Жаҳон | 10:29 / 06.10.2020
50194
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти баёнот билан чиқди

Қирғизистон президенти сиёсий партиялар раҳбарларини ўз тарафдорларини тинчлантиришга ва уларни йиғилган жойларидан олиб кетишга чақирди.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакатдаги сиёсий вазият тўғрисида баёнот берди. Мамлакатда парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган қирғизистонликлар намойишга чиқишган.

Қуйида президентнинг мурожаати таржима қилинган ҳолда келтирилади:

«Азиз ватандошлар! Кеча баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринишди.

Сайлов натижаларини баҳона қилиб, улар жамоат тартибини бузди. Улар шаҳар аҳолисининг тинч ҳаётини бузди.

Бу шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига бўйсунмади, шифокорларни калтаклади ва биноларга зарар етказди. Мен ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига бир нафар ҳам фуқаронинг ҳаётига хавф туғдирмаслик учун ўт очмаслик ёки қон тўкмаслик ҳақида буйруқ бердим. Ҳозирча вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўрдик.

Давлатдаги тинчлик, жамият барқарорлиги ҳар қандай депутатлик мандатидан ҳам қадрлидир. Мен Марказий сайлов комиссиясига қонун бузилишларини синчковлик билан текширишни ва агар керак бўлса, сайлов натижаларини бекор қилишни таклиф қилдим.

Мен сиёсий партиялар раҳбарларини ўз тарафдорларини тинчлантиришга ва уларни ўзлари йиғилган жойлардан олиб кетишга чақираман. Барча юртдошларимни тинчликни сақлашга ва провокацион кучларнинг чақириқларига берилмасликка чақираман. Мамлакатимиз тинчлиги ва жамиятимиз хавфсизлиги энг муҳим нарсадир. Мен барча кучларни мамлакат тақдирини сиёсий амбициялардан устун қўйишга ва ҳуқуқий майдонга қайтишга чақираман», - дейилади мурожаатда.

Қирғизистонда ўтказилган парламент сайловларида давомат 56,5 фоизни ташкил қилган ва у ўтказилган деб топилганди. Сайлов натижаларига кўра, фақат «Биримдик», «Мекеним Киргизстан», «Киргизстан» ва «Бутун Киргизстан» партиялари етарли овоз тўплай олган. Сайловда қатнашган 12 партиядан 11 таси натижаларни тан олмаган. Ҳукмрон «Биримдик» партияси эса қайта сайловлар ўтказишга рози бўлган.

Шундан сўнг, Қирғизистон пойтахти Бишкекда парламент сайлови натижаларидан норози бўлиб намойишга чиққанлар мамлакат парламенти биносига ҳужум уюштиришди.

Ўз навбатида, Жээнбеков матбуот котиби Толгонай Стамалиеванинг таъкидлашича, президент юзага келган вазиятни ҳисобга олиб, Марказий сайлов комиссиясига сайловларда йўл қўйилган қоидабузарликлар билан боғлиқ материалларни батафсил ўрганиб чиқишни ва лозим топса, сайловлар натижаларини бекор қилишни тавсия қилган.

Мавзуга оид