Боку ва Ереван Қорабоғда оташкесим тартиби тўғрисида келишиб олди
Озарбойжон ва Арманистон 10 октябрь куни соат 12:00дан бошлаб Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олди. Бу ҳақда Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Москвада Озарбойжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари Жайхун Байрамов ва Зограб Мнацаканян ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича оташкесим тўғрисида битим имзоланди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров воситачилигида уларнинг учрашуви ёпиқ шаклда бўлиб ўтди ва ўн соатдан кўпроқ давом этди. Учрашув шанба куни кечки соатларда якунига етди.
"Томонлар қуйидаги қадамлар тўғрисида келишиб олди:
1) Ҳарбий асирларни ва ушлаб турилган бошқа шахсларни ҳамда ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмаштириш ва Халқаро қизил хоч мезонларига мувофиқ гуманитар мақсадларда 2020 йил 10 октябрь соат 12:00дан бошлаб ўт очишни тўхтатиш эълон қилинади;
2) Оташкесим тартибининг ўзига хос параметрлари қўшимча равишда келишилади;
3) Озарбойжон Республикаси ва Арманистон Республикаси ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраислари воситачилигида, келишувнинг асосий тамойиллари асосида, иложи борича тезроқ тинч йўл билан келишувга эришиш мақсадида музокараларни бошлайди;
4) Томонлар музокара жараёни шаклининг ўзгармаслигини тасдиқлайдилар", - дейилади Сергей Лавров томонидан уч томонлама маслаҳатлашувлар натижалари бўйича ўқиб эшиттирилган баёнотда.
Тоғли Қорабоғдаги уруш 27 сентябрда бошланди. Озарбойжон ва Арманистон қўшинлари ўртасида жанглар фронтнинг бир нечта қисмида олиб борилмоқда. Дронлар, артиллерия, оғир техника ва ракета тизимларидан фойдаланилди. Фронтнинг иккала томонидан ҳам тинч аҳоли ўққа тутилди, ўнлаб одамлар ҳалок бўлди.
Мавзуга оид
16:16
Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари телефон орқали суҳбатлашди
10:44 / 14.12.2024
ГФРда ХДИ/ХСИнинг икки аъзоси Озарбойжонга пора эвазига ёрдам берганликда айбланмоқда
14:22 / 08.12.2024
Озарбойжонда мушкул вазиятда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди
09:23 / 05.12.2024