Жаҳон | 21:20 / 16.09.2020
25762
10 дақиқада ўқилади

Японияда янги бош вазир сайланди. Ёсихидэ Суга ким ва ундан нима кутиш мумкин?

Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партиясининг янги раиси Ёсихидэ Суга мамлакат бош вазири лавозимига тасдиқланди. Унинг номзодини парламент депутатларининг аксарияти қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, Япония ҳукуматининг янги таркиби эълон қилинган.

Фото: AP

Япония парламентида Ёсихидэ Суга номзоди кўпчилик овоз билан бош вазир лавозимига сайланди. У саккиз йил ичида илк янги бош вазир бўлди. Ҳукуматнинг аввалги раҳбари Синдзо Абэ соғлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли истеъфо берганди. Абэнинг маслакдоши бўлган Суга унинг сиёсатини давом эттириши кутилмоқда.

Аввалроқ Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси 71 ёшли Сугани ўзининг янги раиси этиб сайланганди.

Парламентнинг қуйи палатасида ҳукмрон коалиция – Либерал-демократик партия ва Комэйто партиясига 465 ўриндан 313таси тегишли бўлгани туфайли Суга бош вазирликка сайланиши олдиндан маълум эди. Унинг номзоди 16 сентябрь куни Япония парламенти Вакиллар палатаси депутатларининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланган. Янги бош вазирга 465 депутатдан 314 нафари овоз берган.

Депутатлар қаршисида чиқиш қилган Суга ўзининг биринчи навбатдаги вазифаси Covid-19га қарши кураш эканини айтган. У шунингдек ўзидан олдинги бош вазир Синдзо Абэнинг пул-кредит сиёсатини юмшатиш, дефляцияни камайтириш ва иқтисодиётни рағбатлантиришни давом эттиришга ҳамда бюрократияни чеклашга ваъда берган. Бундан ташқари, у миллий иқтисодиётни қўшимча равишда қўллаб-қувватлашни ваъда қилган.

Суга 2021 йил сентябрида ўтказиладиган навбатдаги умуммиллий сайловларгача ҳукуматни бошқаради.

Аввалги бош вазир Синдзо Абэ 28 август куни соғлигидаги муаммолар туфайли истеъфога чиққанди. У Сугадан 6 ёш кичик эди. Абэ рекорд ўрнатган - у Японияда энг узоқ вақт бош вазир бўлган сиёсатчига айланганди.

Ёсихидэ Суга ташқи сиёсатда катта тажрибага эга эмас, аммо Японияда уни бенуқсон ва самарали ишчи сифатида билишади. Куриль ороллари бўйича баҳс - Токио ва Москва кун тартибидаги муҳим масала бўлиб, кўпчиликни янги ҳукумат даврида икки давлат ўртасидаги мулоқот қандай кечиши қизиқтирмоқда.

Суга муқаддам Вазирлар Маҳкамасида котиб сифатида ишлаган. У Абэнинг яқин сафдоши, Япониядаги ОАВ маълумотига кўра эса, у ўз ўрнига қўйиб кетган кишисидир. Партия сайловлари арафасидаёқ у эҳтимолий ғолиб сифатида кўрилаётганди. Унинг даврида сиёсатда жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилмаяпти.

Партия ичидаги сайловларда Суга 534 овоздан 377тасини қўлга киритганди.

Янги ҳукуматда аввалги бош вазир Синдзо Абэ вазирлар маҳкамасидан бир неча вазир қолган. Жумладан, ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги, молия вазири Таро Асо, давлат ерлари, инфратузилма, транспорт ва туризм вазири Кадзуёси Акаба, Олимпиада ва Паралимпиада ишлари бўйича вазир Сэйко Хасимото, Япония иқтисодиётини тиклаш бўйича вазир Ясутоси Нисимура, иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Хироси Кадзияма, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Синдзиро Коидзуми ўз лавозимларини сақлаб қолишган.

Бундан ташқари, Япониянинг эндиликда собиқ мудофаа вазири Таро Коно маъмурий ислоҳотларни ўтказиш бўйича вазир этиб тайинланган. Унинг ўрнини эса Синдзо Абэнинг укаси Нобуо Киси эгаллаган. Шунингдек, Суга ҳукуматида янги лавозим – рақамлаштириш бўйича вазир пайдо бўлган, уни Такуя Хираи эгаллаган.

Янги бош вазирдан нималар кутиш мумкин?
Либерал-демократик партиянинг янги раиси қулупнай етиштирувчи фермер оиласида дунёга келган. Лекин Суга бутун ҳаётини сиёсатга бағишлаган.

«Синдзо Абэ ва партиянинг бошқа босслари Сугани танлашди, чунки у ўзининг барқарорлиги билан Абэ сиёсатини Абэсиз давом эттиришга қодир деб ҳисоблашди», дейди BBC билан суҳбатда Токио университетининг сиёсатшунослик бўйича профессори Коичи Накано.

Суга жўшқин сиёсатчилар сирасига кирмайди, аммо у жуда ишчан ходим сифатида маълум бўлган.

Ёсихидэ Суга ташқи сиёсатда тажрибали эмас, аммо Японияда уни бенуқсон ва тартибли сиёсатчи сифатида билишади

У 2019 йил 1 майида тахт император Акихитодан унинг ўғли Нарухитога ўтаётганида эътиборга тушганди. Суга котиб сифатида ҳисоб бўйича 248-император даврини  - «Рейва эраси»ни эълон қилиши керак эди, Рейва сўзи эса «уйғунлик» маъносини билдиради. Шундан сўнг у «гармония амаки» деган лақаб олган.

Аммо кузатувчиларнинг фикрича, Суга бир йил бош вазир бўлганидан кейин партияни янги сайловга ҳам бошлаб бормайди. Катта эҳтимол билан, 2021 йил ноябрига бориб ЛДПда янги сайловчиларни жалб этишга қодир бўлган бошқа ёрқин шахс раҳбар бўлади.

Бу лавозимга яна кимлар даъвогар бўлганди?
Суганинг нисбатан ёш бўлган икки рақиби бор эди - уларнинг иккиси ҳам 63 ёшда.

ЛДП партияси раислиги учун Сугадан ташқари (марказда) Сигэру Исиба (чапда) ва Фумио Кисида ҳам даъвогарлик қилишганди

Фумио Кисида Синдзо Абэ ҳукуматида бир муддат ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган, сўнгги уч йил мобайнида эса партиянинг асосий фикр маркази - сиёсий тадқиқотлар кенгашини бошқарган. Унинг асосий устунлиги дипломатик тажрибага эгалиги эди, аммо, мавжуд маълумотларга кўра, Абэ уни қўлламаган.

ЛДПнинг бош котиби Сигэру Исиба эса муқаддам Мудофаа вазири лавозимида ишлаган, у бошқа икки номзоддан фарқли равишда бош вазир билан яқин бўлмаган ва агар у ҳукумат тепасига келса сиёсатда жиддий ўзгаришлар кутилаётганди.

Маҳаллий таҳлилчиларнинг фикрича, бу сафар уларнинг имконияти пастроқ эди, аммо уларнинг номзодлиги 2021 йилда партия ичидаги курашдаги имкониятларини оширади.

Синдзо Абэ нега кетганди?
Собиқ бош вазир ўзининг хасталиги қарорлар қабул қилишга таъсир қилмаслиги кераклигини ва шу туфайли ўз лавозимида муддати якунигача қола олмаслигини айтиб, Япония фуқароларидан узр сўраганди.

Абэ 2008 йилда ҳам бетоблиги туфайли бош вазирликдан кетганди

65 ёшли арбоб аввалдан ошқозан яраси билан оғриб келарди. Абэнинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда касаллик кучайган.

Ҳукуматни 2012 йилдан буён бошқариб келган Абэ ушбу лавозимда ишлаётганига 2799 кун тўлиб, рекорд қайд этишидан тўрт кун ўтгач истеъфога чиққанди.

