Спорт | 18:00 / 12.09.2020
13993
2 дақиқада ўқилади

Спорт таълим муассасаларида ўқув йили қачондан бошланиши маълум бўлди

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги спорт таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб амалга оширилади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, спорт таълими муассасалари иш фаолиятини йўлга қўйишга муассаса раҳбари томонидан ўқувчиларни хавфсиз сақлаш учун тегишли шарт-шароитларни таъминлаш тўғрисида имзоланган кафолат хати ва Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларининг тегишли қарори мавжуд бўлган тақдирдагина рухсат берилиши белгиланди.

Спорт таълим муассасаларида таълим жараёнлари ўқувчиларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, анъанавий ёки онлайн (масофавий) шаклда ташкил этилади.

Спорт таълим муассасаларида ўқишни анъанавий шаклда давом эттириш истагини билдирган ўқувчиларнинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)дан ёзма розилик талаб этилади, шунингдек, ўқувчиларга, соғлиғи тўғрисида маълумотномани тақдим этиши ҳамда уларнинг ота-оналаридан ёзма розилик олингандан сўнг, ўқишга келишларига рухсат берилади.

Жорий йилнинг 20 сентябридан бошлаб бошқа спорт базаларда (оромгоҳ, санаторий) тасдиқланган санитария-гигиена қоидалари ва меъёрларига қатъий амал қилган ҳолда тегишли ташкилотларнинг рухсати билан ўқув-машқ йиғинларини ташкил этишга рухсат этилади.

Спорт таълим муассасалари тренер-ўқитувчилари томонидан ўзларига бириктирилган ўқувчиларга спорт машғулотлари жадвалидан келиб чиқиб, спорт турлари бўйича амалий машғулот вазифаларини вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган видеороликлар кўринишида онлайн (масофавий) шаклда бериб бориш ва берилган вазифалар ҳамда нормативларни ўқувчилар томонидан бажарилишини назорат қилиб бориш йўлга қўйилмоқда.

Ишчи гуруҳ спорт таълим муассасаларининг 2020-2021 ўқув йили жараёни ва ўқув-машқ йиғинларини тасдиқланган санитария-гигиена қоидалари ва меъёрларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилишини жойига чиққан ҳолда ўрганади ва доимий равишда назорат қилади.

Мавзуга оид