Жамият | 15:47 / 23.09.2020
24856
5 дақиқада ўқилади

Давлат ташкилотлари чернобилчининг қонуний талабини назарга илмаяпти

Чернобилчи Н. Миёнмаликов кексайган чоғида турар-жой шароитини яхшилашга эҳтиёж сезиб, чернобилчиларга қонунчиликда берилган имтиёздан фойдаланиш мақсадида, яъни давлат уй-жой фондидан уй олиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат йўллаган. Бироқ мурожаатига давлат ташкилотлари томонидан бир неча ой ўтиб, юзаки ва қониқарсиз жавоблар Таҳририятга мурожаат қилган Тошкент шаҳри, Олмазор туманида яшовчи II гуруҳ ногирони Носир Миёнмаликов 1986 йил 6 августдан 5 сентябргача Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этиш ишларида қатнашган.

Ҳалокат оқибатларини бартараф этиш ишларида қатнашиш жараёнида нурланиш олган Н.Миёнмаликов охир-оқибат II гуруҳ ногирони бўлиб қолади. Тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотномада ҳам Н.Миёнмаликовнинг ногиронлиги сабаби сифатида Чернобиль АЭСдаги авария туфайли келиб чиққан касаллик кўрсатилган.

2006 йил 18 апрелда унга А серияли 08257-сонли ЧАЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этиш қатнашчиси гувоҳномаси берилган ҳамда ушбу гувоҳномада “гувоҳнома эгаси Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган Чернобиль фожиаси оқибати натижасида зарар кўрган шахслар имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга” деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 170-сонли қарори билан Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларга бериладиган ҳақ-ҳуқуқлар, пул компенсациялари ва имтиёзлар рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатнинг I бўлими 1-бандида Чернобиль АЭСдаги ҳалокат натижасида зарарланган зонада ҳалокат оқибатларини тугатиш ишларида иштирок этган шахслар тоифаси тилга олинган. Ушбу рўйхатнинг II бўлимида эса рўйхатнинг I бўлими 1-бандида тилга олинган шахсларга бериладиган имтиёзлар турлари келтирилган бўлиб, II бўлимнинг 5-бандига кўра, ушбу шахслар имтиёзлилар орасида турар-жой шароитини яхшилашга муҳтож деб топилган тақдирда устун даражада турар-жой майдони ёки алоҳида хона кўринишидаги қўшимча турар-жой майдони билан таъминланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

2019 йил 27 сентябрь куни Тошкент шаҳар 1-сон асаб касалликлари диспансери томонидан берилган маълумотномада Н. Миёнмаликовнинг ушбу диспансерда “Д” тоифада рўйхатда туриши, соғлиқни сақлаш вазирининг 2001 йил 19 июлдаги 322-сонли буйруғига асосан руҳий ҳолатига кўра қўшимча турар-жой майдонидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги билдирилган.

Н. Миёнмаликов юқоридаги қарорда келтирилган ҳуқуқидан фойдаланиш, яъни турар-жой шароитини яхшилаш мақсадида “Ўзбекистон чернобилчилари” ассоциацияси кўмагига таянади. Ассоциация 2020 йил 14 февраль куни Н. Миёнмаликов манфаатини кўзлаб Тошкент шаҳар ҳокими номига илтимоснома йўллайди. Ушбу илтимосномада Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 170-сонли қарорига асосан Н. Миёнмаликовга муниципал фонддан уй ажратишда ёрдам бериш сўралган.

2020 йил 4 март куни Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев резолюция билан Олмазор тумани ҳокимлиги ва шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Муниципал активларни бошқариш марказига ушбу мурожаатда кўрсатилган масала комиссия асосида кўриб чиқилиб, хулоса ва таклиф киритиш, натижаси бўйича шаҳар ҳокимлигига ва аризачига маълумот бериш вазифасини юклайди.

Аммо, энг қизиғи, резолюцияда ҳам аризачининг 170-сонли қарор асосида уй-жой ажратиб беришни сўраганлиги кўрсатилган бўлса-да, мурожаатни кўриб чиқиш юклатилган ҳар икки ташкилот ҳам Н. Миёнмаликовга мазмунан бир-бирини такрорлайдиган жавоб хатлари йўллаган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Муниципал активларни бошқариш маркази директори М. Абдурахманов ва Олмазор туман ҳокими ўринбосари в.б. А. Вахобовлар томонидан имзоланган жавоб хатларида 170-сонли қарор умуман тилга олинмаган ҳамда масалага алоқаси йўқ бошқа бир қатор қарорлардан иқтибослар келтирилиб, мурожаатни қаноатлантиришнинг имкони йўқлиги маълум қилинган.

Н. Миёнмаликов яқинда кичик ўғлини ҳам уйлантирганини айтиб, ҳозирги кунда ўзи, турмуш ўртоғи, ўғли ва келини билан отамерос ҳовлидан ўзига тегишли бўлган икки хонада яшашга қийналаётганини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, ушбу ҳовлида ўзидан ташқари ака-укаларининг оилалари ҳам истиқомат қилади ва жами 23 киши рўйхатда туради.

Ёш чоғимда Чернобилда хизмат қилиб, нурланиш олиб соғлиғим ёмонлаша борди. Кейинчалик ҳам бир қатор юқори ҳарбий лавозимларда узоқ йиллар хизмат қилдим. Лавозимимдан фойдаланиб, ўзим учун уй орттириш пайида бўлмаганман. Ёшим ўтгани сайин соғлиғим янада ёмонлашгани учун ишимдан кетишга мажбур бўлдим. Касаллигимдан уйқумда ҳаловат йўқ. Мана шундай паллада давлатнинг ижтимоий кўмагига муҳтож бўлиб қолдим. Аммо давлат ташкилотлари мурожаатимга юзаки жавоб беришди. Ёшим ўтиб, соғлиғим ёмонлашганида бундай эътиборсизликка учрайман, деб ўйламагандим” – дейди Н. Миёнмаликов.

Расмий идоралардан ушбу вазият бўйича муносабат кутиб қоламиз.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид