Ўзбекистон | 11:52 / 12.09.2020
8652
5 дақиқада ўқилади

Ўлчаш воситаларини давлат синовларидан ўтказиш қоидалари тасдиқланди

Ўлчаш воситаларини давлат синовларидан, метрологик аттестациядан, қиёслаш ва калибрлашдан, шунингдек синов воситаларини метрологик аттестациядан ўтказиш қоидалари тасдиқланди.
 
Маълумот учун:

  • ўлчаш воситалари – ўлчаш учун мўлжалланган ва нормал метрологик хусусиятга эга бўлган техник воситалар;
  • синов воситалари – синовдан ўтказиш учун мўлжалланган, нормал техник хусусиятларга эга бўлган техник қурилма, буюм ва (ёки) материаллар.

Norma’нинг ёзишича, октябрдан «Метрология тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири кучга киради, унга мувофиқ:

  • метрологик аттестация бир бирликда ишлаб чиқарилган ёки Ўзбекистонга бир бирликда импорт қилинган ўлчаш воситасининг хусусиятларини текшириш асосида уни қўллашга йўл қўйилиши мумкинлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади, синов воситаларига нисбатан эса – уларнинг нормал техник хусусиятлари техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш учун ўтказилади;
  • калибрлаш маълум шароитларда, ўлчаш воситаси ёрдамида олинган катталик қиймати ва эталон билан қайта тикланадиган тегишли катталик қиймати ўртасидаги нисбатни аниқлаш орқали ўлчаш воситаларининг метрологик таснифларини аниқлашга имкон беради;
  • қиёслашда ўлчаш воситаларининг белгиланган метрологик талабларга мувофиқлиги текширилади ва тасдиқланади.

Барча ишлар аккредитацияланган метрология хизмати томонидан манфаатдор юридик ёки жисмоний шахсларнинг аризасига асосан бажарилади, аризага ўлчаш ёки синов воситаси ҳамда тегишли ҳужжатлар илова қилинади. Ариза берувчи ва ижро этувчи ўртасида шартнома тузилади, шу жумладан электрон шаклда тузилиши ҳам мумкин. Ариза берувчи тузилган шартнома шартларига мувофиқ ишлар учун ҳақ тўлайди.
 
Таомиллар тасдиқланган схемаларга мувофиқ босқичма-босқич амалга оширилади (схемаларга қуйида келтирилган ҳаволалардан ўтиб кириш мумкин). Ҳар бир кейинги босқичга аввалги босқичда ижобий натижаларга эришилгандан кейин ўтилади. Қуйидаги асосий жиҳатларга эътибор қаратамиз:  

а) ўлчаш воситаларини давлат синовидан ўтказишда тақдим этилган ҳужжатлар метрологик экспертизага берилади ва эксперт хулосаси расмийлаштирилади. Давлат синовидан ўтказиш давомийлиги айрим ҳолатлар истисно қилинган ҳолда 25 кундан ошмаслиги лозим.

Бу жараёнда тасдиқланган ўлчаш воситаси турларини қиёслашдан ўтказиш услубиятининг синовдан ўтказиш ва экспериментал намуна олиш дастурига мувофиқ экспериментал тадқиқот ўтказилади ва натижалар қайта кўриб чиқилади.

Натижалар бўйича ўлчаш воситаси тасдиқланади ва реестрда рўйхатдан ўтказилади, сўнгра ўлчаш воситаси турининг таърифи ҳамда ўлчаш воситаси турини тасдиқлаш тўғрисидаги сертификат расмийлаштирилади. Сертификатнинг амал қилиш муддати 5 йилни ташкил этади, ушбу муддат тугагач эса сертификатнинг амал қилиш даврида ишлаб чиқарилган мазкур турдаги ўлчаш воситаси қиёслашдан ўтказилиши лозим, бундан кейин ўтказиладиган қиёслаш эса улар реестрга киритилгандан сўнг амалга оширилади;

б) метрологик аттестация:

  • ўлчаш воситалари бўйича – ўтказиш давомийлиги айрим ҳолатларни истисно этган ҳолда 10 кундан ошмаслиги керак. Натижалар бўйича восита реестрда рўйхатдан ўтказилади ва сертификат расмийлаштирилади. Сертификатнинг амал қилиш муддати қиёслаш оралиғидаги интервалларга мувофиқ белгиланади. Сертификатнинг амал қилиш муддати тугагач қиёслаш ўтказилади;
  • стандарт намуналар (буюм, материаллар) бўйича аттестация айрим ҳолатларни истисно этган ҳолда кўпи билан 10 кун мобайнида ўтказилиши керак. Натижалар бўйича стандарт намуна реестрда рўйхатдан ўтказилади ва амал қилиш муддати 5 йилдан иборат бўлган сертификат расмийлаштирилади. Вақт ўтишига қарамай ўзининг турғун метрологик хусусиятларини сақлаб қолган стандарт намуна учун сертификатнинг амал қилиш муддати узайтирилади;
  • синов воситалари бўйича бирламчи, даврий, навбатдан ташқари, инспекцион ва эксперт қиёслаш ўтказилади (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки судлар топшириғига кўра). Натижалар ижобий бўлганда сертификат расмийлаштирилади;

в) ўлчаш воситалари бирламчи, даврий, навбатдан ташқари, инспекцион ва эксперт қиёслашдан ўтказилади. Булар тасдиқланган услубиятга мувофиқ амалга оширилади. Натижалар бўйича гувоҳнома расмийлаштирилади;

г) ўлчаш воситаларини калибрлаш – шартнома бўйича тўлов тўланган кундан бошлаб 10 кун мобайнида ўтказилади. Натижалар бўйича сертификат расмийлаштирилади.
 
Ҳужжат 29.08.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид