Жаҳон | 22:00 / 27.09.2020
97441
13 дақиқада ўқилади

Тоғли Қорабоғда яна уруш, Арманистон ва Озарбойжонда ҳарбий ҳолат: Сўнгги маълумотлар

Тоғли Қорабоғдаги вазият кескинлашгани туфайли Арманистон ва Озарбойжонда ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Якшанбага ўтар кечаси ва тонгда Тоғли Қорабоғдаги туташув чизиғида арман ва озар ҳарбийлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган. Икки томондан ҳам қурбонлар бор.

Фото: Reuters

Икки томон бир-бирини вазиятни кескинлаштиришда айбламоқда.

Ҳозиргача нималар бўлди?
Озарбойжон мудофаа вазирлиги якшанба тонгида Арманистон томони Тартар, Жабройил ва Фузулий аҳоли пунктларини ўққа тутгани, Озарбойжон армияси тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун кенг кўламли қарши ҳужум бошлаганини маълум қилди.

Арманистон эса биринчи бўлиб Озарбойжон ўт очганини айтмоқда. Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбойжон маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8:00да ҳаводан ҳужум бошлаб, ракеталар учирганини маълум қилди.

Тўқнашувлардан кейин икки томон ҳам ҳарбий ҳолат жорий этилгани ҳақида маълум қилди. Арманистон бутун ҳудудида, Озарбойжон мамлакатнинг бир қисмида ҳарбий ҳолат жорий этган. Ереван 55 ёшгача бўлган эркаклар учун умуммиллий сафарбарлик эълон қилган.

Арман инқилобий федерацияси (АРФ) ҳарбий хизматчилари ва вакиллари Тоғли Қорабоғдаги вазият туфайли кўнгиллиларни ўз сафига йиғмоқда / MELIK BAGHDASARYAN\TASS

Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян ижтимоий тармоқлар орқали Арманистон фуқароларининг 10 минг нафари Қорабоғга кўнгилли сифатида йўл олишга тайёрлиги ҳақида хабар тарқатди.

Йўқотишлар
Арманистон тинч аҳоли орасида икки киши ҳалок бўлганини маълум қилди, Озарбойжон 5 кишидан иборат бир оила қурбон бўлгани ва 19 киши жароҳатланганини тасдиқлади.

Бундан ташқари, арман ҳарбийлари 16 аскар ҳалок бўлганини маълум қилди, аввалроқ юзга яқин қурбон берилгани хабар қилинганди. Озарбойжон ҳарбийлар орасидаги йўқотишлари ҳақида расман маълумот бермаган, Арманистон томони 200га яқин озар ҳарбийлари ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган.

Кун давомида зиддият томонлари душман ҳарбий техникалари йўқ қилингани ҳақида хабарлар беришди ва бунинг исботи сифатида видеолавҳалар тарқатишди.

Арманистон мудофаа вазирлиги 27 сентябрь куни Озарбойжон танклари ва ҳарбийлари Тоғли Қорабоғдаги туташув чизиғига ҳужум уюштиргани тасвирларини тарқатди.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги армия фақат тинч аҳоли пунктларига уюштирилган ҳужумларга жавоб қайтаргани ва Арманистон ҳарбий-ҳаво кучларининг 12та зенит-ракета мажмуаси йўқ қилинганини билдирди.

Озарбойжон томони мамлакат армияси бутун фронт чизиғи бўйлаб қарши ҳужумга ўтганини маълум қилди.

Вазирлик маълумотида қайд этилишича, Арманистон қуролли кучларининг жанговар фаоллашувининг олдини олиш ва тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун Озарбойжон армияси қўмондонлиги бутун фронт чизиғи бўйлаб ҳужум бошлашга қарор қилган.

«Бизнинг шахсий таркиб ва танк қисмларимиз ракета-артиллерия бўлинмалари, авиация ва учувчисиз учиш қурилмалари кўмагида фронт чизиғида ва ичкарида кўплаб арман кучларини, ҳарбий объектларни ва ҳарбий техникаларни аниқлади ҳамда йўқ қилди», дейилган хабарда.

Мудофаа вазирлиги Озарбойжон ҳарбий-ҳаво кучлари жанговар вертолёти Тартар йўналишида уриб туширилгани, экипаж аъзолари омон қолганини хабар қилган, Арманистон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари «Оса» русумли 12та зенит-ракета мажмуасини йўқотгани қўшимча қилинган.

Арманистон томони маълумотига кўра эса, душманнинг иккита вертолёти ва учта дрони уриб туширилгани, шунингдек, учта танк йўқ қилингани, озар аскарлари ҳалок бўлган бўлиши мумкинлиги айтилган.

Аввалроқ тан олинмаган Тоғли-Қорабоғ республикаси президенти Араик Арутюнян Қорабоғда ҳарбий ҳолат ва умуммиллий сафарбарлик эълон қилингани ҳақида эълон қилганди. 

Унинг матбуот котиби Ваграм Погосян фейсбукдаги саҳифасида президент тез орада Қорабоғ халқига мавжуд мураккаб вазият юзасидан мурожаат қилиши ҳақида айтган.

Погосяннинг тасдиқлашича, тинч аҳоли пунктлари, хусусан, пойтахт Степанакерт артиллерия ҳужумига учраган.

Арманистон мудофаа вазирлиги 27 сентябрь куни Озарбойжон танклари ва ҳарбийлари Тоғли Қорабоғ туташув чизиғига бостириб киргани айтилган видеоёзувни эълон қилди. Видеода танклардан бири портлаб ёниб кетганини кўриш мумкин.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги арман томонининг ҳарбий техникалар йўқ қилингани ҳақидаги маълумотини рад этган.

Озарбойжон мудофаа вазирлиги арман томонининг озарларнинг ҳарбий техникалари яксон этилгани ҳақидаги хабарларини рад этмоқда

«Озарбойжон армиясининг уч танки, икки вертолёти ва учта учувчисиз учар қурилмаси яксон этилгани ҳақидаги Арманистон томони тарқатган маълумот ёлғон. Хабар қиламизки, бизнинг бўлинмаларимиз фронтда рақибдан тўла устун», деган агентликка Озарбойжон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Озарбойжон Бош прокуратураси тинч аҳоли орасида 14 киши жароҳатлангани ҳақида маълум қилган. BBC бу масалада мустақил манбалардан ишончли маълумот ололмаган.

Ҳукуматлар нима демоқда?

 

Озарбойжон давлат телевидениесида чиқиш қилган президент Илҳом Алиев бугунги кунда минтақада Арманистон хавф манбайига айлангани ҳақида гапирди. AZERI TV

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Ереван Тоғли Қорабоғ мустақиллигини расман тан олиш имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақида гапирди. Пашинян миллатга мурожаатида Озарбойжон бутун арман халқига уруш очгани, аммо арманлар бунга тайёрлиги ҳақида гапирган. Пашинян Озарбойжон томонининг ҳаракатларини «кенг кўламли провокация» деб атаган.

Якшанба куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев миллатга телемурожаат қилди ва бу «Арманистон томонининг навбатдаги ҳарбий бузғунчилиги» экани ҳақида гапириб, Арманистон қуролли кучлари томонидан ўт очилиши оқибатида аҳоли ва ҳарбийлар орасида «қурбонлар ва жароҳатланганлар» борлигини маълум қилди.

Давлат телевидениеси орқали чиқиш қилган Алиев Арманистон хавф манбайига айланганини таъкидлаган.

У шунингдек, Озарбойжон Арманистоннинг ҳаракатларини жавобсиз қолдирмаслиги ҳақида гапирган.

«Айни вақтда рақиб позицияларига зарбалар берилмоқда, ҳарбий техникалар йўқ қилинмоқда», деган Алиев.

Кейинроқ Илҳом Алиев мамлакат хавфсизлик кенгаши йиғилишида Қорабоғдаги вазиятни тартибга солишни «Озарбойжоннинг тарихий вазифаси» деб атаган ва Боку «чала қарорлар» билан келишмаслигини билдирган.

«Мен кўп марта айтганман, бугун ҳам такрорламоқчиман, бу масалани шундай ҳал қилишимиз керакки, Озарбойжон халқи бундан рози бўлсин. Биз тарихий адолатни тиклашимиз керак. Биз буни Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш учун қилишимиз керак», дея қайд этган Алиев.

Тоғли Қорабоғ можароси

Қорабоғдаги можаро бир неча ўн йилдан буён давом этмоқда (архив фото)

СССР қулашидан аввал, 1991 йилда Озарбойжон ва Арманистон иттифоқ таркибида бўлган, аммо Қорабоғ низоси иттифоқ парчаланишидан уч йил аввал, 1988 йил февралида бошланган, ўшанда Тоғли-Қорабоғ автоном области Озарбойжон ССР таркибидан чиққанини эълон қилганди.

1992-1994 йиллар давомида икки республика ўртасидаги қуролли тўқнашувлар натижасида Озарбойжон Тоғли Қорабоғ устидан назоратни қўлдан бой берган. 1992 йилда бу зиддиятни ҳал қилиш бўйича уч воситачи давлат - Россия, АҚШ ва Франция иштирокида ЕХҲТнинг Минск гуруҳи тузилган.

Ереван расман Тоғли-Қорабоғ республикасини тан олмайди, аммо тан олинмаган республиканинг бюджети ва армияси Арманистон билан яқин алоқада ҳисобланади.

2020 йил апрелида пандемия авж олган вақтда Қорабоғда президентлик сайловлари ўтказилди ва сайловларнинг иккинчи турида Араик Арутюнян 80 фоиз овоз олди.

Еврокомиссия сайлов натижалари Тоғли Қорабоғнинг якуний мақомига ёки музокаралар жараёни натижаларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини таъкидлаган, ЕИ бу сайловлар учун конституцион ва ҳуқуқий асосларни тан олмаслигини билдирганди.

Озарбойжон ҳам Тоғли Қорабоғдаги сайлов натижаларини тан олмаган.

Туркиянинг роли
Туркия Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбойжонни тўла қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар Арманистонни Тоғли Қорабоғдаги вазиятни кескинлаштиришда айблади ва Еревандан Озарбойжонга қарши «аргессияни тўхтатиш»ни талаб қилди.

«Озарбойжон ҳудудий яхлитлигини сақлаш учун курашда Туркия озар биродарлар томонида туради ва бор имкониятларини ишга солади», деган вазир твиттердаги саҳифасида.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған унинг мамлакати аввалгидек Озарбойжонни қўллаб-қувватлаши ҳақида маълум қилди.

«27 сентябрь куни Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилди. Туркия президенти Озарбойжон давлат раҳбарига ва халқига Арманистон ҳарбий провокацияси оқибатида Озарбойжон ҳарбий хизматчилари ва тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди», дея Алиевнинг матбуот хизматидан иқтибос келтирган РИА Новости.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян жаҳон ҳамжамиятидан Туркиянинг Қорабоғ ишига аралашувига йўл қўймасликни сўради.

«Биз Жанубий Кавказдаги катта уруш ёқасида турибмиз, бунинг оқибатида жуда аянчли ҳодисалар юз бериши мумкин. Уруш ҳудуд чегараларидан чиқиши ва кенг миқёсдаги ҳарбий ҳаракатларга айланиши ҳеч гап эмас. Жаҳон ҳамжамиятидан барча кучларни сафарбар этган ҳолда Туркиянинг мазкур можарога аралашмаслигини таъминлашни сўрайман», дея Арманистон ҳукумат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирган «ТАСС».

«Янги омил - бу йил Озарбойжон Туркия томонидан очиқ қўллаб-қувватланмоқда. Арманистон билан ҳарбий иттифоқчи бўлишига қарамай Россиянинг позицияси Озарбойжон билан қалин алоқалар туфайли ноаниқ», деб ҳисоблайди британиялик таҳлилчи, Москвадаги Карнеги марказининг катта илмий ходими Том де Ваал.

Унинг фикрича, ҳозирда зўравонлик тўхтатилиши учун ЕХҲТнинг Минск гуруҳи иштирокчилари Франция, АҚШ ва Россия қатъий ташаббус кўрсатиши талаб этилади.

Халқаро ҳамжамият реакцияси
Қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар рўй берган воқеалардан жиддий ташвиш билдириб, куч ишлатмасликка ва зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирмоқда.

Россия ташқи ишлар вазирлиги ўзининг расмий баёнотида томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва вазиятни барқарорлаштириш учун музокаралар бошлашга чақирган.

Унда Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг Арманистон ТИВ раҳбари Зограб Мнацаканян билан телефон орқали мулоқот қилиб, Тоғли Қорабоғдаги туташув чизиғида олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлардан жиддий ташвишда эканини билдирган.

Лавров Туркия ТИВ раҳбари Мавлуд Човушўғли билан ҳам Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилган. Икки вазир минтақада ўт очиш тўхтатилиши ва вазият барқарорлашиши кераклигини қайд этишган.

РФ ТИВ Лавров тез орада Озарбойжон ташқи ишлар вазири билан ҳам музокара ўтказишини хабар қилган.

Бу вақтда Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти (КХШТ/ОДКБ) матбуот котиби Владимир Зайнетдинов РИА Новости учун берган интервьюсида Тоғли Қорабоғда ўт очиш тўхтатилиши кераклиги ҳақида гапирди.

«Биз бу зиддият фақат тинч йўл билан ҳал қилиниши керак деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун халқаро тан олинган механизм - можарони ҳал қилиш устида ишловчи ЕХҲТнинг Минск гуруҳи мавжуд», деган у.

Тоғли Қорабоғдаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича ЕХҲТнинг Минск гуруҳи таркибидаги Франция ҳам томонларни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ва мулоқот бошлашга чақирган.

Франция ТИВ хабарига кўра, Франция Тоғли Қорабоғдаги кенг кўламли тўқнашувлардан ва бунинг оқибатида қурбонлар, жумладан, тинч фуқаролар орасида ҳалок бўлганлар борлигидан чуқур қайғуда эканини билдирган.

Европа кенгаши раиси Шарль Мишель твиттердаги саҳифасида Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, музокаралар бошлашга чақирган.

Европа кенгаши бош котиби Мария Пейчинович-Бурич ҳам томонларни тинчликка чақирган ва бу икки давлатни кенгашга аъзо бўлиб киришда олган мажбуриятларини - зиддиятни тинч йўл билан ҳал этиш мажбуриятини эслатган.

«Мен Европа кенгаши номидан икки аъзо давлатимизни инсонлар ҳаёти ҳимояси учун имкон доирасидаги барча ишни қилишга ва ҳарбий зиддиятга бормасликка чақираман. Вазият кескинлашишини тўхтатиш учун бор имкониятларни ишга солиш керак», деган Мария Пейчинович-Бурич.

Ватиканда якшанба ибодати вақтида Рим папаси Франциск Авлиё Пётр майдонига йиғилганларни биргаликда Кавказда тинчлик бўлиши учун дуо қилишга чақирган.

Мавзуга оид