Жамият | 14:17 / 22.09.2020
21337
2 дақиқада ўқилади

Гриппга қарши вакцинани қаерда олиш мумкинлиги бўйича маълумот берилди

Коронавирусга қарши штаб аъзоси Барно Абдусаматова гриппга қарши сифатли вакцинани қаердан олиш мумкинлиги ва қанчадан кейин организмда гриппга қарши иммунитет пайдо бўлиши ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Гриппга қарши вакцина билан махсус ташкил қилинган эмлаш марказларига борган ҳолда эмланиш мумкин. Аҳолимиз юртимиздаги мавжуд вакциналарнинг сифатига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Четдан олиб кирилаётган ҳар бир вакцина сифати ва самарадорлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли муассасаси томонидан текширилиб, амалиётга жорий қилишга рухсат берилади. Юртимизга турли давлатлардан самарадорлиги энг юқори бўлган вакциналар олиб келинади. Вакцина қабул қилаётганда ҳар бир фуқаро ўз хоҳишига кўра турли давлатда ишлаб чиқилган вакцинадан бирини танлайди.

Мавсумий гриппга қарши вакцина организмда 15 кун ичида микробларга қарши иммунитет ишлаб чиқади. Таъсир кучи 1 йилга етади. Эмлашдан олдин шифокор томонидан албатта эмланувчи шахснинг умумий саломатлиги текширилиб, шунга кўра вакцинация қилиш-қилмаслик белгиланади. Яъни, эмланадиган киши шамоллаш, нафас олиш йўллари яллиғланиши каби касалликлардан тамоман соғлом бўлиши керак.

Шунингдек, вакцина таркибидаги компонентларга нисбатан аллергик таъсирчанлик даражаси ҳам текширилади. Шунинг учун вакцинациядан олдин шифокор кўригидан ўтиш тавсия этилади», деди штаб аъзоси АОКАда ўтказилган брифингда.

Мавзуга оид