўлса-да, нима учун кечиккани ва тўнтаришни мунтазам ривожланиш деб эълон қилишни афзал кўргани – диққат қилиниши керак бўлган яна бир масаладир.
Малини қандай келажак кутиб турибди
Аввалбошдан айтиш керакки, Малини оғир бир келажак кутмоқда. Ҳарбий тўнтаришлар қандай мақсадда ва ким томонидан амалга оширилмасин, улар барибир қонуний эмас. Айни пайтда ноқонуний кучларнинг халқ манфаати учун бирор иш қилишини кутиш ҳам ақлдан эмас. Малида аскарлар ва қуроллар соясида амалга оширилган бу тўнтариш охир-оқибат Мали аҳолисига кўпроқ зарар келтиради.
Аскарлар ва мухолифат ўртасида музокаралар бошланади ва сайловлар ўтгунга қадар муваққат ҳукумат тузилади. Муваққат ҳукуматни ким бошқаради, қандай бир жараён белгиланади; булар бир неча кун ичида маълум бўлади. Бироқ қисқа муддатда фуқаро маъмуриятига ўтилиши ва аскарлар Кати шаҳридаги бош қароргоҳга қайтиши даркор. Зотан, иқтисодиёти оғир бўлган Мали учун аскарларнинг халқаро ёрдам олиши, қисқа вақт ичида мамлакат фаровонлиги таъминланиши ва халқнинг истакларига жавоб берилиши мушкул масала. Малидаги сиёсий инқироз тугаганга ўхшаса-да, иқтисодий инқироз янада кучайиши аниқ.
Минтақада БМТнинг тинчликпарвар кучлари, француз аскарлари, Европа мамлакатларининг аскарлари ва Соҳил кучлари мавжуд. БМТ 2013 йилдан бери тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун 1,3 миллиард доллар сарфлади. Бу тўнтариш эса, маълум маънода, ушбу сарф қилинган маблағларнинг сувга оқизилганини ифода этиши мумкин. «Сервал» ва «Бархан» операциялари доирасида Францияда 5 минг аскар бор. Франция бу рақамни хавфсизлик ва хавотирлар туфайли янада орттиради ва минтақа янада беқарор бўлиб қолади. Россия ёки Германиянинг Малида йўқотадиган кўп нарсаси йўқ, аммо Франция маъдан конларидан тортиб, электр станцияларигача кўплаб сармояларга эга. Шу боис, Франция ўз мавқейини бой бермаслик учун ҳарбий тўнтаришнинг ҳар қандай шаклда ўзига қарши чиқишига йўл қўймасликка ҳаракат қилади. Шуни унутмаслик керакки, гарчи аскарлар бу йўналишда баёнот бермаган бўлишса-да, Франция мухолифат томонидан энг кўп танқид қилинган давлатларнинг бошида турибди ва ушбу давлат Малининг ички ишларига аралашишда айбланмоқда, содир бўлган воқеаларнинг асосий айбдори сифатида кўрилмоқда.
Малидаги ҳарбий тўнтариш Нигер, Буркина-Фасо, Гвинея, Фил Суяги соҳили ва ҳатто Бенинга ҳам таъсир қилади. Соҳил давлатларининг хавфсизлиги жиддий таҳлика остида. Буркина-Фасо ва Нигер ҳам ушбу хавфли муҳит ва беқарорлик таъсирига тушган мамлакатлар қаторидан жой олади. Тўнтариш пойтахт Бамако шаҳрида содир бўлган бўлса-да, у Буркина-Фасо ва Нигер чегараларида ҳам акс-садо беради.
Малида террор ва Туареглар муаммоси ҳам мавжуд. Томонлар 2015 йилда қабул қилинган Жазоир келишувида ҳеч қандай силжишга эриша олишмади. Давлат тўнтаришидан кейин Туареглар яна бир бор мустақилликни талаб қилишлари ва бу, ўз навбатида, фуқаролар урушига сабаб бўлиши мумкин. Мали шимолида 10дан ортиқ қуролли гуруҳлар мавжуд. Ушбу гуруҳлар орасида ИШИД таъсиридаги террорчи гуруҳлар ҳам бор. Афтидан, ушбу ташкилотлар ва француз аскарлари томонидан олиб бориладиган ҳаракатлар маълум вақтгача давом этадиганга ўхшайди.
Кот-д’Ивуар ва Гвинеяда ҳам давлат раҳбарларининг учинчи марта сайловга ўз номзодларини қўйишлари ортидан Малидаги каби намойишлар бўлиб ўтди. Ушбу мамлакатларда ҳам тўнтаришлар уюштирилиши ва халқ қўзғалиши эҳтимоли бор. Яъни Малидаги тўнтариш олови бу мамлакатларга ҳам туташиши мумкин.
У ҳолда, ўз-ўзидан бир савол туғилади: навбатда қайси Африка давлати турибди?
Отабек Тиллаев тайёрлади
Мавзуга оид
17:22 / 25.11.2024
Малида «Вагнер»нинг бир неча жангчиси ўлдирилди
15:35 / 25.11.2024
Малида «Вагнер» ХҲКнинг бир неча ёлланма аскарлари ўлдирилди
13:20 / 15.10.2024
Киев Малидаги исёнчиларга УУА етказиб берилгани ҳақидаги маълумотни рад этди
07:51 / 06.08.2024