У 2006-2007 йилларда ҳам ҳукуматни бошқарган, аммо ўшанда ҳам ошқозонидаги муаммо туфайли кутилмаганда лавозимини тарк этганди. Ўшанда Суга уни яна сиёсатга қайтишга даъват қилади ва у 2012 йилги сайловларда қатнашиб ғалаба қозонади. Ёсихидэ эса ҳукумат бош котиби лавозимини эгаллайди ва у ҳам бу лавозимда ҳаммадан кўп ишлаган сиёсатчи ҳисобланади: Синдзо Абэ вазирларни алмаштирган, аммо Суга ҳамиша ўз ўрнида қолган — бош вазир унга чексиз ишонч билдириб келган.

Япон сиёсатида нималар бўлмоқда?

Япония коронавирус пандемияси туфайли иқтисодий пасайишни бошдан кечирмоқда

Ҳокимиятни ўтказиш мураккаб даврга тўғри келди. Япония коронавирус пандемиясига қарши курашни давом эттирмоқда, бу касаллик мамлакатнинг замонавий тарихидаги энг чуқур иқтисодий пасайишга сабаб бўлди.

Японияда шусиз ҳам сўнгги бир неча йилларда рецессия ёки ҳаддан ташқари секин ўсиш кузатилаётганди. Собиқ бош вазир номи билан аталган, иқтисодиётни қайта тиклашга қаратилган узоқ муддатли «абэномика» режаси самара келтиришга улгурмай Covid-19 бошланиб қолди.

Ҳал қилинмай қолган яна бир масала - урушдан кейинги конституцияни ислоҳ қилиш. Синдзо Абэ ҳали ҳам «ўзини ўзи ҳимоя қилиш кучлари» деб аталувчи Япония армиясининг мавжудлигини қонунийлаштиришни ва қуролли кучлардан хорижда, хусусан, халқаро мандат асосида тинчликпарвар амалиётларда фойдаланишга тақиқни бекор қилишни режалаштирганди.

Профессор Наканонинг фикрича, Сугага стратегик билим етишмаслиги мумкин.

«Унинг ягона шиори - «ўз-ўзига ёрдам бериш, бир-бирига ёрдам бериш, жамиятга ёрдам бериш» бўлиб, бу биринчи навбатда ўзингга ёрдам бериш ва ҳар ким ўзи учун жавобгарлигини таъкидлашдан иборат неолибералча қарашдир. Пандемия даврида эса аҳолининг катта қисми иқтисодий жиҳатдан заифлашган», дейди у.

Куриль можароси
Россия учун Япония билан муносабатларда энг муҳими Иккинчи жаҳон уруши якунлари бўйича тинчлик сулҳи тузилишидир, ўтган вақт мобайнида Кунашир, Итуруп, Шикотан ва Хабомаи ороллари бўйича баҳслар туфайли бундай сулҳ тузилмай келмоқда.

Россия бу оролларни Жанубий Курил ороллари деб атайди. Япония эса бу ороллар Курил тизмасига тегишли эканини рад этиб, ўзининг шимолий ҳудудлари деб ҳисоблайди.

Синдзо Абэ ва Владимир Путин жами 18 марта учрашишган, аммо, оптимистик баёнотлар берилганига қарамай, муаммо ҳал қилиниши томон силжиш кузатилмаган.

Экспертлар ташқи сиёсат бобида кўникмага эга бўлмаган Ёсихидэ Сугадан ҳам бу масалада ҳеч қандай сюрприз кутишга ҳожат йўқ деб ҳисоблашади.

Икки томонда ҳам «манёврлар учун жой йўқ». Россия конституциясига киритилган сўнгги ўзгартиришлардан бирида ҳудудларни бегоналаштириш истисносиз тақиқланади, ҳар қандай япон етакчиси учун эса «шимолий ҳудудларсиз» тинчлик келишуви - сиёсий жиҳатдан ўз жонига қасд қилиш билан тенг баҳоланади.

Путин бош вазирликка сайлангани муносабати билан Сугани табриклаб телеграмма йўллаган. «Сўнгги вақтларда, шу жумладан, сиздан аввалги бош вазир Синдзо Абэ даврида давлатларимиз ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш учун кўп ишлар қилинди», дейилади унда.

Мавзуга оид