Ўзбекистон | 19:38 / 22.08.2020
59636
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Россия билан темир йўл қатновини тикламоқчи

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов «Россия темир йўллари» компанияси раҳбари Олег Белозёров билан темир йўл соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Фото: KUN.UZ

Қайд этилишича, икки давлат ўртасидаги темир йўл орқали юк ташиш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. 2019 йилда ўсиш ҳажми 4 фоизни ташкил этиб, 7 млн тонна юк ташилган. Жорий йилда ҳам ўсиш суръати давом этмоқда. 2020 йилнинг 7 ойида ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда юк ташиш ҳажми 4,5 млн тоннани ташкил қилган. Шунга қарамай томонлар ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётганини таъкидлашган.

Муҳокама чоғида «Россия темир йўллари» ОАЖ коронавирус инфекциясига қарши курашиш масалаларида ҳам ҳамкорлик қилиб келаётгани, жумладан, июль ва август ойларида «Ўзбекистон темир йўллар» компанияси билан биргаликда 5 минг ўзбекистонликнинг ватанга қайтарилишини таъминлангани эътироф этилган.

«Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан доимий алоқадамиз ва йўловчиларни ташиш билан боғлиқ барча масалаларни биринчи навбатда ҳал қиляпмиз. Доимий қатновларнинг тикланишига келсак, биз Россия транспорт вазирлигини ўзбек томонининг таклифи ҳақида хабардор қилдик. Яқин вақт ичида бу масала кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади», – деб айтган Олег Белозёров.

Эслатиб ўтамиз, коронавирусга чалинган илк бемор рўйхатга олиниши ортидан Ўзбекистондан 16 мартдан бошлаб жаҳоннинг барча мамлакатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилган, шу билан биргаликда, Россия ва бошқа давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон поездларининг қайтиб келиши учун темир йўл орқали йўловчи ташишга уч кун давомида рухсат берилган эди.

«Ўзбекистон темир йўллари» 23 март куни республика бўйлаб йўловчи ташиш фаолиятини тўхтатганди.

18 май кунидан Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилди.

15 июндан «сариқ» ва «яшил» ҳудудлари ўртасида поездлар қатнови қайта тикланди, Тошкентдан Самарқандга «Афросиёб» поезди қатнай бошлади.

Кейинчалик мамлакатда эпидемиологик вазият ёмонлаш мамлакат ичкарисида поездлар қатнови бекор қилинган, Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 20 августдан Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари ўртасида поездлар қатнови қайта тиклана бошлади.

Мавзуга оид