Ўзбекистон | 14:08 / 23.08.2020
63787
2 дақиқада ўқилади

Президент Карим Камолов қабрини зиёрат қилди

Бухоро эли оғир жудоликка учради. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи, давлат ва жамоат арбоби Карим Жамолович Камолов 22 август куни 65 ёшида вафот этди. Марҳум Бухоро шаҳридаги «Ҳазрати Имом» қабристонига дафн этилди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни бу ерга ташриф буюриб, Карим Камолов қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Ўзининг 47 йиллик фаолияти давомида Карим Камолов чинакам раҳбарлик қобилияти, инсоний фазилатлари билан улкан ҳурмат қозонгани, Бухоронинг ҳар томонлама ривожланиши ва обод бўлишига катта ҳисса қўшгани таъкидланди.

Карим Камолов 1955 йил Бухоро шаҳрида туғилган. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини битириб, меҳнат фаолиятини қурилиш соҳасида бошлаган. 1994-2007 йилларда Бухоро шаҳри ҳокими сифатида самарали меҳнат қилган. Мазкур даврда бу ерда мислсиз бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, иқтисодий-ижтимоий соҳалар изчил ривожланди. Шаҳарнинг 2500 йиллиги кенг нишонланди, халқаро фестиваллар муваффақиятли ўтказилди. Қадимий обидалар обод қилиниб, туризм инфратузилмаси яхшиланди.

Карим Жамоловичнинг бой билим ва тажрибаси 2007-2017 йилларда «20-трест» масъулияти чекланган жамият раиси бўлиб ишлаган пайтларида қўл келди.

Охирги йилларда вилоятда юз бераётган кенг миқёсли ўзгаришлар ҳам Карим Камолов сермаҳсул фаолияти билан боғлиқ бўлди. У 2017 йилдан Бухоро шаҳри ҳокими, 2020 йил февралдан Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида мамлакатимиздаги ислоҳотларни амалга оширишда фидокорона меҳнат қилди. Халқ депутатлари вилоят ва шаҳар кенгашлари аъзолари қаторида ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётига хизмат қиладиган муҳим қарорларни ишлаб чиқишга ҳам ҳисса қўшди.

Карим Камоловнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги буюк хизматлари муносиб тақдирланиб, у «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан мукофотланган эди.

Мавзуга оид