Жаҳон | 12:31 / 11.10.2020
16688
2 дақиқада ўқилади

Кит ва дельфинлар йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда

Дунёнинг 40та турли мамлакатидан бўлган 350 нафардан ортиқ олим ва табиат ҳимоячилари кит ва дельфинлар яшовчи сув ҳавзаларига иқлим ўзгаришлари ва инсон фаолияти таҳдид солаётгани сабабли уларни асрашга чақирувчи очиқ хатга имзо чекишди.

Шимол силлиқ кити кўпайиши кескин секинлашган / PA MEDIA

Олимларнинг сўзларига кўра, бу турдаги сут эмизувчилар яқин ўн йилликда йўқолиб кетиши мумкин.

Сабаб - денгиз ва океанларнинг инсон фаолияти натижасида ифлосланиши.

«Биз умид қиламизки, китларни ҳимоя қилишга қаратилган ушбу чақириқ барчани - бошқарувчилар, олимлар, сиёсатчилар ва жамиятни огоҳликка чорлайди ва океанларимиз асраб қолинади», дейди Бристол университети вакили Марк Симмондс.

Очиқ хатга бутун дунёдаги тадқиқотчилар имзо чекишган.

«Китларни қутқариш»

Дельфин ЖАР қирғоқлари яқинида сардиналарни ов қилмоқда / GETTY IMAGES

«Китларни қутқариш» шиори ўтган асрнинг етмишинчи ва саксонинчи йилларида кит овловчиларга қарши кураш кампанияси доирасида машҳур бўлган.

Ўшандан бери китлар популяцияси бир мунча тикланган, аммо ҳозирга келиб янги таҳдид пайдо бўлди, аниқ қилиб айтганда: океанлар ифлосланиши (пластик чиқиндилар туфайли), одатий сув ҳавзалари йўқолиши, иқлим ўзгаришлари, шунингдек савдо кемалари билан тўқнашувлар.

Балиқ овлаш саноати энг катта таҳдидга айланди - ҳар йили трауллар тўрига 300 минггача дельфин ва китлар тушиб қолади, натижада улар нафас ололмай, секин-аста нобуд бўлади. 

Улардан баъзилари омон қолса-да, жағ синиши ва бутун тана бўйлаб олинган жароҳатлар натижасида бутунлай ногирон бўлиб қолади.

Шимол силлиқ кити (eubalaena glaciali) алоҳида таҳдид остида - улардан атиги бир неча юзтаси қолган. 

Мактуб муаллифлари ушбу ҳайвонлар сонининг кескин камайиб кетишининг олдини олиш мумкинлигини таъкидлашган, аммо ушбу сут эмизувчиларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар сиёсатчилар томонидан қўллаб-қувватланмади. 

Олимлар очиқ хат денгиз сут эмизувчиларни қутқариш учун курашда ёрдам беради деб умид қилишмоқда.

Мавзуга оид