Жамият | 13:41 / 22.09.2020
6462
2 дақиқада ўқилади

Ҳозирги вақтда гриппга қарши эмлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб - Штаб аъзоси

Штаб аъзоси грипп коронавирус инфекцияси кўпайишига таъсир қилмаслигини маълум қилди.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова грипп мавсуми бошланиши коронавирус касаллигига қанчалик таъсир кўрсатиши ва бундай вазиятда гриппга қарши вакцина қанчалик ёрдам бериши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Грипп коронавирус инфекциясининг кўпайишига таъсир қилмайди, чунки бу икки хил инфекция. Эпидемияга қарши тадбирларга риоя қилмаслик касалланишнинг ошишига таъсир қилади. Агар аҳоли мунтазам ниқоб тақса, қўлни тоза сақлаш гигиенасига риоя қилса, ижтимоий масофани сақласа, ўзини алоҳидаласа, вазият барқарор бўлиб қолади.

Яна бир масала, агар киши коронавирус инфекцияси билан оғриган бўлса ва яна бирор ёндош инфекция (грипп ёки бошқа) билан касалланса, у ҳолда коронавирус қийин кечади. Ҳозирги вақтда гриппга қарши эмлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Грипп Covid-19 инфекциясисиз ҳам оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин бўлган жуда жиддий инфекция ҳисобланади.

Шунинг учун, бир вақтнинг ўзида иккита инфекция билан касалланмаслик учун гриппга қарши эмлаш мақсадга мувофиқдир.

Албатта, ҳаммада ҳам гриппга қарши эмлаш имкони йўқ, чунки айрим шахсларда ушбу вакцинага қарши кўрсатмалар мавжуд, лекин умумий ҳисобда, биз эмлаш керак деб ҳисоблаймиз», деди Барно Абдусаматова АОКАда ўтказилган брифингда.

Мавзуга оид