Жаҳон | 22:40 / 06.09.2020
36742
4 дақиқада ўқилади

«Бирлик марши». Минскда яна ўн минглаб беларуслар намойишга чиқди

6 сентябрь куни Минскда «Бирлик марши» — президентлик сайловлари натижаларидан норози бўлган фуқаролар иштирокидаги навбатдаги намойишлар уюштирилди. Намойишчилар Мустақиллик проспектидан «Минск — Қаҳрамон шаҳар» ёдгорлигигача, кейин Александр Лукашенконинг қароргоҳигача юриб боришди. Кузатувчиларнинг баҳолашича, маршда камида 100 минг киши иштирок этган. Ҳуқуқ фаоллари камида 100 намойишчи қўлга олинганини хабар қилишди.

Фото: TUT.BY / AFP / Scanpix / LETA

«Tut.by», «Нехта» ва бошқа нашрлар оммавий намойишлардан кейин фуқаролик кийимидаги ниқоб таққан ва дубинка тутган шахслар намойишчиларни калтаклаётгани ва қўлга олаётгани тасвирларини тарқатишди.

Шу нашрларда қўлга олинганлар сони юздан ошиқ бўлгани айтилди. Беларусь ИИВ вакили Ольга Чемоданова ҳам «ўнлаб кишилар» қўлга олинганини тасдиқлаган. «Весна» ташкилоти маълумотига кўра, Минскда 160дан ортиқ намойишчи олиб кетилган.

Бу сафарги намойишлардан олдин ҳам шаҳар марказидаги кўчалар ва метро бекатлари ёпиб қўйилди.

Кўплаб гувоҳларнинг айтишича, намойишлар ўтказилган ҳудудларда маълум муддат давомида мобил интернет ишламаган. Аввалги намойишлар вақтида бўлгани каби А1 компанияси (мобил алоқа оператори ва интернет провайдери) интернет фаолиятидаги узилишлар «давлат органлари фармойиши» билан боғлиқлигини маълум қилган.

Минск кўчаларига - водомётлар ва ҳарбий техника жойлаштирилди. Шаҳар марказида ҳарбий формадаги кишилар ҳукумат бинолари ва «Минск - қаҳрамон шаҳар» ёдгорлигини қўриқлашди. Бинолар симтўсиқлар билан ўраб олинганди.

Намойишчилар ҳар сафаргидек Мустақиллик майдонигача келишди, Александр Лукашенконинг қароргоҳи ҳарбий техникалар ва водомётлар билан қўриқланди.

Одамлар бир неча соат давомида Мустақиллик саройи атрофида тўпланиб туришди. Намойишчилардан бири ҳимоя тўсиғига шиор ёзишга уринганида милиция вакили унга кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Маҳаллий вақт билан соат 16:00 атрофида кучли ёмғир ёға бошлади, одамларнинг бир қисми уйларига тарқалди, бир қисми симтўсиқлар олдида кечгача қолишди. Улар кетишда симтўсиқлар олдида гуллар қолдиришди.

TUT.by сайти махсус дастур орқали 6 сентябрь кунги намойишда қатнашганлар сони 100 минг нафарни ташкил этганини ҳисоблади.

Беларуснинг бошқа шаҳарларида - Брест, Гомел, Могилёв, Молодечно, Барановичида ҳам шу каби акциялар ўтказилди.

«Нехта» канали ёзишича, Гроднода милиция намойишчилар тўпланишига қаршилик кўрсатган ва уларга кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган. Телеграм каналда жойлаштирилган видеолардан бирида йўталиб, юзини ёпаётган ва «Газ!» дея бақираётган одамларни кўриш мумкин.

Намойишлар чоғида қўлга олинганларнинг аниқ сони маълум эмас, аммо телеграм-каналлар ва воқеаларни ёритиб бораётган нашрлар маълумотига кўра, гувоҳлар намойишчилар автозакларга солиб олиб кетишгани ҳақида айтишган.

Норозилик намойишлари 9 август кунидан буён ҳар куни ўтказилмоқда.

Беларусь президентлиги сайловлари 9 август куни ўтказилганди. Ўша куни сайлов натижаларидан норози фуқаролар намойишларни бошлаб юборишди: амалдаги президент Александр Лукашенко 80 фоиздан ортиқ, унинг асосий мухолифи Светлана Тихановская 10 фоиз атрофида овоз тўплагани эълон қилинганди.

Шу вақтгача намойишлар вақтида камида 3 киши ҳалок бўлган, 60га яқин киши бедарак йўқолган. Ушбу ҳолатлар бўйича жиноий ишлар очилган.

Тихановская Литвага кетишга мажбур бўлган. Сайлов натижалари Россия ва МДҲнинг яна бир қанча давлатлари томонидан тан олинган. Европа давлатлари натижаларни ҳақиқий эмас деб ҳисобламоқда, Болтиқ бўйи давлатлари Лукашенко ва яна унинг атрофидагилардан 30дан ортиқ кишига санкция қўллаган.

Мавзуга оид